4 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Мирзиёевнинг ШҲТ саммитидаги чиқиши, Умра ташкилотчиларининг лицензияланиши, старт олаётган «Ташаббусли бюджет» ва «Ҳудудгазтаъминот»нинг янги раҳбари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Мирзиёевнинг ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашидаги чиқиши
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этди. У ШҲТ доирасидаги кўп қиррали шерикликни янада кенгайтириш тарафдори эканини таъкидлади.
Мамлакат етакчиси ушбу саммит халқаро вазият кескинлашаётган бир шароитда ўтаётганини қайд этди.
«Янги вайронкор можаролар пайдо бўлмоқда, глобал ва минтақавий хавфсизликка таҳдид ва хатарлар кучайиб бормоқда. Бу давлатлар ўртасида ўзаро ишонч камаяётган, қарама-қаршилик ва рақобат ортиши натижасида геосиёсий кескинлик тобора ўсаётган вазиятда кечмоқда.
Бундай мураккаб вазиятда ШҲТнинг асоси бўлган тамойилларга содиқлигимизни сақлаш ва янада мустаҳкамлаш фавқулодда муҳимдир. Ана шу тамойиллар туфайли ташкилот бугунги ютуқларга эришди, халқаро масалаларда юксак нуфуз ва барқарорлаштирувчи ўринга эга бўлди», — деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти бугунги воқеликда ШҲТ ҳамжиҳатлиги заифлашишига йўл қўймаслик муҳимлигини таъкидлади.
«Биз «ШҲТ оиласи» жипслигини кучайтиришимиз, биргаликда ривожланиш тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиб, очилаётган янги имкониятлардан максимал даражада фойдаланишимиз зарур», — деди Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбари ШҲТ олдида турган энг долзарб вазифалар ҳақида сўз юритар экан, глобал даражада ишонч тақчиллиги мисли кўрилмаган даражага чиққан шароитда умумий хавфсизликни таъминлашда янги ёндашувларни излаш зарурати ўсиб бормоқда.
Шу нуқтайи назардан, Ўзбекистон томонидан илгари сурилган умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамжиҳатлик бўйича Самарқанд ташаббусини амалга ошириш долзарблиги кўрсатиб ўтилди.
Давлат раҳбари мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш мақсадида ШҲТнинг Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини қабул қилишга чақирди.
Ўзбекистон етакчиси ШҲТ мамлакатларининг иқтисодий салоҳиятини самарали ривожлантиришга хизмат қиладиган «Шарқ-Ғарб» ва «Шимол-Жануб» йўналишларида инклюзив транспорт тизимини шакллантириш зарурлигига эътибор қаратди.
«Транспорт йўлакларининг кўп вариантли бўлиши бу — бутун минтақамиз барқарор ривожланишининг энг муҳим шартидир», — деди президент.
Сўзининг якунида давлатимиз раҳбари ХХР Раиси Си Жинпингни Хитой Халқ Республикаси Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислик миссиясини қабул қилгани билан табриклади.
Умра зиёратини ташкил қилиш лицензияланадиган бўлди
Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш лицензияланадиган фаолиятнинг алоҳида тури сифатида белгиланди.
Дин ишлари бўйича қўмита мазкур соҳадаги лицензияловчи ваколатли орган бўлади. Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолият учун лицензия олиш соҳасидаги ҳуқуқбузарлик БҲМнинг 200 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Қўмита томонидан Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича фаолиятини лицензиялаганлик учун тўланадиган давлат божи БҲМнинг 10 баравари (3млн 400 минг сўм) этиб белгиланган.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
«Ташаббусли бюджет» старт олмоқда
«Ташаббусли бюджет»нинг иккинчи мавсумига 6 июлдан старт берилади. Ушбу мавсум учун туман ва шаҳар бюджетлари ҳисобидан 2 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади. Битта лойиҳанинг энг юқори қиймати 1 млрд 360 млн сўмни ташкил этади.
Лойиҳалар 6−26 июл оралиғида қабул қилинади.
Лойиҳаларни саралаш 26 июл – 15 август, тарғибот қилиш: 15 август – 22 август ва овоз бериш: 22 август – 1 сентябр саналари давомида ўтказилади.
Маълумот учун, «Ташаббусли бюджет»нинг 2024 йил биринчи мавсумига 3,39 трлн сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилганди.
Прокурор «Ҳудудгазтаъминот»га раҳбар бўлди
2019 йилдан бугунги кунга қадар «Ҳудудгазтаъминот» АЖ бошқарув раиси бўлиб ишлаб келган техника фанлари доктори Баҳодир Эшмуродов лавозимидан озод қилинган.
Унинг ўрнига Андижон вилояти прокурори лавозимида ишлаб келган Маруфхон Хўжаев жамият бошқарув раиси этиб тайинланди.
Маруфхон Хўжаев 2023 йилнинг август ойидан буён Андижон вилояти прокурори лавозимида ишлаб келаётганди. Бунгача Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокурорининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.
«Ҳудудгазтаъминот» АЖда бошқарув раиси сифатида бугунгача Баҳодир Эшмуродов ишлаган. У 2019 йилдан бери ушбу лавозимда эди. 2002 йилдан бери газ соҳасида меҳнат қилиб келаётган Эшмуродов техника фанлари доктори ҳисобланади.
Мавзуга оид
21:40 / 21.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:49 / 20.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 19.11.2024
19 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:10 / 18.11.2024