Жаҳон | 15:26 / 17.07.2024
7089
9 дақиқада ўқилади

Исроилнинг фаластинлик қўмондонларга суиқасдларидан наф борми? ҲАМАСда бошқарув тизими қандай шакллангани ҳақида

Якунланган ҳафта охирида Исроил армияси Хон Юнусга жиддий зарбалардан бирини амалга оширди, ҳужум натижасида ҲАМАС бригадаларидан бирининг қўмондони Рафаа Салама ҳалок бўлди. «Геосиёсат»да Ғазо атрофидаги сўнгги жараёнларни сиёсатшунослар Бектош Бердиев ва Шавкат Икромов таҳлил қилди.

Рафаа Салама ва Муҳаммад Дейф Ҳамас учун қанчалик муҳим лидерлар?

Шавкат Икромов: — Муҳаммад Дейф Ҳамасда рамзий ва вазифавий жиҳатдан муҳим шахс ҳисобланади. Ҳамас бошқаруви сиёсий ва ҳарбий бўлимга ажралади, Муҳаммад Дейф ҳарбий қанот раҳбари ҳисобланади. Ғарб таҳлилчилари ёзишича, у Ҳамасни партизанлик даражасидан тўлақонли армия даражасига олиб чиққан етакчи бўлган. Ҳамаснинг ҳарбий тактика ва стратегияларини ишлаб чиқишда муҳим шахс Муҳаммад Дейфдир, 7 октябр воқеаларининг ҳам асосий ташкилотчиларидан бири сифатида у эътироф этилади.

Дейф ҳалок бўлган бўлса, бу Ҳамас учун катта йўқотиш бўлади, лекин бу ташкилот фаолиятига таъсир қилмайди, аллақачон унга ўринбосарлар бор. Нетаняҳу ҳам Муҳаммад Дейф йўқ қилингани ҳақида аниқ маълумотлар йўқлиги, уни йўқ қилиш учун ҳаракатлар давом эттирилишини айтди. Ҳамас ҳам Муҳаммад Дейф вафот этганини тасдиқламади, катта эҳтимол билан у тирик. Унга бундан олдин ҳам бир неча марта суиқасдлар уюштирилган, у Исроил нишонидаги биринчи рақамли шахс ҳисобланади. Ҳозирда унинг ногирон бўлиб қолгани айтилади, охирги марта октябрдаги ҳужумлардан кейин кўриниш берганди, одатда у оммага кўринмайди.

Рафаа Салама эса Ҳамас учун жуда муҳим шахс эмас, одатий қўмондонларидан бири, Хон Юнус мудофаасини амалга ошираётган эди. Ташкилотда унинг ҳам ўрнини босувчи бир неча шахс бор.

Бектош Бердиев: — Бугунги кунда Ҳамасда қўмондонлар билан таъминлаш муаммо эмас, Рафаа Салама ўрнига тайёр, ундан ҳам яхшироқ бўлиши мумкин бўлган шахслар кўп. Ҳамас аллақачон бундай вазиятларни ҳисобга олиб ўринбосарлар тайёрлаб қўйган. Рафаа Саламанинг қўл остида 4 мингдан зиёд жангчи бўлган, бу бўлинма Исроилнинг Хон Юнусдаги ҳаракатларига катта қаршилик кўрсатмоқда.

Ҳамас ҳам бутунлай шубҳалардан холи эмас, унинг ичида ҳам Исроил жосуслари бор. Шунинг учун Ҳамас қўмондонлари бир кечада уч мартагача жойлашувини ўзгартиради. Салама Дейфга яқин бўлган қўмондонлардан эди. Исроил томонига кўра, айнан Муҳаммад Дейф ва Рафаа Салама ҳаракатлари билан мингдан зиёд исроиллик ҳалок бўлган. Шунинг учун бу икки шахс ҳам доимий суиқасдлар остида яшаб келади. Ҳужумлар оқибатида Муҳаммад Дейфнинг қариндошлари деярли қолмаган. Аммо иродасини сусайтирмасдан ҳаракатдан тўхтамаяпти улар.

