Жаҳон | 14:26 / 28.06.2024
7368
10 дақиқада ўқилади

Очарчилик исканжасидаги Ғазо, Украинани қабул қилишга шошмаётган НАТО ва Путинга қарши трибунал таклифи — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Чегарада инсонпарварлик юклари ортилган минглаб юк машиналари фурсат пойлаб турар экан, Ғазонинг ичкасида очарчилик хавфи ортиб бормоқда. Ғазода очарчилик хавфи ортиб бормоқда. 8000 нафардан ортиқ 5 ёшгача бўлган болалар тўйиб овқатланмасликдан қийналишмоқда», — деган Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел.

Унинг қайд этишича, Ғазога инсонпарварлик ёрдамини етказиш масаласида айтарли силжишга эришилмасдан келмоқда.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, Ғазодаги 10 мингдан ортиқ инсон тиббиёт эвакауциясига муҳтож.

ЖССТ бош директори Тедрос Адханом Гебреисуснинг маълум қилишича, халқаро ташкилот ва унинг ҳамкорлари онкологик касалларга йўлиққан 4 бола ва иккинчи даражали куйишга эга бир болани Ғазодаги Ал-Аҳлий шифохонасидан Носир тиббиёт марказига ўтказишга муваффақ бўлган.

Гебреисуснинг қайд этишича, айни пайтда 10 мингдан зиёд беморлар тиббий ёрдам кўрсатилиши учун Ғазодан эвакуацияни кутиб турибди: «Биз Ал-Аҳлий ва Ас-Саҳоба шифохоналарига тиббий эҳтиёжларни қоплаш учун дори-дармонлар ва 19 минг литр мазут етказдик. Фаластинлик врачлар ротациясини амалга оширишга ёрдам бердик.

«Биз тиббиёт эвакуациясини амалга оширишни давом эттиришни ва зарурият туғилганда барча имконли йўналишлар бўйича уларнинг ҳузурига етиб боришни таъминлашни талаб қиламиз», — деган Гебреисус.

Урушнинг 265-кунига келиб, Ғазода ўлдирилган фаластинликлар сони 37 минг 765 нафарга етди. Сўнгги сутка ичида Исроил томони 3 та оммавий қирғин уюштириб, 47 кишининг ўлимига ва 52 кишининг яраланишига сабабчи бўлган.

Украинага ҳарбий ёрдам

АҚШ, Исроил ва Украина Киевга Исроилдан 8 та Patriot комплексларини келтириш бўйича музокаралар олиб бормоқда, деб ёзади Financial Times ўз манбаларига таяниб.

Газетанинг қайд этишича, гарчи келишув якуний расмийлаштирилмаган бўлса-да, унга кўра зенит ракета тизимларини аввал АҚШга, у ердан Украинага жўнатиш назарда тутилган.

Апрел ойида Исроил ишлатилишига 30 йилдан ўтган 8 та Patriot батареяларини жанговар хизматдан олиб, уларнинг ўрнига янги ва такомиллашган тизимларни келтириш ниятини ошкор қилган эди.

«Агар бундай келишув амалга ошса, бу Украина мудофаа қобилиятини жиддий тарзда яхши томонга ўзгартиради. Айни пайтда Украинада АҚШ ва Германия томонидан тақдим этилган камида тўртта Patriot тизими бор», — деб ёзади газета.

Бу вақтга келиб, Украина «Чехия ташаббуси» доирасида 50 мингта ўқ-дориларни олиб бўлган. Бу Германия томонидан молиялаштирилган 180 минг снарядларнинг бир қисмидир.

Ҳозирча 500 минг снарядларни етказиб бериш тўлиқ молиялаштириб бўлинган. Йил охиригача уларнинг барчаси Украинага етказилади.

Нашрнинг қайд этишича, Украинага миллион снаряд етказиш бўйича «Чехия ташаббуси»ни 18 давлат қўллаб қувватлаган. Айрим давлатлар ёрдамни аноним тарзда кўрсатишмоқда.

