Ўзбекистон | 21:05
999
5 дақиқада ўқилади

19 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Парламент олдидаги ваколатларини топширган ҳукумат, қайта Сенат раиси этиб сайланган Танзила Норбоева, сенаторларга ишонч билдирган президент ва партияларнинг маъқулланган ташаббуслари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ҳукумат парламент олдидаги ваколатларини топширди

Бош вазир имзолаган қарор билан, Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Олий Мажлис олдидаги ваколатларини зиммасидан соқит қилди. Фаолияти тўхтаб қолмаслиги учун янги таркибдаги ҳукумат шакллантирилгунига қадар амалдагиси ишлашда давом этади.

Ўзбекистонда 27 октябр куни ўтказилган парламент сайловларига мувофиқ, Олий Мажлис палаталари янги таркибда шакллантирилди.

Шу муносабат билан, жорий йилнинг 19 ноябр куни Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан амалдаги Ҳукумат янги сайланган Олий Мажлис олдида ваколатларини зиммасидан соқит қилди.

Бош вазир матбуот хизматининг маълум қилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармонига асосан, амалдаги Вазирлар Маҳкамаси Ҳукумат фаолиятида узвийлик ва узлуксизликни таъминлаш мақсадида янги таркибдаги Вазирлар Маҳкамаси шакллантирилгунига қадар ўз фаолиятини давом эттириб туради.

Танзила Норбоева яна Сенат раиси

Олий Мажлис Сенатининг янги чақириқдаги илк мажлисида Сенат раиси ва унинг ўринбосарларини сайлаш тўғрисидаги ташкилий масала кўриб чиқилди.

Конституциянинг 101-моддасига мувофиқ, президент Шавкат Мирзиёев Сенат раиси лавозимига сенатор Танзила Норбоева номзодини тақдим этди.

Танзила Норбоева давлат ва жамоат бошқарувида бой тажрибага эга экани, ўтган даврда шу лавозимдаги самарали фаолияти натижасида мамлакатимизда хотин-қизлар, болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вазият сезиларли яхшилангани таъкидланди.

Шунингдек, Сенат раисининг биринчи ўринбосари лавозимига сенатор Содиқ Сафоев, Сенат раисининг ўринбосари лавозимига сенатор Аманбай Оринбаев номзодлари тавсия этилди.

Кўрсатилган номзодлар сенаторлар томонидан сайланди. Шавкат Мирзиёев уларни табриклаб, келгуси фаолиятига ютуқ ва муваффақиятлар тилади.

Танзила Норбоева Ўзбекистон Сенатининг илк аёл раиси ҳисобланади. У 2019 йил 21 июнда бу лавозимни эгаллаган ва 2020 йил январ ойида қайта сайланган эди.

Президент сенаторларнинг фаол бўлишига ишонч билдирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 19 ноябр куни Олий Мажлис Сенатининг янги чақириқдаги илк ялпи мажлисида иштирок этди. Давлат раҳбари юқори палата аъзоси этиб сайланганларни табриклади.

Мирзиёевга кўра, сенаторларнинг ҳар 3 нафаридан бири илмий даражага эга. Қарийб 27 фоизи ёки 16 нафари – хотин-қизлар.

Бўлиб ўтган сайловлар “маҳаллий кенгашлар фаолиятида ҳам янги даврни бошлаб бермоқда”, деди президент.

Маҳаллий кенгашлар таркиби қарийб 60 фоизга янгиланиб, 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик илк бор депутат бўлган. Кенгашларда аёл депутатлар улуши 32 фоизга етган, 30 ёшгача бўлган депутатлар сони 3,5 карра ошган.

Конституция янгиланиши билан, Сенат таркиби ихчамлашиб, унинг аъзолари сони 100 нафардан 65 нафарга қисқарди. Айни вақтда сенаторларнинг ваколатлари ва масъулияти бир неча баробар ошди. Хусусан, юқори палатанинг парламент назорати ва бир қатор муҳим давлат органларини шакллантиришдаги иштироки сезиларли равишда кенгайтирилди.

Президент янги сайланган сенаторларимиз энди жараёнларда фаол бўлишига ишонч билдирди.

Президент партияларнинг жўяли таклифларини маъқуллади

Президент янгиланган парламент қуйи палатасининг илк мажлисида партиялар сайлов кампанияси давомида илгари сурган ва халқ қўллаб-қувватлаган ҳар бир таклиф албатта кўриб чиқилиши ва амалга оширилишини таъкидлаган.

«Адолат» социал-демократик партиясининг истироҳат боғлари, сайилгоҳ, хиёбонларни хусусийлаштиришни тақиқлаш бўйича позицияси, дорилар устидан назоратни кучайтириш, нархлар сунъий ошишининг олдини олиш, рецептсиз дорилар рўйхатини қисқартириш бўйича интилишларини маъқуллади.

Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг хусусий мулк дахлсизлигини кучайтириш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш ҳақидаги таклифлари қўллаб-қувватланди.

«Миллий тикланиш» демократик партиясининг мактабларда муаллимларни танлов асосида ишга қабул қилиш, болаларга она тили ва чет тилларни ўргатиш учун янада кенг шароитлар яратишга оид таклифларига қўшилди.

Халқ-демократик партиясининг ногиронлиги бўлган шахслар учун шароитларни янада яхшилаш, аҳолининг пенсияга чиқишдаги кафолатли ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш бўйича ташаббусларини қўллаб-қувватлади.

Экологик партиянинг давлат органлари ва корхоналар ҳудудида яшил боғлар ташкил этиш, экологик маданиятни юксалтириш бўйича дастур қабул қилиш ҳақидаги таклифлари қўллаб-қувватланди.

Мавзуга оид