Жаҳон | 13:00 / 25.04.2024
9846
9 дақиқада ўқилади

Ғазода кучаяётган отишмалар, Украинага ажратилаётган ёрдам ва ўлимга ҳукм қилинган эронлик рэпер — кун дайжести

Дунёда содир бўлган воқеа ва ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг кундалик шарҳи билан таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Иcроил Ғазо секторида зарбаларни янада кучайтира бошлади ва эксклав шимолида қўшимча эвакуацияни ўтказишга буйруқ берди. ЦАҲАЛ кўчирилган маҳаллий аҳоли қайтиб келган кварталларга яна ҳужум қилишга қарор қилган.

Маҳаллий аҳоли сўнгги ҳафталар ичидаги энг кучли отишмалар ҳақида хабарлар беришмоқда. Шунингдек эксклавнинг шимолий ҳудудларини тарк этиш бўйича янги буйруқлар келаётганини айтишмоқда. Бу ҳудудлар Исроил расмий шахслари томонидан «жанговар ҳаракатлар хавфли зонаси», деб эълон қилинган.

Исроилнинг Ғазодаги агрессия қурбонлари сони 34 минг 262 нафарга етган. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, Урушнинг 201-кунига келиб, ярадор қилинганлар сони 77 минг 229 нафарни ташкил этмоқда.

Биргина сўнгги сутка ичида Исроил қўшинлари томонидан 6 та оммавий қирғин уюштирилган. Унда 79 киши ўлган ва 86 киши яраланган.

Украинага ёрдам

АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси ва Сенати томонидан Украинага ҳарбий ёрдам пакети ажратиш тўғрисидаги қонун қабул қилингач, унга президент Жо Байден имзо қўйди. Пентагон эса Украинага янги ёрдам пакетининг таркибини очиқлади.

Вашингтон Украинага Bradley пиёда жанговар машиналари, HIMARS учун ўқ-дорилар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари етказиб берилишини эълон қилди. Апрел ойи бошида АҚШ Киевга ATACMS ракеталарини яширинча етказиб берганди. Украина бу ракеталар билан Россия фойдаланаётган аэродромларга зарба берганди.

АҚШнинг Украинага зудлик билан ажратган 1 млрд долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетига, жумладан, HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимининг ўқ-дорилари, ҳаво мудофаа ракеталари, Stinger зенит ракеталари, танкка қарши қуроллар ва зирҳли машиналар киради. Пентагон веб-сайтида эълон қилинган рўйхатда шунингдек, 155 мм артиллерия снарядлари, 105 мм снарядлар ва 60 мм миномёт снарядлари, патронлар ва дронларга қарши ўқ-дорилар бор.

Бундан ташқари, миналарга чидамли зирҳли транспортлар (MRAP), тортиш ва жиҳозларни ташиш ҳамда логистика воситалари киради.

Шунингдек, TOW танкка қарши тизимлари учун ракеталар, Javelin танкка қарши кўчма комплекслари, AT4 танкка қарши граната отиш мосламалари, Claymore танкка ва пиёдаларга қарши миналар юборади.

Еврокомиссия ҳам Киевга Европа Иттифоқининг Украинага 50 млрд евролик янги қўллаб-қувватлаш механизми доирасида 2-траншни ажратди. Макромолиявий ёрдам 1,5 млрд еврога тенг.

«Украина барчамизнинг елкамиздаги оғир юкни кўтармоқда. Бу агрессорга қарши курашаётган Украина давлати ва хизматларини сақлаб қолиш учун жуда муҳим. Европа бирлашган куч бўлиб қолади», — деган Еврокомиссия раиси Урсула фон дер Ляйен.

Уруш қанча давом этади?

Россия Мудофаа вазирлиги Украинадаги уруш 2030 йилгача давом этишини прогноз қилди. Унга кўра уруш 2029-30 йилларгача давом этади ва НАТОнинг йўқ қилиниши билан тугайди, деган вазирликнинг ҳарбий-сиёсий ишлар бўйича бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Апти Алаудинов.

«2029-30 йилгача бизга оғир бўлади, катта ҳажмдаги ишларни амалга оширишимизга тўғри келади. Лекин ишонтириб айтаманки, махсус ҳарбий операция натижасида НАТО блоки бугунги кўринишда бўлмайди», — деган у «Россия 1» телеканали эфирида.

Унинг сўзларига кўра, айни пайтда АҚШга ишониб юрган мамлакатлар Россияга қўшилишни истаб қолишади.

«Бугунги кунда Американинг ортидан лайчадек эргашиб юрган давлатларнинг кўпчилиги ўзлари тиз чўкиб, Россияга қасамёд қилишади ва бизнинг коалициямизга қўшиб олишимизни сўрашади», — деган у.

Алаудинов Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг яқин дўсти ва «Ахмат» махсус қўшинлари қўмондони ҳам ҳисобланади.

Урушдан қочаётганлар

Британия разведкаси маълумотларига кўра, рекорд сондаги россияликлар Ғарб давлатларидан бошпана сўрашган. Улар Украинадаги урушга жўнатилишдан ўзларини шу йўл билан сақлаб қолишга уринишмоқда.