Снарядлар етказилиши баробарида аввал Россиянинг ҳар 7 та зарбасига 1 та жавоб қайтара олаётган Украина, энди учта зарбага битта билан жавоб бера олиш даражасига чиққан.

Украинанинг НАТОга аъзолик истиқболлари

АҚШ ва НАТО Украинани алянсга қабул қилиш бўйича музокараларни бошлашга тайёр эмас, шу сабабли бунинг ўрнига муқобил вариант таклиф этади, деб ёзади The New York Times.

Киевга Германиянинг Висбаден шаҳрида координацион миссия яратиш шу орқали иттифоқчиларнинг ҳарбий кўмак тақдим этиш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштириш таклиф этилади.

НАТО ва Россия уруш ҳолатида эканлиги тўғрисидаги шамалардан қочишга уринаётган Германиянинг талабига кўра, «миссия» терминидан расман фойдаланилмайди. Янги тузилма Украина ҳарбийларини тайёрлашни мувофиқлаштириш ва ҳарбий кўмакни оптималлаштириш билан шуғулланади. Уни америкалик офицер бошқаради, бироқ миссия НАТО шафелиги остида тузилгани боис Трамп Оқ уйга қайтган тақдирда ҳам унинг ишига зарар етмайди.

Бу таклиф 9-11 июл кунлари Вашингтонда ўтадиган НАТО саммити силлиқроқ ўтишини таъминлаши кутилмоқда. Бир йил аввал Вилнюсда ўтган саммитда Зеленский алянсга аъзолик бўйича аниқ график йўқлигидан норозилигини билдирган эди. Буни бошлашга Россия билан уруш ва Украинада ислоҳотлар ўтказиш зарурияти халақит бермоқда. Бу Киев ва Москвага иттифоқчиларнинг қўллови сусаймаслиги ҳақида кучли сигнал бўлиши ҳам керак.

Бу орада НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Россиянинг Украинада йирик силжишларини кутмаётганини айтиб ўтган.

«Руслар шу йилнинг бошида ва ёзда яна олдинга силжишга уриниб кўришди, аммо арзимас натижаларга эришишди. Биз Россия йирик силжишларга эришиши мумкинлиги борасида ҳеч қандай асосларни кўрмаяпмиз», — деган Столтенберг.

У шунингдек, Москва ҳаводан ҳужум уюштириш билан Украинага босимни кучайтириш бўйича ҳаракатларини давом эттиришини кутаётганини айтди. Бироқ, Столтенбергга кўра, Украина қуролли кучлари нафақат фронтни ушлаб тура олади, мудофаа жанглари ва Россия ичкарисида нишонларга зарба бериб, агрессорга йирик талафот ҳам етказа олади.

Украинага Европадан хавфсизлик кафолатлари

Европа Иттифоқи ва Украина 27 июн куни Брюсселда ўтаётган Европа Иттифоқи саммитида Киев учун хавфсизлик кафолатлари тўғрисидаги келишув имзолади.

Украина президенти Володимир Зеленский Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ва Европа Кенгаши раиси Шарл Мишел билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик ва Украинани узоқ муддатли қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги келишувни имзолади.

ЕИ ва Украина раҳбарлари томонидан имзоланган келишув хавфсизлик ва мудофаа сиёсатининг тўққиз жабҳаси, жумладан, қурол-яроғ етказиб бериш, ҳарбий тайёргарлик, мудофаа саноати бўйича ҳамкорлик ва миналардан тозалаш бўйича Евроиттифоқ ва Киевнинг ҳамкорлигини назарда тутади.

Хусусан, имзоланган ҳужжатнинг бўлимларидан бирида айтилишича, ЕИ узоқ муддатли истиқболда Украинани ҳарбий техника билан таъминлаши, Украина қуролли кучлари аскарларининг ҳарбий тайёргарлиги, мамлакатда мудофаа ислоҳотларини ўтказиш, мудофаа саноати, киберхавфсизлик, разведка маълумотлари билан алмашиш соҳасида ҳамкорликни таъминлайди.

