21:06 / 21.05.2024
17874

Исломий республика: Эрон сиёсий тизими қандай ишлайди?

Эронда бошқарувнинг республика шакли ўрнатилган, ҳокимият қисман ва расман халқнинг иродасига боғланган, энг муҳим қарорларни эса руҳонийлар кенгаши томонидан сайланадиган оятуллоҳ қабул қилади. Президентликка номзодлар ҳам олий раҳнамо тасдиғидан ўтиши керак.

28 июн куни – навбатдан ташқари сайлов.

Kun.uz студиясидан жонли эфирда сиёсий таҳлилчилар Шоислом Акмалов ва Камолиддин Раббимов Эрон сиёсий тизимининг ўзига хосликлари ва президент алмашинуви мамлакат ташқи сиёсатида қандай акс-садо бериши мумкинлиги ҳақида сўз юритди.

Марҳум президент Раисий 2017 йилда илк бор Оятуллоҳ тасдиғидан ўтиб, сайловда номзод бўлганига қадар халқ ичида таниқли сиёсатчилардан эмас эди. Ўша йили у Ҳасан Руҳонийга ютқизган. Бироқ, 2021 йилда Раисийнинг қўли баланд келиб, сайловда ғолиб бўлган эди.

Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонасида фаолият юритган сиёсатшунос Шоислом Акмаловнинг фикрича, Иброҳим Раисий ижро ҳокимиятига 3 йил раҳбарлик қилган бўлса-да, ўзидан жиддий из қолдирди. Хусусан, давлатни эгаллаган 2022 йилдаги норозиликларни бостириш ва ҳал этиш, ШҲТ, БРИКСга аъзолик, ИҲТ доирасидаги сиёсий фаоллик айнан Раисий даврига тўғри келади.

Таҳлилчининг сўзларига кўра, унинг ҳалок бўлиши билан боғлиқ версияларнинг ҳаммаси – вақтинча. Асосий сабаб махсус комиссия тузилиб, воқеа ўрганилганидан кейин аён бўлади. Бундан ташқари, айнан президент бўлган вертолётнинг аварияга учраши, алоқанинг бутунлай узилиши, биринчи рақамли бортдаги техник носозлик – жуда шубҳали.

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг фикрича, Эронда президент асосий сиёсий фигура эмас. Давлатнинг олий ваколатлари уламолар кенгаши сайлайдиган оятуллоҳ – олий раҳбар қўлида. Демак, ташқи кучларнинг Раисийга суиқасд қилиш эҳтимоли жуда кам. Яъни Раисий ижроия органи раҳбари экан, уни йўқ қилиш мотиви ташқи кучларга катта ижобий натижаларни бермайди. Чунки давлат даражасидаги ҳуқуқлар олий раҳбарда.

Раббимов бугунга қадар 200 дан ортиқ ҳолатда давлат раҳбарлари бўлган бортлар авиаҳалокатини ёдга олиб, ҳозирча асосий версия бахтсиз ҳодиса эканини урғулади.

Раисий ҳалок бўлди, унинг ўрнига ким танланиши мумкин? Навбатдан ташқари сайлов 28 июнга белгиланган. Номзодларни рўйхатга олиш май ойининг охиридан бошланади. Ўша номзодлар ичидан эса Хоминаий асосийларини танлаб беради. Акмаловнинг фикрича, катта эҳтимол билан оятуллоҳнинг ўғли ҳам номзодлар рўйхатида бўлади.

Ўзбекистон билан алоқаларга келсак, сиёсий мулоқотнинг жадаллашишида Раисийнинг ўрни юқори. Лекин президент, албатта, оятуллоҳ билан маслаҳатлашмай қадам ташламаган. Демак, расмий Тошкент ва Теҳрон яқинлашув йўлидан давом этса керак, дея қўшимча қилди Шоислом Акмалов.

Ўзбекистоннинг сратегик мақсадлари ва денгизга чиқишдек узоқ йиллик режалари доим актуал экан, Эрон бу йўлда асосий ролни ўйновчи давлатлардан бири бўлиб қолаверади.

Мавзу
Иброҳим Раисийнинг ҳалокати
19 май куни вертолёт ҳалокати оқибатида Эрон президенти Иброҳим Раисий вафот этди. У 2021 йилда давлат раҳбари лавозимига сайланганди.
Барчаси
Top