Дастурчилар Илҳом Қодиров ва Абзалхўжа Иброҳимовлар ўзбекча руҳдаги “Шумтака” ўйинини ишлаб чиқди. “Ўзимиз дастурчи бўлганимиз учун уни ишлаб чиқишга деярли пул сарфламадик”, дейди ғоя муаллифлари. “Шумтака”да нон, ош, чойнак, қовун, тарвуз, узумзор каби атрибутлардан фойданилган. Қаҳрамон эса миллий кийинтирилган. Дастурчилар Kun.uz’га берган интервюсида “Шумтака”нинг пайдо бўлиши ҳақида гапириб берди.

Илҳом Қодиров:

— 29 ёшдаман, IT park университети 2 курс талабасиман. “Шумтака” ўйинини Афзалхўжа билан ишлаб чиққанмиз. Ўйинни миллий руҳда қилишга ҳаракат қилдик, “Subway Surface”дан илҳомланиб ясаганмиз ўйинни. Фарқи шундаки, 4 қаторли майдонда югуриб кетади, йўлидан чойнак, қовун, тарвуз, узумзорлардан ўтиб узоқроқ масофага бориш керак бўлади.

Афзалхўжа Иброҳимов:

— 24 ёшдаман, 2022 йилда Тошкент Техника университетини битирганман. Ҳозирги кунда биз ўйин ясаш билан шуғулланамиз. “Шумтака” ўйинига миллий руҳ бериш учун пахта, нон кабиларни қўйганмиз, тангачалар йиғиш ўрнига пахта билан нон йиғади ва шунинг ҳисобига баллга эга бўлади. Югуриб кетаётганда турли тўсиқлар чиқади, ғўлалар, узумзор чиқади, сакраб ёки айланиб ўтилади. Тарвуз-қовунлар ҳам чиқади, бу ҳам миллий руҳ беради.

Илҳом Қодиров:

— Миллий бўлгани учун хаёлга биринчи шу нарсалар келди ва пахта, нон танланди. Бизда бозор катта эмас, ўйин ясаш қийин деб ўйлашади, Ўзбекистон бозорида кўпроқ веб-дастурлашга эътибор қаратишган, ўқув курсларда хам кўпинча шу ўргатилади. Шу сабаб биз ўйин йўналишидан боришга қарор қилдик. Бу нарса хам осонлигини кўрсатмоқчи бўлдик, шу билан бирга ўзимизга тажриба бўлди.

Ўйин ясашда Unity engine'дан фойдаландик, бу махсус ўйинлар ишлаб чиқарувчи дастур ҳисобланади.

Афзалхўжа Иброҳимов:

— Мен дастурий таъминотини қилганман, қолган ишларига ҳам қўлдан келганча қарашганман. Unity engine'да ишлаш учун c-sharp дастурлаш тилини билиш керак. Unity engine дастурий таъминотидан фойдаланиб ўйинлар ясалади, интерфейсини, қаерда қандай ишлатишни билса, унинг ичида ўйин яратиш учун керакли воситалар бор. Ўшалардан фойдаланиб кодинг қисми ёзилади. Фақат Unity engine эмас, Unreal engine ҳам бор, унда асосан катта ўйинлар қилинади PUBG каби. Unity engine'га ҳеч қандай пул тўланмайди, фақат ўйиндан олинган даромад йилига 100 минг доллардан ошса, уларга дастурий таъминот учун пул тўланади.