Ўзбекистон | 21:40 / 15.07.2024
5559
5 дақиқада ўқилади

15 июлнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Хорижий ва нодавлат олийгоҳлардан ўқишни кўчиришга аризалар қабули очилди, метан заправкалар учун янги талаблар, юртимизга келаётган сайёҳлар ва Ўзбекистон паспортининг “кучи” — ўтган кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ўқишни кўчириш бўйича ариза қабули бошланди

Юртимизда олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари бошланиши баробарида, хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан ўқишни кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш ҳам бошланди.

Талабалар ўқишини қуйидаги олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларининг мос ва турдош таълим йўналишларига кўчириш бўйича аризаларни онлайн қабул қилиш бошланди:

- хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан (жумладан, халқаро тан олинган рейтингларда биринчи 1000 та ўриндан бирини эгаллаган);

- Ўзбекистондаги нодавлат олий таълим ташкилотларидан;

- хорижий олий таълим ташкилотларининг Ўзбекистондаги филиалларидан.

Хорижий давлатлардан ўқишни кўчириш бўйича аризаларни қабул қилиш 15 июлдан 5 августга қадар Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги сайтининг «Ўқишни кўчириш (хорижий ва нодавлат)» бўлими орқали амалга оширилади.

Ўзбекистондаги давлат олий таълим муассасалараро ўқишни кўчириш бўйича аризалар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги сайтида қабул қилинади.

Газ заправкалар учун қўшимча талаблар

Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари – янги метан заправкалар қуриш учун табиий газ тармоқларига уланиш бўйича техник шартлар ва лицензия фақат Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Энергетика вазирлигининг тақдимномасига кўра берилади.

Лицензия ёки рухсатнома олиш учун қуйидаги қўшимча ҳужжатлар тақдим этилиши керак:

- Сотиладиган сиқилган газ сарфи ҳисобини бевосита газ тарқатиш устунларидаги маълумотларни реал вақт режимида юритиш имконини берувчи Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича ягона интегратор UZINFOCOM МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган тизим ўрнатилганини тасдиқловчи ҳужжат;

- Энергетика вазирлигининг АГТКШ орқали сиқилган газ сотиш бўйича янги лицензия олиш Вазирлар Маҳкамаси билан келишувини тасдиқловчи тақдимномаси.

Амалдаги лицензиатлар учун UZINFOCOM автоматлаштирилган тизимларига уланиш талаби 2025 йил 1 январдан бошлаб мажбурий ҳисобланади.

Транспорт инфратузилмасига АҚШдан инвестиция

Ўзбекистон ва АҚШ мамлакатда транспорт инфратузилмаси, геология ва рақамлаштиришни ривожлантириш лойиҳаларига хусусий инвестицияларни жалб қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов АҚШнинг Глобал инфратузилма ва инвестициялар бўйича ҳамкорликнинг махсус координатори вазифасини вақтинчалик бажарувчиси Ҳелайне Мац билан учрашди.

Суҳбат давомида томонлар транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, геология ва рақамлаштириш лойиҳаларига хусусий молиялаштиришни жалб қилиш масалаларини муҳокама қилди.

Ушбу ташаббус 2022 йил июн ойида бўлиб ўтган G7 саммитида АҚШ томонидан илгари сурилган. Мақсад ривожланаётган мамлакатларда сифатли инфратузилмани ривожлантириш учун инвестицияларни сафарбар қилишдир.

Ташаббус доирасида Қўшма Штатлар грантлар, федерал молиялаштириш ва хусусий сектор сармояларини жалб қилиш орқали беш йил давомида 200 миллиард долларгача, G7 мамлакатлари эса 600 миллиард долларгача маблағ ажратади. Ташаббусни амалга оширишда Жаҳон банки ва BlackRock, Brookfield, Global Infrastructure Partners каби хусусий инвестиция компаниялари иштирок этмоқда.

Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар

2024 йилнинг ўтган 6 ойида Ўзбекистонга қанча сайёҳ келгани маълум қилинди. Кўрсаткичлар ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 415,6 минг нафарга ёки 13,3 фоизга ошган.

Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январ-июн ойларида Ўзбекистонга 3,5 миллиондан ортиқ чет эл фуқаролари туристик мақсадда келган.

Энг кўп сайёҳлар Қирғизистондан келган — 1 млн 57 минг. Тожикистондан ҳам деярли шунча — 1 млн 46 минг. Учинчи ўринда қозоғистонликлар – 668,4 минг.

Кучли ўнликда Россия, Туркманистон, Туркия, Хитой, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Италия каби давлатлар бор.

Ўзбекистон паспортининг “кучи”

Ўзбекистон фуқаролик паспорти “кучлилик” рейтингида 6 ўрин кўтарилди ва жаҳонда 79-ўринга жойлашди. Ўзбекистон паспортига эга шахслар олдиндан виза олмаган ҳолда 64 та мамлакатга бориши мумкин. Таққослаш учун, 2023 йилда ўзбекистонликлар 59 та давлатга визасиз кира олган ва паспорт бу борада 85-ўринда бўлган.

Бу Виза ва фуқаролик олиш масалалари бўйича халқаро консультатив марказ – Henley & Partners дунё мамлакатлари паспортининг анъанавий йиллик рейтингида акс этган.

Рейтингда биринчи ўринни Сингапур паспорти эгаллаган. Улар 195 та давлатга визасиз кира олишади. Кейинги юқори ўринларни асосан Европа Иттифоқи давлатлари банд этган.

Мавзуга оид