Дунёдаги қочқинлар сони рекорд даражага етди
2023 йил охирида 117,3 миллион киши турли сабабларга кўра қочқин мақомини олгани таъкидланмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссари бошқармасининг (UNHCR) маълум қилишича, 2023 йил охирига келиб мажбурий кўчирилганлар сони рекорд даражадаги 117,3 миллион кишига етди.
«2023 йил охирида 117,3 миллион киши таъқиблар, можаролар, зўравонлик, инсон ҳуқуқлари бузилиши ва жамоат тартибини жиддий бузган воқеалардан қочганлиги учун мажбуран кўчирилди», дейилади ҳисоботда.
«Дунё бўйлаб кўчирилганлар сони янги тарихий даражага етди», деб ёзди муаллифлар.
БМТ қочқинлар бўйича олий комиссарлигининг ҳисоб-китобларига кўра, қочқинлар сони 2024 йилнинг биринчи ойларида ҳам ўсишда давом этган ва апрел ойи охирига кўра, 120 миллиондан ошиши мумкин.
Кўчирилганлар сонининг кўпайишига Судан, Конго ДР, Мянма ва Ғазо секторидаги можаролар таъсир кўрсатган. БМТ Яқин Шарқдаги фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йил охирига келиб, «ҳалокатли зўравонликлар 1,7 миллионга яқин одамни Ғазо секторини тарк этишга мажбур қилган».
Ҳисоботга кўра, Суриядаги вазият «қочқинлар бўйича дунёдаги энг катта инқирозга сабаб бўлган, 13,8 миллион киши мамлакат ичида ва ташқарисида мажбурий равишда кўчирилган».
«Бу азоб-уқубатлар халқаро ҳамжамиятни мажбурий кўчирилишнинг асосий сабабларини бартараф этиш учун шошилинч чоралар кўришга ундаши керак», деди қочқинлар бўйича БМТ Олий комиссари Филиппо Гранди.
«Можароларни ҳал қилиш, инсон ҳуқуқлари бузилишини бартараф этиш ва иқлим инқирозига қарши курашиш бўйича мустаҳкам ҳамкорлик ва келишилган ҳаракатларсиз, кўчирилганлар сони ўсишда давом этади, бу эса янада азоб-уқубатларга ва қимматга тушадиган гуманитар чораларга олиб келади», деди Гранди.
Мавзуга оид
13:38
“Болалар совуқдан музлаяпти” – БМТ вакиллари қиш фаластинликлар ҳаётини янада оғирлаштираётганини маълум қилди
16:58 / 19.12.2024
Сурия лагерларидан фуқароларни қайтаришда Марказий Осиё давлатлари етакчилик қилмоқда
11:15 / 12.12.2024
Ўзбекистон халқаро мажбуриятларни бажариш доирасида 530 дан ортиқ фуқаросини Яқин Шарқдан қайтарди
18:38 / 11.12.2024