Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазо секторида озиқ-овқат етишмовчилиги кучаймоқда.

Исроилнинг ҳужумлари ва қамали туфайли Ғазо аҳолиси озиқ-овқат, айниқса, ун етишмовчилигига дуч келмоқда. Бу ҳолат очарчилик хавфи сабаб халқаро ҳамжамиятда жиддий ташвиш уйғотмоқда.

БМТ вакили Стефан Дюжаррикнинг маълум қилишича, Ғазода ҳуманитар ёрдамга суяниб ишлаётган 19 та нонвойхонадан фақат 7 таси ишламоқда.

Исроил қамали зарур маҳсулотларнинг етказилишига монелик қилмоқда, бу эса кўплаб нонвойхоналарнинг фаолиятини тўхтатишига олиб келган.

БМТнинг UNRWA ташкилоти маълумотига кўра, Ғазо аҳолисининг унга бўлган эҳтиёжининг фақат 6 фоизи назорат-ўтказиш пунктлари орқали қопланмоқда.

Исроилнинг ҳужумлари яна қурбонларга сабаб бўлмоқда.

Ғазо сектори марказида икки уйга нисбатан амалга оширилган Исроил ҳаво ҳужумлари оқибатида 6 фаластинлик ҳалок бўлди, кўплаб киши яраланди.

Ҳалок бўлганлар орасида икки нафар бола ҳам бор. Ҳужумлар Бурайж ва Ал-Мағози қочоқлар лагерларига нисбатан уюштирилган.

2023 йилнинг 7 октябридан буён Исроилнинг Ғазо секторига амалга оширган ҳужумлари натижасида ҳалок бўлганлар сони 44 минг 211 нафарга етган.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 415 кундан бери Исроилнинг қуролли ҳужумлари тўхтамай келмоқда. Фақат сўнгги куннинг ўзида 35 киши ҳалок бўлди, яна 94 киши яраланди.

Ливандаги вазият

Исроилнинг ҳужумлари оқибатида Ливанда мажбурий кўчирилган аҳоли вакиллари сони 1,8 миллиондан ошди.

Аниқроқ айтиладиган бўлса, 2023 йил 8 октябрдан буён Исроилнинг Ливанга қарши ҳарбий ҳаракатлари натижасида 1 млн 862 минг 790 киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлди. Шулардан фақат 190 минг 102 нафари ҳукумат томонидан ташкил этилган бошпаналарга жойлаштирилган.

Ҳозирда мамлакат бўйлаб 1177 та вақтинчалик турар жой марказлари фаолият кўрсатмоқда, улардан 976 таси тўлиб бўлган. Бундан ташқари, 624 мингдан ортиқ киши Ливандан Сурияга кўчиб ўтган.