Ўзбекистон | 07:40 / 03.06.2024
13401
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳавосида кислород етишмовчилиги кузатилгани айтилди

Ҳаваскор тадқиқотчилардан бири пойтахтда ҳаво таркибидаги кислородни ўлчаганда миқдор 19,5 фоиздан пасайиб кетгани, аксинча азот миқдори сезиларли ортганини аниқлаган.

Фото: Kun.uz

Жорий йилнинг 29 май куни пойтахт ҳавоси таркибидаги кислород миқдори меъёридан пасайиб кетгани айтилмоқда. Бунга бир неча омиллар таъсир қилган бўлиши мумкин.

Иқтимшунос Эркин Абдулаҳатов Тошкент шаҳрида ҳаво таркибидаги кислород миқдори пасайиб кетгани ҳақида ёзди.

Ҳаваскор тадқиқотчилардан бири 29 май куни пойтахтда ҳаво таркибидаги кислород ўлчанганда миқдор 19,5 фоиздан пасайиб кетгани, аксинча ҳавода азот миқдори сезиларли ортганини аниқлаган.

Кислород етишмовчилиги кишиларнинг тўйиб ухламаслигида яққол кўринади. Айни кўкламда пойтахтда кислород етишмовчилиги иқлимий омил, сунъий сув объектларининг камлиги сабаб рўй бермоқда. Сунъий сув объектларида хлорелла каби сув ўтларини кўпайтириш вазиятни бирмунча юмшатади. Келгусида пойтахт ва йирик шаҳарларда ҳам Аргентинанинг йирик шаҳарларидаги каби ҳаво таркибидаги карбонат ангидридни ютиб, доимий кислород ишлаб чиқарадиган қурилмалар ўрнатишга эҳтиёж ошиб бораверади.

Унинг қўшимча қилишича, ҳарорат кўтарилиши ҳаво таркибидаги кислород камайиши ва атмосфера босимининг пасайиши сурункали кислород етишмовчилигига олиб келади. Бу артериал гипертония, юракнинг ишемик хасталиги, нафас олиш ўпка касалликлари бўлган беморларга салбий таъсир қилади.

Айниқса, йирик шаҳарлар, яшил фитомасса, сунъий сув объектларидан ҳоли йирик текислик шаҳарларда бу янада кучли сезилади. Тоғ этаклари, яшил қопламалар, кўплаб сув объектлари атрофидаги ҳудудларда бу каби ҳолат кузатилмайди ҳисоб.

“Юқоридаги хасталикка мойил аҳоли қатлами шифокор билан маслаҳатлашиб, нафас олиш машқларини бажариши, нисбатан совуқ сув муолажаларини қабул қилиши, юрак-қон томир фаолиятини ростловчи дори-дармонларни истеъмол қилиши тавсия этилади. Нисбатан салқин жойларда юриш, кучли зўриқиш, ақлий меҳнатларни кучайтириш тавсия этилмайди”, — деб ёзган Эркин Абдулаҳатов.

Мавзуга оид