Жаҳон | 09:40 / 04.05.2024
4399
2 дақиқада ўқилади

Хитой Ойнинг тескари томонига учувчисиз зондни учирди

Хитойнинг «Чанэ-6» зонди биринчи марта Ойнинг қоронғи томонидан тупроқ намуналарини йиғиш ва уларни Ерга етказиш учун мўлжалланган. Миссия 53 кун давом этади.

Фото: HECTOR RETAMAL/AFP

Хитой Ойнинг тескари томонини ўрганиш бўйича навбатдаги миссияни бошлади. «Чанэ-6» Ой зондига ракета-ташувчи 3 май, жума куни Хитой жанубидаги Хайнан оролидаги Вэнчан космодромидан учирилди. Зонд биринчи бўлиб Ойнинг қоронғи томонидан тупроқ намуналарини йиғади ва уларни Ерга етказади.

Миссия 53 кунга мўлжалланган. Хитой мифологиясида Ой маъбудаси номи билан аталган «Чанэ-6» зонди энг катта маълум бўлган Ой кратери – Жанубий қутб ҳавзаси - Эйткенга қўниши, икки килограмм тупроқ намуналарини йиғиши ва бир қатор бошқа тажрибалар ўтказиши режалаштирилган. 

Олинган намуналарни Ерга етказиш учун зонд Ой юзасидан кўтарилиши керак бўлади. Миссиянинг қийинлиги шундаки, Ойнинг тескари томони ҳеч қачон Ердан кўринмайди ва у билан тўғридан тўғри радио-алоқа ўрнатиш мумкин эмас.

2019 йилда Хитой биринчи марта «Чанэ-4» зондини Ойнинг қоронғи томонига муваффақиятли юборди. 

2020 йилда «Чанэ-5» миссияси билан Хитой Ойнинг кўринадиган томонидан тошларни йиғиб, уларни Ерга қайтарган АҚШ ва Совет Иттифоқидан кейин учинчи давлат бўлди.

2030 йилга бориб Хитой Ернинг табиий сунъий йўлдошига бошқариладиган парвозни амалга оширишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид