Ўзбекистон | 21:37 / 03.07.2024
6343
5 дақиқада ўқилади

3 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

«Док-1 Макс» ишида апелляция якунланди, Юнусободда техноген сув тошқини рўй берди, Қозоғистон чегарасида махфий туннел топилди — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

«Док-1 Макс» иши

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси бугун, 3 июл куни бўлиб ўтган суд мажлиси «Док-1 Макс» ишида ушбу суд ҳайъатининг 2024 йил 26 февралдаги ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

7 нафар судланувчи томонидан киритилган апелляция шикояти қаноатлантирилмади.

Фармагентлик собиқ раҳбари Сардор Кариевнинг онаси Мунира Кариева томонидан суднинг депозит ҳисобрақамига тўланган 2,5 миллиард сўм маблағ жабрланувчиларнинг қонуний вакилларига тенг миқдорда тақсимланиши белгиланди.

Юнусободдаги тошқин

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида сув ўтказгич тармоғи ёрилди. Ҳудуднинг катта қисми сув таъминотидан узилган. Кўчаларни сув босган.

«Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖ Мойқўрғон кўчаси ва Қорақамиш кўчалари кесишмасида 1200 мм диаметрли катта сув ўтказгич қувури ёрилганини айтди, сўнгра носозлик 800 ммли қувурда эканини аниқлаган.

Юқори Қорақамиш ва Мойқўрғон кўчаларида сув қувури ёрилиб тошгани сабаб автотранспорт воситаларини ҳаракати вақтинчалик чекланди.

«Қувур ёрилишига асосий сабаб — яқин ҳудудда жойлашган қозонхонада вақтинча электр энергияси узилгани. Шу сабабли қувурларда босим кўтарилиб кетган ва қувурларнинг уланган чокидан авария юзага келган», деб маълум қилди «Тошкент шаҳар сув таъминоти» АЖ ахборот хизмати бошлиғи Равшан Ёқубжонов.

Энергетика корхоналари эса бу маълумотни рад этди. Энергетика вазирлиги тизимига кирувчи «Тошкент иссиқлик маркази» АЖнинг билдиришича, Юнусободдаги 4-сонли қозонхонанинг электр таъминотида 2-3 июл кунлари «ҳеч қандай узилиш юз бермаган».

Қозоғистон чегарасидаги туннел

Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегара ҳудудида 310 метрли ноқонуний туннел аниқланди.

ДХХ ходимлари томонидан Чегара қўшинлари ва «Тошкент-Аэро» ИБК ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ҳиндистондан Қозоғистон орқали мамлакатимизга катта миқдордаги, сифати кафолатланмаган дори воситаларини ноқонуний олиб келиш билан шуғулланган трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган.

Хусусан, жиноий гуруҳ томонидан навбатдаги дори воситалари «Деҳли-Алмати» авиайўналиши орқали транзит тарзда «Алмати» халқаро аэропортига олиб келиниб, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариёғоч тумани «Дўстлик» аҳоли яшаш пунктига етказилган ва яширин ерости йўли орқали Тошкент вилоятининг Тошкент тумани «Ўрикзор» МФЙ ҳудудига ўтказилган.

Тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ аъзоларидан Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган жами 1 млрд 94 млн 342 минг сўмлик жами 107 номдаги 17048 дона дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Швецияга ишга таклиф

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Швеция Қироллигининг йирик иш берувчи компанияси раҳбарияти ўртасида икки томонлама режаларни ифодаловчи ҳамкорлик келишуви имзоланди.

Учрашувда дастлаб иш берувчи компания фаолияти, мазкур давлатда ишлаб чиқариш, энергетика ва сервис соҳаларида мавжуд бўш иш ўринлари ҳамда Ўзбекистонда меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича мавжуд тизим, агентлик фаолияти, миграция географиясини кенгайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот алмашилган.

Тадбир якунида келгусидаги икки томонлама режаларни ифодаловчи ҳамкорлик келишуви имзоланган.

МДҲ мамлакатлари билан савдо-сотиқ

Ўзбекистоннинг Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 5 ойда 8,8 млрд долларга етди

МДҲ мамлакатлари билан савдо айланмасида энг кўп улушлар Россия, Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистон ҳиссасига тўғри келмоқда, деб ёзади «Иқтисодий шарҳ» журнали.

Қайд этилишича, жорий йилнинг январ-май ойларида Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 4,9 фоизга ўсиб, 8,8 млрд АҚШ долларини ташкил этган: 3,1 млрд доллари экспорт, 5,7 млрд доллари импорт. Ушбу даврда Ўзбекистон ташқи савдо айланмасининг 32,9 фоизи МДҲ мамлакатлари ҳиссасига тўғри келган.

Ўзбекистоннинг МДҲ мамлакатлари билан савдо айланмасида энг катта улуш — 4 млрд 782 млн доллар ёки 55 фоизи Россияга тўғри келмоқда. Ушбу сумманинг 1 млрд 354,3 млн доллар қисми экспорт, 3 млрд 427,7 млн доллар қисми импорт ҳисобланади.

Бу борадаги юқори бешликни 1 млрд 581,6 млн доллар билан Қозоғистон, 455,5 млн доллар билан Туркманистон, 294,3 млн доллар билан Қирғизистон ҳамда 265,2 млн доллар билан Беларус давлати якунлаган. 

Мавзуга оид