Жаҳон | 13:00 / 31.10.2024
5667
8 дақиқада ўқилади

Қамалда қолаётган ғазоликлар, АҚШнинг Исроилга ёрдами ва фронтда бой бераётган Украина — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазо секторининг шимолий қисмидаги кўчалар ва гузарларда бир ойдан буён Исроил армиясининг ҳудудга бераётган зарбалари туфайли ўлган фаластинликларнинг мурдасининг ҳиди чиқа бошлади.

5 октябр куни рўй берган ёпирилма авиазарбалардан сўнг Исроил армияси эртасига ер устидан бостириб киришни бошлаган.

Ерусти ва ҳаводан берилаётган зарбалардан ташқари, Исроил ҳудудни қамал қилган ҳамда аҳолини озиқ-овқат ва тоза ичимлик сувдан мосуво қилган.

Исроил армияси Ғазонинг шимолий қисмидаги кўчалар ва гузарларни мурдалар билан қоришган вайроналарга айлантирган. Бир пайтлар ҳаёт қайнаган мавзелар ер билан битта қилиб текисланган ва бирор ҳаёт аломати қолмаган.

Исроил ҳужумларидан яраланган ва даволана олмаётган фаластинликлардан бири шундай ҳикоя қилади:

«Биз 20 куни овқатсиз ва сувсиз кун кечирдик. Исроил аскарлари ташқаридан ёрдам олишга тўсқинлик қилишди. Ҳар куни тунда рўй берадиган портлашлар оқибатида ухлай ҳам олмасдик».

Байт лаҳиялик турғун ҳам бир неча кун оч қолгани, интернет йўқлиги сабаб ҳеч кимдан ёрдам сўролмаганини ҳикоя қилади.

«Вайронгарчиликлар шу даражада эдики, биз ўз уйларимизни таний олмай қолдик. Ўлганларни кўмишга ҳам шароит йўқ. Маййитларни шундоқ кўча ёқасига ётқизиб қўйишган», дейди у.

2023 йилнинг 7 октябрида Ғазода юз бераётган қирғинбарот уруш қурбонлари 43 минг 163 кишига етган. Ярадорлар сони 101 минг 510 нафар. Сўнгги сутка ичида Ғазонинг турли қисмларида 102 киши ўлдирилган. 287 киши яраланган.

Ливанда оташкесим эҳтимоли

Ливан бош вазири Нажиб Мийқотий Ливаннинг Al-Jadid телеканалига берган интервюсида яқин соатлар ёки кунлар ичида Исроил билан ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишувга эришиш мумкинлиги ҳақида гапирди.

У АҚШ президентининг ёрдамчиси, Давлат департаментининг энергетик хавфсизлик бўйича катта маслаҳатчиси Эймос Ҳокстин билан телефон орқали суҳбати чоғида шундай хулосага келган.

«Бу телефон мулоқотигача ўт очишни тўхтатиш 5 ноябрдан аввал рўй бермайди, дея кутаётган эдим», деган у.

Мийқотийнинг қайд этишича, Ҳокстин ўзининг Байрутга сўнгги ташрифи чоғида Ливан парламенти спикери Набиҳ Баррига «махфий» таклиф берган. Унга кўра, Литани дарёсидан жанубда Ливан армиясидан бўлак ҳеч қандай қуролланган гуруҳлар бўлмаслиги керак ва «Ҳизбуллоҳ» бу ҳудудни тарк этиши керак.

АҚШнинг Исроилга ёрдами

Исроилнинг ҳужумларини қўллаб-қувватлаш ва АҚШнинг Яқин Шарқдаги иштирокини мустаҳкамлаш учун миллиардлаб доллар сарфланмоқда. Хусусан, АҚШ 2023 йилнинг 7 октябридан буён Исроилга 17,9 млрд долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатган.

Бу ҳақда «2023 йилнинг 7 октябридан 2024 йилнинг 30 сентябригача Исроилнинг ҳарбий операциялари ва у билан боғлиқ АҚШ операциялари харажатлари» докладида сўз боради. Доклад Браун университети қошидаги халқаро ва жамоатчилик муносабатлари бўйича Уотсон институти томонидан тайёрланган.

Кўрсатиб ўтилган даврда АҚШ Исроилга хорижий ҳарбий молиялаштириш доирасида 6,8 млрд доллар, «Темир гумбаз» дохил ракета ҳужумидан мудофаа тизимини яратиш ва янгилаш учун 5,7 млрд доллар, оғир қурол-яроғларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун 1 млрд доллар, Тел-Авивга илгари берилган Америка қурол-яроғларини модернизация қилиш учун 4,4 млрд доллар маблағ тақдим этган.

Институт ходимлари 2024 йилнинг 13 августида Жо Байден маъмурияти Исроилга яна 20 млрд долларлик қурол-яроғлар берилишини маъқуллагани эслатилади.

АҚШнинг янги санкция тўлқини

Америка Қўшма Штатлари учинчи давлатлар орқали Россия ҳарбий техникаси учун бутловчи қисмлар экспортига қарши курашмоқчи.

