Жаҳон | 08:45 / 24.05.2024
5015
2 дақиқада ўқилади

Москвада «ФСИН» бош бошқармаси раҳбари ўринбосари ушланди

Подполковник Владимир Талаев Федерал жазони ижро этиш хизматининг Москва вилояти бўйича бош бошқармаси моддий-техник таъминоти бўлимини бошқарган. У катта миқдорда пора олганликда айбланмоқда.

Фото: AP

Москванинг Твер туман суди Федерал жазони ижро этиш хизмати («ФСИН») Москва вилояти бўйича бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Владимир Талаевни ҳибсга олди. Бу ҳақда 23 май, пайшанба куни Москва умумий юрисдикция судлари матбуот хизмати хабар берди. Матбуот хизматининг таъкидлашича, подполковник Талаев ўта катта миқдорда пора олганликда айбланмоқда (Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 290-моддаси 5-қисми). У 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Суд терговчининг илтимосини қаноатлантириб, Федерал жазони ижро этиш хизмати раҳбари ўринбосарини 1 ой 29 кунга, 20 июлга қадар ҳибсга олди.

Тергов маълумотларига кўра, Талаев олдиндан келишувга кўра балиқларни улгуржи етказиб беришга ихтисослашган «РЗН ФУД» компанияси манфаатларини кўзлаб ишлаётган воситачидан пул олган.

«ФСИН» ходимлари ва маҳбусларни озиқ-овқат билан таъминланган 

Владимир Талаев Россия Федерал жазони ижро этиш хизматининг Москва вилоятидаги логистика бўлимини бошқарган, унинг вазифалари, жумладан, «ФСИН» ходимлари, айбланувчилар ва маҳбусларни озиқ-овқат билан таъминлашдан иборат эди. Талаев тендерларда, масалан, оқ карам сотиб олишда алоқадор шахс сифатида тилга олинган. 2023 йил сентябр ойидан бери Талаевнинг лавозимини бошқа «ФСИН» ходими эгаллаб турибди, деб таъкидлайди РБК.

Россияда амалдорларни пора учун ҳибсга олиш тўлқини 

Сўнгги пайтларда йирик миқдорда пора олганликда гумон қилинган россиялик амалдорларга қарши бир неча жиноий иш қўзғатилгани маълум бўлди. Апрел ойи охирида Россия Федерацияси Мудофаа вазирининг ўринбосари Тимур Иванов ушбу модда бўйича, 14 майда Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги кадрлар бўлими бошлиғи Юрий Кузнецов, 23 майда эса Россия Федерацияси Бош штаб бошлиғининг ўринбосари генерал Вадим Шамарин ҳибсга олинган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид