14:58 / 22.06.2024
8104

4,2 млрд долларлик олтин сотилди, 643 млн долларлик газ импорт қилинди – Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи

Жорий йилнинг дастлабки 5 ойида Марказий Осиё мамлакатларнинг барчасига маҳсулот етказиб бериш кескин қисқарди. Умумий экспорт таркибида эса олтиннинг улуши 40,3 фоиздан 38,6 фоизгача камайди. АҚШ Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга топ-10 давлатлар қаторига кирди.

Фото: AP

Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2024 йил январ-май ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни тақдим этди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси (ТСА) 26,7 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 10,8 млрд долларни, импорт ҳажми эса 15,8 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 1,9 фоизга, импорт ҳажми 3,7 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 5 млрд долларга етган.

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги сифатидаги ўрнини сақлаб қолган. Ҳисобот даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 5 млрд долларга етган. Бу республика умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмининг 18,9 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Россия (17,9 фоиз), Қозоғистон (5,9 фоиз), Туркия (4,5 фоиз) ва Жанубий Корея (3,4 фоиз) билан қайд этилган.

2024 йилнинг январ–май ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улшга эга бўлган Топ-10 давлат:

  • Хитой – 5,05 млрд доллар;
  • Россия – 4,78 млрд доллар;
  • Қозоғистон – 1,58 млрд доллар;
  • Туркия – 1,19 млрд доллар;
  • Корея – 920 млн доллар;
  • Франция – 471 млн доллар;
  • Туркманистон – 455 млн доллар;
  • Германия – 426 млн доллар;
  • АҚШ – 386 млн доллар;
  • Афғонистон – 382 млн доллар.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан бешта мамлакат – Франция, Афғонистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Покистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 15 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.

Эътиборга молик жиҳати январ–май ойларида ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, қуйидаги давлатларга экспорт ҳажми сезиларли даражада кўпайган: Россияга (1 млрд доллардан 1,35 млрд долларга), Францияга (161 млн доллардан 319 млн долларга), Афғонистонга (326 млн доллардан 372 млн долларга), АҚШга (72 млн доллардан 110 млн долларга). Марказий Осиё мамлакатларнинг барчасига маҳсулот етказиб бериш қисқарган:

  • Қозоғистонга (578 млн доллардан 485 млн долларга);
  • Қирғизистонга (307 млн доллардан 195 млн долларга);
  • Тожикистонга (233 млн доллардан 199 млн долларга);
  • Туркманистонга (69 млн доллардан 48 млн долларга).

Шунингдек, экспорт ҳажми Хитойга ҳам 844 млн доллардан 822 млн долларгача қисқарган.

Экспорт

5 ой давомида олтинсиз экспорт 5,9 фоизга ўсиб, қарийб 6,58 млрд долларни ташкил этган. Мазкур даврда олтиннинг умумий экспортдаги улуши 38,6 фоизни ёки 4,2 млрд долларни ташкил қилган.

Шунингдек, умумий экспорт таркибида саноат маҳсулотларининг улуши 15,8 фоиздан 15,9 фоизга, кимёвий воситаларнинг улуши 4,3 фоиздан 5,6 фоизга, минерал ёқилғиларнинг улуши 3 фоиздан 3,2 фоизга, машиналар ҳамда транспорт асбоб-ускуналарининг улуши 4,5 фоиздан 4,6 фоизга ошган.

Ўз навбатида, олтиннинг улуши 40,3 фоиздан 38,6 фоизга, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар улуши 6,3 фоиздан 5,8 фоизга қисқарган.

Импорт

Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (37,3 фоиз), саноат товарлари (15,2 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,3 фоиз) ҳисобига тўғри келган.

Ёқилғи маҳсулотларининг экспорти ва импорти

Ҳисобот даврида Ўзбекистон 643 млн долларлик газ импорт қилди, бу 2023 йилнинг мос даври билан таққослаганда, 4,2 баробарга кўп. Ўз навбатида мазкур даврда газ экспорти 67,6 фоизга ёки 59,9 млн долларгача қисқарган.

Шунингдек, 5 ой давомида 73,6 млн долларлик кўмир импорт қилинган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,4 фоизга кўп. 

Январ-май ойларида 72,2 млн долларлик электр токи сотиб олинган (ўсиш – 21,6 фоиз) ва 55,4 млн доллар қийматидаги электр энергияси (ўсиш – 23,2 фоиз) экспорт қилинган. 

Нефт ва нефт маҳсулотларининг экспорти қарийб 3,5 баробарга ошиб, 228,7 млн долларни, импорти эса 14,4 фоизга кўпайиб, 975 млн долларни ташкил қилган. 

Top