07:55 / 23.05.2024
4266

Фридман Люксембургдан қарийб 16 млрд доллар талаб қилмоқда

Россиялик миллиардер Михаил Фридман Люксембург расмийларидан талаб қилаётган 15,8 миллиард доллар Европа Иттифоқи санкциялари доирасида ундан тортиб олинган активларнинг тахминий қийматидир.

Фото: Олег Яковлев / РБК / ТАСС

Россиялик миллиардер ва «Альфа-Групп» эгаларидан бири Михаил Фридман Люксембург ҳукуматига Европа Иттифоқи санкциялари доирасида унинг активларини мусодара қилгани учун 15,8 миллиард доллар товон тўлаш бўйича музокараларни бошлашни таклиф қилди. Бу ҳақда 22 май, чоршанба куни икки манбага таяниб, «Ведомости» газетаси хабар берди. Уларнинг сўзларига кўра, Фридман томонидан кўрсатилган сумма музлатилган активлар қийматининг тахминий баҳосидир: санкциялар туфайли россиялик тадбиркор Европа Иттифоқи экспертлари хизматларидан фойдалана олмайди, унинг Люксембургдаги компанияларига эса у билан молиявий маълумотларни билан бўлишиш тақиқланади.

Фридман активларни музлатишни ноқонуний деб ҳисоблайди 

Фридманнинг фикрича, Люксембург активларини музлатиб, СССР (ва унинг ҳуқуқий вориси сифатида Россия) билан тузилган инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш тўғрисидаги 1989 йилги шартномани бузган. «Ведомости» манбаларининг аниқлик киритишича, россиялик тадбиркор феврал ойида Люксембург расмийларига таклиф юборган, бироқ ҳозирча жавоб олмаган. Агар у товон тўлашдан бош тортса, Фридман БМТнинг Халқаро савдо ҳуқуқи бўйича комиссиясига ёки Стокҳолм арбитраж судига мурожаат қилмоқчи. 

Мазкур ҳужжатга кўра, бир томон инвесторларининг бошқа давлат ҳудудидаги сармоялари экспроприация қилиниши мумкин эмас, қарор давлат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинган ва камситувчи бўлмаган ҳоллар бундан мустасно. 

ЕИ суди Фридманга нисбатан санкцияларни қисман бекор қилди

Европа Иттифоқи «Альфа-Групп» концернининг эгалари Михаил Фридман ва Пётр Авенга мамлакат маъмурияти билан «кучли алоқалари» учун шахсий санкциялар киритди. 2024 йил апрелида Фридман ва Авен ЕИ судида уларга нисбатан жорий қилинган дастлабки санкцияларга қарши чиқишга муваффақ бўлишди. Суд ҳужжатида айтилишича, Фридман ва Авен Украинанинг ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва мустақиллигига таҳдид солувчи ҳаракатларни қўллаб-қувватлаганликлари ҳақида ҳеч қандай далил йўқ.

Шу билан бирга, Авен ва Фридманга нисбатан санкциялар амал қилмоқда. суд фақат 2022 йил 28 февралдан 2023 йил 15 мартгача бўлган даврда уларга нисбатан чеклов чораларини бекор қилди.

Top