11:13 / 24.06.2024
13934

«Учинчи қўшни» концепцияси – авторитар давлатлар қуршовидаги Мўғулистон тенг ҳамкор изламоқда

Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурелсух давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Бу давлатнинг бирор раҳбари республикамизга давлат ташрифини амалга оширмаганди, Ўзбекистон президентлари ҳам Мўғулистонга бормаган. Совуқ уруш даврида совет иттифоқининг жиддий таъсирида бўлган Мўғулистон 1991 йилги парчаланишдан сўнг сиёсий тизимни деярли бутунлай ўзгартиришга қарор қилган. Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов ушбу давлатнинг иқтисодий имкониятлари юқори деб ҳисоблайди. Лекин аҳоли сони ниҳоятда камлиги, икки чегарадош гигант давлатлар – Хитой ва Россия таъсиридан давлатчиликни асраш учун Улан-Баторга учинчи ҳамкор керак.

Мўғулистон географик ва геостратегик жиҳатдан уникал давлат. Яъни мамлакат икки йирик куч – Россия ва Хитойнинг ўртасида жойлашган. Айнан шу омил Мўғулистон давлатчилигини хавф остида ҳам қолдиради. 

Бундан ташқари, бу давлат тўғридан-тўғри денгизга чиқа олмайди. Мўғулистон узоқ йиллар Совет иттифоқининг таъсири остида бўлиб, унга худди иттифоқнинг 16-республикасидек муносабат бўлган. Бироқ 1991 йилги совет тизимининг қулаши мўғул фаолларини ҳаракатга келтирган ва таъсирлантирган. Хусусан, ўша йилларда тинч демократик инқилоб ўтказилиб, марксистик – ленинча Мўғулистон халқ инқилобий партияси тугатилган. Ўрнига эса демократик Мўғул халқ партияси тузилади. 1992 йилда қабул қилинган конституцияга мувофиқ, давлат номидан “Халқ Республикаси” жумласи ҳам олиб ташланади. 

Мўғулистоннинг иқтисодий потенциали юқори бўлса-да, айни дамда чекланган. ЯИМ бор-йўғи 18,7 млрд доллар. Аҳоли жуда камлиги ортидан жон бошига 5 348 доллардан тўғри келади. Асосий савдо шериклар ҳам – Россия ва Хитой. Экспортнинг 78 фоизи Хитой ҳиссасига тўғри келади. Давлат шакли республика ва президент мутлақ ҳуқуқларга эга эмас. Яъни, Мўғулистон Президентлик-вакиллик республикаси ҳисобланади. Охирги йилларда қатор ваколатлар президентдан бош вазирга ўтказилган. 

Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, Мўғулистонни демократик давлат деса бўлади. Чунки мухолифат бор, жамоатчилик институтлари эркин ва фаол. Президент тез-тез алмашиб туради. 

“Ўзбекистондан уч баравар катта Мўғулистоннинг аҳолиси ниҳоятда кам. Тошкент вилояти ва шаҳри аҳолиси уникидан кўпроқ. Мўғулистон минтақадаги аномал давлат. Чунки у демократик давлат, ҳокимият ва президент соат милларидек алмашиб туради. Парламентда сиёсий плюрализм кучли. Авторитар давлатлар қуршовида қолган Монголия демократик республика ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ташқи сиёсатда “Учинчи қўшни” концепцияси ниҳоятда кучли. Бугунги кунда Монголия Россия ёки Хитой томонидан ютилиб кетмаслиги учун “Учинчи қўшни” концепциясини амалга оширишга ҳаракат қилади. Яъни бевосита чегарадош бўлмаган давлатлар билан иқтисодий-сиёсий, геосиёсий муносабатларни ривожлантириш ортидан Хитой ва Россияни тийиб туриш – Улан-Баторнинг асосий приоритетларидан”,-дейди Раббимов. 

Top