Россия раҳбари Владимир Путин «қадрдон дўсти» Си Жинпингнинг меҳмони бўлди. У навбатдаги президентликка киришганидан кейин ўзгарган ҳукуматидаги деярли барча асосий амалдорлар билан бирга ташриф буюрган.

Путин ва Си Жинпинг пайшанба тонгида музокаралар ўтказди, бу икки ярим соат давом этди. Ундан олдинроқ Пекиндаги Халқ мажлислари майдонида муҳташам кутиб олиш маросими бўлиб ўтганди. Раҳбарлар замбараклардан баравар ўт очиб қарши олинганди.

Россия ва Хитой муносабатлари «йирик державалар ўртасида муносабатлар учун эталонга айланди», деган музокараларда Си Жинпин, Путин эса Москва ва Пекиннинг ҳамкорлиги — халқаро майдондаги асосий барқарорлаштирувчи омиллардан бири эканини айтган. Музокаралардан кейин улар «Ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида»ги баёнотни имзолашди. Бу нимани англатади?

Делегация Россия иқтисодиёти ва ҳарбий машинаси Ғарбнинг савдо ва молиявий санкциялари туфайли кундан кунга тобора кучлироқ қарам бўлиб бораётган Хитой билан Кремлнинг алоқаларини мустаҳкамлашни кўзлаган.

Икки кунлик ташриф Россиянинг Украинага босқинидан кейин дунёнинг ривожланган мамлакатларида назардан қолган Путин учун ҳам тасалли бўлади. Хитой дунёда россияликлар етакчиси учун Украинадаги ҳарбий жиноятларга оид айбловлар туфайли ҳибсга олиш учун ордер эмас, илиқ қабул кафолатланган ягона йирик давлатдир.

Си Жинпинг Путинни «қадрдон дўст» деб атайди, қўшни мамлакатга босқин учун танқид қилмаган ва унинг дунёдаги Ғарб гегемонлигидан норозилигига қўшилади. Си Путин билан аллақачон 40 мартадан ортиқ учрашган — бу дунёдаги бошқа етакчилардан исталган бири билан учрашувлар сонидан икки баробар кўп ҳисобланади.

Украинага босқин арафасида ҳам Путин навбатдаги марта Пекинда меҳмон бўлганди ва ўшанда улар Си билан «чегарасиз дўстлик ва истисно зоналарсиз ҳамкорлик» тўғрисидаги баёнотни имзолаб, бу «учинчи мамлакатларга қарши қаратилмагани»ни айтишганди.

Икки йил ўтди ва АҚШ Хитойга айнан шу борада эътироз билдирмоқда — уни Кремлга Украинани эгаллашда ва ғарб санкцияларини четлаб ўтишда ёрдам беришда айбламоқда. Эндиликда Хитой банклари ҳам Америка санкциялари таҳдиди остида қолган ва улар россияликларнинг тўловларига эҳтиёткорона ёндаша бошлаган.

Натижада сўнгги икки ойда Хитойнинг Россияга экспорти ҳажми қисқарди, ҳолбуки шу вақтга қадар савдо мунтазам равишда ўсиб, ўтган йили рекорд даражадаги 240 млрд долларга етганди.