«Медиазона» маълумотларига кўра Россияда март ойининг ўзида ҳарбий қисмни ўзбошимчалик билан ташлаб кетиш бўйича 684 та ҳукм ўқилган. Февралда ҳам ҳукмлар сони 700 дан ошган эди.

Уруш бошланганидан буён Германияда 4431 нафар россиялик бошпана беришни сўраб ариза ёзган. Уларнинг катта қисми виза олган давлатларига қайтариб жўнатилган. Германиянинг ўзи эса 159 нафар россияликка бошпана берган ва 412 та аризани қайтарган.

18–60 ёш оралиғидаги украиналик эркакларга эса хорижда паспорт олиш тақиқлаб қўйилди. Энди Украина фуқаролик паспорти ёки хорижга чиқиш паспортини фақат ҳудудий органда ёки ҳудудий миграцион хизмат бўлинмасида олиш мумкин бўлади.

Украинанинг ҳам кўплаб фуқаролари европа давлатларида урушдан қочиб жон сақлашмоқда. Энди улар ҳужжат алмаштириш учун Украинага келишга мажбур бўлишади.

Telegram’да украинлар учун чеклов

Telegram мессенжери Apple талабига кўра, украиналикларнинг Россия янгиликлар ва пропаганда каналларига уланишини чеклайди. Бу Украина телефон рақамлари билан очилган аккаунтларга тегишли бўлади, деган мессенжер раҳбари Павел Дуров.

Тақиқ фақат Apple қурилмаларидан фойдаланаётганлар учун тегишли бўлади. Android операцион тизими ўрнатилган гаджетларга жорий этилмайди.

2022 йилнинг февралида Россия Украинага бостириб кирганда ҳам Дуров пропаганданинг олдини олиш учун ҳар икки мамлакатдаги Телеграм каналларга уланишни чеклашни таклиф қилган, бироқ фойдаланувчилар бунга қарши чиқишганди.

Telegram аввалгидек зарба бериш учун координаталар тўпловчи ва шахсий маълумотларни ошкор этиб, зўравонликка чақирувчи аккаунтлар ҳамда ботларни блоклашда давом этади. «Telegram ҳеч қачон зўравонлик учун восита бўлмаслиги»ни таъкидлаган Дуров бундай канал ва ботлар ҳақида қўллаб-қувватлаш хизматига маълум қилишни сўраган.

АҚШда TikTok блокланиши мумкин

АҚШ президенти Жо Байден Хитойнинг TikTok ижтимоий тармоғига эгалик қилувчи Хитойнинг ByteDance компаниясига Америкадаги бизнесини 9 ой ичида сотиш мажбуриятини юкловчи қонун лойиҳасини имзолади. Акс ҳолда ижтимоий тармоқ блокланади.

Қонун TikTok платформаси америкалик фойдаланувчилар маълумотларини Хитой ҳукуматига топшириши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар туфайли қабул қилинган.

ByteDance ушбу «ноконституциявий» қонунга суд орқали эътироз билдиришни режалаштираётганини маълум қилди. Баёнотда айтилишича, ByteDance АҚШ фойдаланувчилари маълумотлари хавфсизлигини таъминлаш ва платформани ташқи таъсир ва манипуляциядан ҳимоя қилиш учун «миллиардлаб доллар» сарфлаган. Шунингдек, TikTok’ни тақиқлаш 7 млн корхонанинг ёпилишига ва 170 млн америкаликнинг «овози ўчирилиши»га олиб келиши таъкидланган.

2022 йил декабрида, Жо Байден президентлиги даврида АҚШ Сенати Хитой ҳукуматига маълумотларни узатишдан чўчиб, ҳукумат ходимларига федерал ҳукумат электрон қурилмаларида TikTok ижтимоий тармоғидан фойдаланишни тақиқлаган эди.

Ўлимга ҳукм қилинган рэпер

Эронда рэпер Тумож Солиҳий ҳукуматга қарши намойишларни қўллаб-қувватлагани учун «ер юзида фасодни тарқатишда» айбдор деб топилиб, ўлим жазосига ҳукм қилинди.

33 ёшли мусиқачи 2022 йил октябр ойида намойишчиларни қўллаб-қувватлаган, шу жумладан, бу ҳақда қўшиқлар ёзиб, омма олдида чиқиш қилганида ҳибсга олинган.

Рэпер 2023 йилда ҳам ўлимга ҳукм қилинган, аммо Эрон Олий суди қарорига кўра, жазо 6 йил-у 3 ой қамоқ билан алмаштирилган эди.

24 апрел куни рэпернинг адвокати Амир Раисиён Олий суд қарорига қарамай, Исфаҳон шаҳри суди рэперни ўлим жазосига ҳукм қилганини айтди. У ҳали қонуний кучга кирмаган ҳукм устидан шикоят қилишга ваъда берди.

Эслатиб ўтамиз, Эронда оммавий норозилик ва тартибсизликлар 2022 йил сентябрида рўмолни «нотўғри ўрагани» учун ахлоқ полицияси томонидан ҳибсга олинган 22 ёшли Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланган. Намойишлар бир неча ой давом этди, тўқнашувларда юзлаб одамлар ҳалок бўлди. Кўплаб намойишчилар ҳибсга олинди ва қатл этилди.

Мавзуга оид