09:39 / 06.06.2024
2687

Ҳисобот: «Газпром» урушдан олдинги сотувлар ҳажмини қайтара олмайди

2035 йилга бориб Россия газининг Европага экспорти йилига 50-75 миллиард куб метрни ташкил этиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Евростат маълумотларига кўра, урушдан олдинги 2021 йилда «Газпром» Европага 141 миллиард куб метр газ етказиб берган.

Фото: Shutterstock

Россиянинг газ монополисти «Газпром» ОАЖ яқин йилларда Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли ҳужумидан сўнг санкциялар натижасида йўқотилган газ савдосини тиклай олмайди. Бу ҳақда Британиянинг The Financial Times нашри 5 июн, чоршанба куни компания раҳбарияти топшириғига биноан 2023 йил охирида тайёрланган ҳисобот маълумотларига таяниб хабар берди.

«Газпром ва энергетика соҳаси учун санкциялар асосий оқибатлари экспорт ҳажмининг қисқариши бўлди, улар 2020 йил даражасига 2035 йилдан олдин тикланмайди», — дейилади ҳужжатда. 

Таҳлилчиларнинг фикрича, 2035 йилга бориб Европага газ экспорти йилига ўртача 50-75 миллиард куб метрни ташкил қилади. Шу билан бирга, Евростат маълумотларига кўра, урушдан олдинги 2021 йилда «Газпром» Европага 141 миллиард куб метр газ етказиб берган ва компаниянинг умумий экспорти 200 миллиард куб метрдан ошган. 

Компания Хитойга етказиб бериш Европа бозоридаги йўқотишларни қоплашига умид қилган, бироқ йилига 50 миллиард куб метр газга мўлжалланган «Сибир қудрати 2» газ қувурининг янги тармоғини қуриш бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолди. Financial Times нашри ёзишича, бунга Пекиннинг муросасиз позицияси сабаб бўлган, у газни Россиянинг ички нархларида сотиб олмоқчи. 

2023 йил охирида Газпром деярли 25 йил ичида биринчи марта йўқотишлар ҳақида эълон қилди. Компания ҳисоботига кўра, йил давомида кўрилган зарар 629 миллиард рублни ташкил қилган. Шу билан бирга, 2022 йилда Газпром 1,23 трлн рубл фойда тўғрисида ҳисобот берган.

Top