Қўшма Штатлар Россия Федерациясига Украинага қарши курашда ёрдам бераётган бир қанча давлатларнинг 400 га яқин шахс ва компанияларига қарши санкциялар жорий қилди. Улар биринчи навбатда микрочиплар ва илғор электроника етказиб бериш билан шуғулланган, деб хабар берди Bloomberg.

Мақсадлар рўйхатига Хитой, Ҳиндистон ва Туркия компаниялари кирди, улар ҳарбий техника учун муҳим қисмларни жўнатишда айбланган.

Бундан ташқари, АҚШ Россия президенти Владимир Путиннинг амакиваччасининг қизи Анна Цивилевага нисбатан санкциялар жорий этилди. 2024 йилда у Россия мудофаа вазирининг ўринбосари этиб тайинланди.

Ҳиндистоннинг Shreya Life Sciences фармацевтика компанияси Россияга Америка савдо белгилари билан ҳимояланган катта ҳажмдаги технологияни жўнатганликда айбланмоқда. Буларга сунъий интеллект ва машинани ўрганиш учун мўлжалланган илғор серверлар киради.

«Биз Россиянинг ўз жанговар машинасини жиҳозлаш қобилиятини камайтириш ва заифлаштириш, шунингдек, санкцияларимиз ва экспорт назоратимизни четлаб ўтиш ёки четлаб ўтиш орқали уларнинг саъй-ҳаракатларига ёрдам беришга интилаётганларни тўхтатишга қатъий бел боғлаганмиз», деган АҚШ молия вазири ўринбосари Уолли Адейемо.

АҚШ ва иттифоқчилари 2022 йилда Украинага босқинидан сўнг Россияга қарши минглаб санкциялар киритган. Шунга қарамай, Россия ялпи ички маҳсулоти жорий йил охиригача 3,5-4 фоизга ўсиши мумкин.

Фронтда бой бераётган Украина

Украиналик генерал Дмитро Марченкога кўра, Донецк областида фронтдаги вазият ўқ-дорилар, қурол-яроғ ва одамлар етишмаслиги, шунингдек, «бошқарувнинг номутаносиблиги» туфайли мураккаблашган.

Украина қуролли кучлари Селидове шаҳрини деярли эгаллаб олган рус қўшинлари олдинга силжиши фонида Донецк областида ўз позицияларини йўқотишда давом этмоқда.

«Барчамиз биламиз, агар фронтимиз парчаланиб кетяпти, десам, ҳарбий сирни ошкор этмаган бўламан. Афсуски, россияликлар аллақачон Селидовега кириб борган. Ўйлайманки, яқин келажакда улар уни ўраб олишади ва бу уларга Покровскка тактик кириш имконини беради», — деган Марченко.

У фронтдаги бу ҳолатнинг учта сабабини айтиб ўтди: «Биринчидан, ўқ-дорилар, қурол-яроғлар етишмайди. Иккинчидан, одамлар йўқ, қўшимча кучлар йўқ. Одамлар жуда чарчаган, улар фронтда позицияларини ушлаб тура олмаяпти. Учинчидан, бу бошқарувдаги номутаносиблик». «Ҳозир бўлаётган нарса бўйича мен айтмоқчиманки, бундай бўлмаслиги керак», — дея хулоса қилди Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошидан 2022 йил 6 апрелгача Миколайив шаҳри мудофаасига муваффақиятли раҳбарлик қилган генерал-майор.

Бу орада Россия қўшинлари Донецк области Покровск районидаги Горняк шаҳрини ҳам ўз назоратга олган.

Очиқ фотосуратлар ва видеолардан руслар Селидове, Богоявленка, Новоукраинка аҳоли пунктларида, шунингдек, Шахтарске ва Новоалексеевка яқинида ҳам олдинга силжишгани кўринмоқда.

Испаниядаги ҳалокатли сув тошқинлари

Испанияда рўй берган ҳалокатли сув тошқинлари сўнгги 28 йил ичидаги энг йирик табиий офат бўлгани таъкидланмоқда. Икки кун тинмай ёғган ёмғирлар туфайли мамлакатнинг жануби ва шарқида юз берган сув тошқинлари қурбонлари сони 95 кишига етган.

Оператив координация марказининг маълумотларига кўра, 92 киши Валенсияда, икки киши Кастилия-Ла-Манча автоном ҳамжамиятида ва бир киши Малагада ҳалок бўлган.

Валенсия автоном ҳамжамиятида яна ўнлаб кишилар бедарак йўқолган ҳисобланади. Табиий офат рўй берган ҳудудда қидирув-қутқарув ишлари давом эттирилмоқда.

1,2 минг одам ва 5 мингдан зиёд автомобиллар йўлларда тирбандликда туриб қолишган.

Валенсия аэропорти ҳам учиш-қўниш йўлагини сув босгани учун вақтинчалик иш фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлди. Бу эса кўплаб рейсларнинг бекор бўлиши ҳамда бошқа аэропортларга йўналтирилишига сабаб бўлди.

Ҳукумат айрим жойларда 1 квадрат метр юзага ярим тонна ёмғир ёғганини хабар қилишган. Бу сув тошқини сўнгги 28 йил ичида Испанияда юз берган энг йирик табиий офат бўлгани ҳам қайд этилмоқда.

Мавзуга оид