Ғазодаги мавжуд гуруҳлар ва уларнинг бошқарув тизими қандай?

Шавкат Икромов: — Ҳозирда Фаластин давлати ҳудуди учга бўлинган: Фаластин маъмуриятига қарашли ҳудудлар, Ғарбий соҳил ва Ғазо минтақаси. Ғазода Ҳамас ҳокимияти ўрнатилган, шунингдек, Ғарбий соҳилнинг баъзи ҳудудлари ва Ливаннинг фаластинлик қочқинлар яшайдиган ҳудудларида ҳам Ҳамас ҳокимияти тан олинади.

Ҳамасни сиёсий партия сифатида талқин қиладиган бўлсак, ҳокимият сиёсий бюро томонидан амалга оширилади. Исмоил Ҳаня Ҳамаснинг юқори даражали етакчиси ҳисобланади. Яҳё Синовар ҳам ижро ҳокимиятидаги муҳим шахс. Муҳаммад Дейф эса ҳарбий етакчи, мудофаа вазирига тенглаштирса бўлади.

Бошқарув тузилмаси: ҳарбий ва сиёсий қанот ҳамда қуйи бўғинлар. Бошқарув ислом дини қоидалари бўйича амалга оширилади. Фаластинни озод қилиш бўйича ғоялар мафкура ҳисобланади. Кўпчилик бошида Ҳамасни ИШИДга ўхшатган, аммо Ҳамас миллий озодлик ҳаракати олиб борувчи сифатида ИШИДдан фарқланади. Ўзи, Ҳамас ва ИШИД ўртасида ғоявий қарама-қаршиликлар ҳам бор.

Ҳамас бошида Мусулмон биродарлар ташкилотининг Ғазодаги бўлими сифатида ташкил қилинган, кейинчалик ўз ғоялари билан чиқди. Шу тариқа, ташкилот ўсиб борди ва бугунги кунга келиб жуда тез тикланувчи бошқарув аппаратига эга.

Бектош Бердиев: — Ўтган аср охирларида Фаластинда икки асосий етакчи шаклланиб қолади. Биринчиси Ёсир Арофат, у умумий Фаластин раҳбари эди. Исроил билан маълум даражада келишув йўлларига ўтганди. Арофатнинг Осло келишувларидан кейин 1987 йилда Ғазода иккинчи куч шаклланди, яъни Ҳамас ташкилоти. Ўша пайтда Ҳамас етакчиси бўлган Аҳмад Ёсин бир неча марта Исроил қамоқхонасига тушади, бошқа давлатларга чиқиб кетди, лекин барибир йўлидан қайтмайди, охири 2004 йилда Исроил томонидан ўлдирилади. Шундан кейин Исроил Ҳамасда парокандалик бўлишини кутган эди, аммо ундай бўлмади. Ёсиннинг ўрнига келган Абдул Азиз Рантисий ҳам яхши фаолият юритди. У ҳам ўлдирилди. Аммо Ҳамасда, юқорида айтганимиздек, ўринбосарлар келиши механизми яхши шаклланган.

Ҳамас пайдо бўлганда Фаластин озодлик ташкилоти (Фатҳ)га қаршилик қила бошлади, бундан Исроил ўз манфаати йўлида фойдаланишга ҳаракат қилиб, Ҳамас ва Фатҳни уриштириб, иккисини заифлаштирмоқчи бўлиб, баъзида Ҳамасни қўллаб турган. Барибир Исроил ўз мақсадига етолмади, Ҳамаснинг обрўси ошиб, Ғазода ҳокимиятини ўрнатди.

Муҳаммад Дейф ўлса, унинг ўрнига Марвон Исса тайёр турибди. Исмоил Ҳаня ўлдирилса, унинг ўринбосарлари ҳам етарлича. Исроил ўлдирган қўмондонлар ўрнига замонавий ғарб илмини ўзлаштирган янги қўмондонлар келяпти.

Исмоил Ҳаня қаерда яшайди ўзи?