Келишув тўрт йиллик Ukraine Facility дастури доирасида Украинага 50 млрд евро молиявий ёрдам етказилишини ҳам кафолатлайди. Ҳужжатда Украинага ёрдам бериш учун Россиянинг музлатилган активларидан олинадиган даромадлардан фойдаланиш алоҳида қайд этилган.

Путинга қарши трибунал

Европа кенгашининг Парламент ассамблеяси Украинага қарши агрессия учун Россия президенти Владимир Путин ва мамлакат генараллари учун махсус трибунал яратиш, Россияга санкция босимларини кучайтириш, украин маданий ўзлигини «ўчириб ташлаш» ва этник озчиликларни «руслаштириш»га бўлган уринишларга қарши туриш бўйича учта резолюцияни маъқуллаган.

Бу ҳақда Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар парламентларининг вакилларидан иборат маслаҳат органи расмий сайтида хабар қилиб ўтилган.

Европа кенгашининг Парламент ассамблеяси ўзининг бу қадамини Россиянинг сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти устидан судга эришиш учун «ҳуқуқий асос ва сиёсий легитимлик нуқтайи назаридан энг яхши имконли вариант» деб атаган.

Дарвоқе, Европа Иттифоқи раҳбарлик лавозимларида ўзгариш бўлиши кутилмоқда.

Португалиянинг собиқ бош вазири Антонио Коштанинг номзоди Шарл Мишел ўрнига Европа Кенгаши раиси лавозимига кўрсатилган.

Эстония бош вазири Кая Каллас эса Жозеп Боррел ўрнига Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбарлигига кўрсатилган.

Урсула фон дер Ляйен эса Европа Комиссияси лавозимида иккинчи муддатга қолиши кутилмоқда.

Энди бўлажак лидерлар яна бир тўсиқни енгиб ўтиши керак: янги Европа парламенти уларнинг номзодларини ва янги Европа комиссарларини тасдиқлаши керак

Путин кемаларни ҳимоялашни талаб қилди

Россия президенти Владимир Путин ҳарбийлардан мамлакат ҳарбий-денгиз флоти кемаларини узоқ масофага учувчи ракеталар ҳужумидан ҳимоялашни талаб қилди.

«Флотимизни, олис денгиздаги ҳарбий-денгиз базаларимизни ҳам эҳтимолий ҳужумлардан ҳимоялаш керак», — деган у кемасозлик бўйича ўтказилган йиғилишда. Россия президенти бу учун соҳага хатарларни, хусусан, дрон хавфини масофадан аниқлайдиган тизимни тезроқ жорий қилиш кераклигини айтди.

Путин Россия Мудофаа вазирлигидан ҳарбий-денгиз флотини узоқ йиллик ривожлантириш концепцияси бўйича ҳисобот тақдим этишни талаб қилди.

Маълумот учун: май ойида Украина Қуролли кучлари Севастополга учта АҚШда ишлаб чиқарилган ATACMS узоқ масофага учувчи ракетаси билан ҳужум қилишди. Бу ҳужум натижасида Қора денгиз флотига тегишли «Циклон» ракета кемаси йўқ қилинган. Бу Қримдаги «Калибр» ракетасини олиб юрувчи охирги рус кемаси эди.

Ҳозирда флотдаги кўплаб кемалар Украинанинг эҳтимолий ҳужумлари сабаб узоқроққа олиб кетилган. Уруш бошидан буён Украина русларнинг 20 тадан ортиқ ракета кемаларини йўқ қилган. Хусусан, улар орасида энг йириги бўлган «Москва» крейсерини ҳам. Украинага босқинга қадар Қора денгиздаги Россия флотида 70 тадан ортиқ ракета кемалари бўлган. 

Мавзуга оид