Жаҳон | 19:26 / 02.07.2024
3232
2 дақиқада ўқилади

Дунёда вабога чалиниш кўрсаткичи 58 фоизга ошгани маълум қилинди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти баёнотига кўра, эпидемия ўчоқлари 19 мамлакатда қайд этилган. Май ойида 46,4 минг нафардан зиёд бемор рўйхатга олинган.

Фото: Getty Images

Сўнгги ойларда дунёнинг қатор минтақаларида вабо эпидемияси кескин кучая бошлагани маълум қилинди. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти баёнотига асосланиб Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, жорий йил май ойида 46 мингдан ортиқ кишига ушбу хавфли касаллик ташхиси қўйилган ва бу апрел ойига нисбатан 58 фоиз юқори кўрсаткичдир. Эпидемия ўчоқлари 19 мамлакатда қайд этилган. Май ойида рўйхатга олинган беморлар сони – 46,4 минг нафардан зиёд. Уларнинг 185 нафари хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмган.  

Юқори ўсиш динамикаси асосан Шарқий Ўртаер денгизи минтақаси ҳиссасига тўғри келмоқда. Афғонистонда 13 минг нафардан ортиқ, Покистонда эса 13 мингга яқин янги ҳолат қайд этилган.  

“Умуман, жорий йил бошидан буён сайёрамиз бўйича қарийб 195 минг одам ушбу хасталикни юқтиргани айтилмоқда. Эпидемия қурбонлари сони 1,9 минг нафардан ошган”, дейилади хабарда.  

Қайд этилишича, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вабонинг дунё бўйлаб тарқалиш хавфини юқори деб баҳолаган ва 2023 йил январ ойидан 2024 йил майигача вакциналарга бўлган талаб икки баробар ошганини билдирган.

Мавзуга оид