Бектош Бердиев: — Исмоил Ҳаня асосан Мисрда яшарди, Сиси ҳокимиятга келгач, кўп томонлама Ҳамас билан муносабатларга чек қўйди ва Исмоил Ҳаняни ҳам чиқариб юборди. Бугунги кунда Ҳаня Туркия ва Қатарда яшайди дейилади, асосан Қатарда бўлади. Баъзи маълумотларга кўра, Теҳронда ҳам уйи бор. Ҳамас сунний ташкилот бўлса ҳам, Эрон маълум даражада қўллайди уни. Умуман, бугун Ҳаняга кўплаб араб давлатларининг эшиги очиқ, бу очиқча айтилмаса ҳам. Ўзи, мусулмон давлатларида расмий бўлмаса ҳам ички қўллов бор Ҳамасга нисбатан.

Тинчлик музокаралари яна тўхтаб қолди дейиляпти, энди жараён қандай кечади?

Бектош Бердиев: — Яқинда бўлиб ўтган НАТО саммитида Эрдўған ва Испания бош вазири Ғазо масаласида икки хил страндартлилик бўлмаслиги керак, деди. Ростдан ҳам Фаластин халқи ва Ҳамасга нисбатан икки хил стандарт ишлаяпти. Баъзи давлатлар Ҳамасни террорчи ташкилот деб тан олади, баъзилари йўқ. Икки томонда ҳам кучли, катта давлатлар бор.

Халқаро суд Нетаняҳуни ҳибсга олишга ордер берса, Исроил репутацияси жуда тушиб кетади, шундоқ ҳам халқаро ҳамжамият олдида агрессор, геноцидчи сифатида гавдаланиб бўлди. Халқаро суд Нетаняҳу ва Муҳаммад Дейфни ҳибсга олиш бўйича ордерни кўряпти. Исмоил Ҳаняга нисбатан бундай масала йўқ, чунки у Ҳамаснинг мулоқот қилиш мумкин бўлган шахси. Халқаро суд ирода кўрсатиб, Нетаняҳуни ҳибсга олиш қарорини чиқарса, халқаро муносабатларда силжиш бўлганини, адолат бўлаётганини кўрсатар эди.

Шавкат Икромов: — Ҳамаснинг урушни мумкин қадар чўзиш стратегияси бор эди. Чунки тактик жиҳатдан Исроилни енголмайди, мақсад урушни чўзиб, Исроилнинг халқаро имижига зарба бериш бўлган. Ҳамас бу мақсадига эришди, бугун халқаро ҳамжамиятда Исроил нуфузи пасайиб кетди. Фақатгина АҚШ қўллови Исроилни ушлаб турибди урушда. Охирги вақтларда АҚШ томонидан ҳам танқид қилинаётган бўлса-да, яҳудий лоббиси яхши ишлаяпти ва ёрдам кўрсатиш тўхтагани йўқ.

Халқаро майдондаги охирги воқеалар, масалан, Эронда Раисий ўлими, сайловлар, Россия-Ҳиндистон, Россия-Хитой музокаралари сабаб Ғазодан бироз эътибор тортилди. Лекин уруш, қирғин даражаси пасайгани йўқ, давом этяпти.

Мутахассислар фикрича, Нетаняҳу икки хил вақт тартибида ишлаяпти. Биринчиси у Ҳамас билан музокараларга бормайдиган ултра ўнг коалиция билан ишлаяпти, шу коалиция тарқатиб юборилишини кутяпти. Иккинчиси, АҚШдаги сайловлар. Трамп ҳокимиятга келса, Нетаняҳу учун янги куч ва имконият беради. Шундан кейин у Исроилнинг ўзидаги сайловларга тайёрланади, Трамп ёрдамида каттароқ ғалабага эришиб, халқ ишончини қозониб ҳокимиятини сақлаб қолишга уринади.

Ҳамас эса олдиндан стратегияларини ишлаб чиққан, АҚШда ким ҳокимиятда бўлиши, Исроилдаги сиёсий ҳолат бўйича эҳтимолий режалари бор.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди

Мавзуга оид