Иқтисодиёт | 20:26 / 03.05.2024
4846
2 дақиқада ўқилади

ОПEК жамғармаси Ўзбекистон билан 500 млн долларлик шартнома имзолади

Маблағлар мактабгача таълим муассасалари қуриш, сув таъминоти ва канализацияни яхшилашга сарфланади. 

Фото: Reuters

ОПEК Халқаро тараққиёт жамғармаси (ОПEК жамғармаси) Ўзбекистон билан 2024-2029 йилларга мўлжалланган шериклик тўғрисидаги шартнома имзолади ва мамлакатнинг барқарор ривожланиш дастурини қўллаб-қувватлаш учун 500 миллион долларлик янги молиялаштиришни тақдим этади. 

Жумладан, ОПEК жамғармаси Ўзбекистоннинг мактабгача таълим бўйича лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 20 миллион АҚШ доллари миқдорида янги кредит ажратади. Бунда мамлакат бўйлаб 30 мингга яқин болалар учун 200 та мактабгача таълим муассасаси ташкил этади. Лойиҳа Ислом тараққиёт банки ва хусусий ҳомийлар томонидан биргаликда молиялаштирилади. Ҳукуматнинг мақсади 2030 йилгача мактабгача таълимни умумий қамраб олишга эришишдир. 

ОПЕК жамғармаси президенти Абдулҳамид Ал-Халифа бошчилигидаги делегация Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиб, президент Шавкат Мирзиёев, бош вазир ўринбосари, Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров, Савдо ва инвестициялар вазири ўринбосари Жамшид Хўжаев, Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов билан учрашди. 

ОПEК жамғармаси делегацияси Самарқанд вилояти Қўшробод туманидаги сув таъминоти ва канализация бўйича ОПEК жамғармаси лойиҳаси объектига ташриф буюриши кутилмоқда. 37 миллион долларлик лойиҳа маҳаллий сув инфратузилмасини қуриш ва янгилаш орқали тахминан 70 минг кишининг саломатлиги ва турмуш шароитини яхшилайди. 

Бугунги кунга қадар ОПEК жамғармаси Ўзбекистондаги 30 га яқин давлат ва хусусий сектор лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун қарийб 760 миллион доллар кредит ажратган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш