Шу ҳафта Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлган Россия президенти Владимир Путин ўзаро ҳисоб-китобларда доллардан воз кечиб, миллий валюталарда (рубл ва сўм) савдо-сотиқ қилишга ўтиш “фавқулодда муҳим”лигини айтди.
Унинг сўзларига кўра, икки томонлама тижорий битимларда рублнинг улуши 2023 йил якунлари бўйича 58 фоизга етган.
Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Стратегик ислоҳотлар агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистон ташқи савдосида сўнгги 5 йилда рублнинг улуши экспортда 0,8 фоиздан 5,3 фоизга, импортда 4,2 фоиздан 7,6 фоизгача етган. Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ҳисоб-китоблари бўйича, 2023 йилда Ўзбекистон эквиваленти 1,3 млрд доллар экспорт ва 2,9 млрд долларлик импортни рублда амалга оширган.
Рублда савдо қилишга ўтиш Ўзбекистон учун фойдами ёки зарар?
Мантиқан ўйлаб қараладиган бўлса, Россия билан рублда савдо қилиш Ўзбекистон учун катта хавф туғдирмайди, чунки мамлакат экспорт қилганидан кўра кўпроқ импорт қилади. Масалан, 2023 йилда Россияга экспорт 3,3 млрд долларни, Россиядан импорт эса 6,57 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йили Россия билан ташқи савдо манфий салдоси 3,27 млрд доллар бўлган.
Аммо айни пайтда бу амалиёт ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун бир қанча рискларни юзага келтириши мумкин. Отабек Бакиров бу борада эътибор бериш лозим бўлган бир қатор жиҳатларни санаб ўтди.
“Биринчидан, рублнинг волатиллиги жуда юқори. Масалан, 2023 йилда долларнинг рублга нисоби 70 дан 104 гача ўйнади. Бу қатор ҳолатларда экспорт битимининг маъно-мазмунини йўққа чиқаради. Кеча тузилган битим, токи ҳисоб-китоблар амалга оширилгунича зарарлига айланиб қолади. Рубл курсига маъмурий қарорлар таъсирининг юқорилигини айтмаса ҳам бўлади.
Иккинчидан, рублнинг ликвидлилиги ва кейинги танлови паст. Рубл тушумини ё яна Россиядан импорт учун ёки энг яхши ҳолатда кўнишса, ЕОИИнинг бошқа аъзолари билан савдода ишлатиш мумкин холос. Кўпинча экспортчилар экспорт тушуми учун технология ва ускуналар харид қилишни исташади. Бундай танловни рубл билан амалга ошириш анча мушкул.















