Ўзбекистон | 18:59 / 05.06.2024
3710
3 дақиқада ўқилади

“Эрон президентининг вафоти Ўзбекистон билан алоқаларга таъсир қилмайди” – Эрон ТИВ вакили

Эрон Ислом Республикаси президенти Иброҳим Раисийнинг авиаҳалокат ортидан вафот этиши давлатнинг ташқи сиёсатини деярли ўзгартирмайди. Хусусан, Ўзбекистон билан алоқаларда янги президент ким бўлишидан қатъи назар ўзгариш кутилмаяпти. Бу ҳақда Эрон Ташқи ишлар вазирлиги вакили, элчи – Манучеҳр Моради айтиб ўтди.

Манучеҳр Моради

Манучеҳр Моради 5 июн куни Тошкент мезбонлигида ўтган ШҲТнинг 19-йиғилишида қатнашиш учун Ўзбекистонга келган. Тадбирнинг асосий қисмидан сўнг у Kun.uz журналисти билан суҳбатлашар экан, баъзи масалалар юзасидан қарашларини маълум қилди. Хусусан, президент Раисийнинг вафоти Ислом Республикасининг сиёсатини қай даражада ўзгартиришига тўхталар экан, унинг фикрича, ташқи сиёсатда жиддий ўзгариш кутилмаяпти. Давлатлар билан алоқалар ва мулоқот борича қолади. Элчи мақомига эга Морадининг таъкидлашича, маҳрум президент Раисий даврида Теҳрон расмий Тошкент билан сиёсий яқинликка эришган эди.

Бундан ташқари, Манучеҳр Моради Эроннинг Чобаҳор портини бошқариш бўйича Ҳиндистон билан келишувига ҳам тўхталди. Шу кунларда медиа халқаро мега порт даражасига чиқа олиш потенциалига эга Чобаҳорнинг жонланиши ҳақида кўп ёзмоқда. Моради мавзуга муносабат билдирар экан, объектни бошқаришда нафақат Ҳиндистон билан, балки ҳамкорлик учун бошқа давлатлар билан ҳам мулоқот давом этаётганини маълум қилди. Хусусан, Марказий Осиё давлатлари билан.

 Мен айтиб ўтганимдек, Эрон геостратегик жиҳатдан ниҳоятда муҳим давлат. Харитага қарасангиз, жойлашувининг ўзи буни исботлайди. Шимол-жануб, ғарб-шарқ коридорлари Эронни бевосита кесиб ўтади ва мана шу йўналишларда Чобаҳор порти энг муҳим нуқталардан. Чобаҳор борасида биз нафақат Ҳиндистон билан, балки Марказий Осиё давлатлари билан ҳам ишлаяпмиз. Порт бўйича ҳамкорларимиз кўп. Биз анча йиллардан бери буни таклиф қилиб келганмиз, масалан, Марказий Осиё давлатлари учун ҳам юк айланмасида Эрон ёрдам қўлини чўзиши мумкин, дейди ислом республикаси Ташқи ишлар вазирлиги вакили. Шунингдек, у Эроннинг ШҲТдаги ўрни хусусида ҳам тўхталиб, Теҳрон ташкилот имкониятларига имконият қўшишини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, 4-5 июн кунлари Тошкент даставвал “ Марказий Осиё – Хитой”, сўнгра ШҲТнинг 19-йиғилишига мезбонлик қилди. Икки тадбир ҳам давлатларнинг тадқиқот институтлари, аналитик марказлари, эксперт ҳамжамиятлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтди. Бундан ташқари, тадбирларда 40 дан ортиқ халқаро ва маҳаллий экспертлар таклиф қилинган. Мунозара ва муҳокамаларда ШҲТ олдидаги вазифалар, таҳдидлар, хавф-хатарлар ва асосий режалар кўриб чиқилди. Тадбирнинг асосий қисми ёпиқ эшиклар ортида ўтди. Матбуотга маълум қилинишича, Афғонистон, Марказий Осиё, коридорлар, савдо йўлларини қуриш, дунёда давом этаётган уруш ва конфликтлар муҳокаманинг асосий мавзулари қаторида бўлган. Тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати шуки, унда қатнашган экспертлар фикрича, дунёнинг баъзи давлатлари Афғонистонни идора қилаётган куч – “Толибон”ни тан олиш остонасида турибди.

Мавзуга оид