21:20 / 01.07.2024
5317

1 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

30 ёшни қарши олган сўм, Зоминда якунланган халқаро мақом санъати анжумани, 9 миллион тонна хирмон уйган ғаллакорлар, Бухорода никоҳ тўйи ўтказилган ўсмирлар — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз. 

Миллий валютамиз сўм — 30 ёшда

Бугун миллий валютамиз сўм расман муомалага киритилганига 30 йил бўлди.

Мустақиликка эришганимиздан сўнг 1994 йилнинг 1 июлида оралиқ валюта сифатида муомалада бўлган сўм-купонга 1000га 1 нисбатда муомалага киритилган илк банкнотларимизнинг бирортаси бугунги кунгача етиб кела олмади.

Қизиқ маълумот, сўм муомалага киритилган куни 1 АҚШ долларининг расмий курси роппа-роса 7 сўм қилиб белгиланган.

Ўшанда 1, 3, 5, 10, 25, 50 ва 100 сўмлик қоғоз пуллар, 1, 3, 5, 20, 50 тийинлик тангалар муомалага киритилган эди.

1 ва 3 сўмлик кичик пуллардан ташқари, 5 сўмдан 100 сўмгача бўлган банкнотларнинг ўлчами бир хил эди — ҳозирги 2000 сўмлик банкнот ўлчамида.

Сўм бу орада кўп тебраниш ва инфляцияларни, дизайн ўзгаришларини бошидан кечирди.

1997–2001 йилларда каттароқ ўлчамдаги 200, 500 ва 1000 сўмлик пуллар муомалага киритилди. Бу кирилл алифбосида чиқарилган сўнгги пуллар эди.

2013 йилда лотин имлосида 5000 сўмлик пул муомалага киритилди. Шу сериядаги 10 минг ва 50 минг сўмлик пуллар 2017 йилда, 2019 йилда эса 100 минг сўмлик пуллар босиб чиқарилди.

2021 йилнинг июнидан бошлаб сўм дизайни ўзгартирилди. Ўлчамлари ихчамлаштирилди. Банкнотлар «Буюк Ипак йўли шаҳарлари» сериясида чоп этилди. Банкнотларда қадимий карвон йўллари харитаси, хонатлас тасвири, қадимий манзилгоҳлар ва осори атиқалар тасвири туширилди. Албатта, банкнотларнинг ҳимояси ҳам кучайтирилди.

Айни пайтда 2 минг, 5 минг, 10 минг, 20 минг, 50 минг, 100 минг ва 200 минг сўмлик банкнотлар муомалада бўлиб турибди. Ундан ташқари, 50, 100, 200, 500 ва 1000 сўмлик тангалар ҳам муомалада.

9 миллион тонналик хирмон

Ўзбекистонда илк марта 9 млн тонна ғалла етиштирилди. 4,5 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари гектарига 100 центнердан юқори ҳосил олган.

Бу йилги мавсумда сувли майдонларга экилган ғаллазорлардан 2 млн 550 минг тоннадан ортиқ ёки ҳар гектар ҳисобига 2,5 тонна буғдой жамғарилиб, давлат хариди тўлиқ амалга оширилган ва биржаларда сотиш учун омборларда захира қилинган.

Жорий йил ҳосили учун биологик эскирган навлар ўрнига янги серҳосил ва об-ҳавонинг ноқулай шароитларига чидамли кузги буғдой навларининг майдони 585 минг гектарга кенгайтирилган.

Ўтган йили Ўзбекистон ғаллакорлари 8,1 млн тоннадан зиёд дон етиштирганди. Сувли майдонларда ўртача ҳосилдорлик 70,5 центнерни ташкил этган эди. 

Зоминда халқаро мақом санъати анжумани ғолиблари аниқланди

Жиззах вилоятининг Зомин туманида ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО шафелиги остида ўтказилган «II Халқаро мақом санъати анжумани» якунланди.  

16 давлатдан мақомчилар қатнашган анжуманда бош совринни Эроннинг «Форс» ансамбли солисти Али Асқар Арабшоҳий қўлга киритди. У 15 минг АҚШ доллари билан тақдирланди.

Халқаро ҳайъат томонидан кўрик-танлов иштирокчиларининг чиқишлари учта номинация бўйича — «Энг яхши мақом ансамбли», «Энг яхши яккахон чолғу ижрочиси» «Энг яхши яккахон хонанда» бўйича баҳоланган.

Ғолиблар пул мукофотлари (бош соврин — 15 минг доллар, 1-ўрин 10 минг доллар, 2-ўрин 7 минг доллар ҳамда 3-ўрин 5 минг доллар) диплом ва ҳайкалча билан тақдирланган. 

Бухорода тинейжерларнинг никоҳ тўйи бўлиб ўтди

29 июн куни Бухорода 2008 йилда туғилган йигит ва 2007 йилда туғилган қизнинг тўйи бўлиб ўтгани айтиляпти. Kun.uz'даги маълумотга кўра йигит Шофиркон, қиз эса Қоракўл туманидан. Тўй базми шаҳардаги “Фатҳобод” маросимлар уйида ўтказилган.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонованинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан унинг идораси ва ички ишлар органлари томонидан ўрганиш ишлари бошланган. Бу борада қўшимча маълумот берилади.

Оила кодексининг 15-моддасида никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун 18 ёш этиб белгиланган. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан 1 йилга камайтириши мумкин.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-3-моддаси 2-қисмига кўра, ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан никоҳ ёшига етмаган шахсни эрга бериш ёхуд уйлантириш базавий ҳисоблаш миқдорининг 7 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. 

Хоразмда 2,2 млрд сўмлик электр энергияси ўғирланди

Урганч туманидаги МЧЖлардан бирининг раҳбари хўжалик ер майдонларини суғориш учун сув насосларини тармоққа яширинча улаб фойдаланиб келаётгани фош этилди. У жами 2,2 млрд сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган.

Қайд этилишича, ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. 

Top