Бакалавр ва магистратура қабули учун жами 44 минг 203 та давлат гранти ўринлари ажратилди.
Президентнинг 2024 йил 19 июлдаги 36-сонли фармойиши билан 2024/2025 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси (гранти) параметрлари тасдиқланди.
Унга кўра:
– бакалавр кундузги таълим шаклига – 34 минг 838 нафар;
– магистрлар тайёрлаш бўйича – 9 минг 365 нафар грант ўринлари ажратилди.
Президент фармойиши билан тасдиқланган жорий йилги квоталарнинг аввалгиларидан бир қанча фарқи бор:
- Биринчидан, квоталар ОТМлар кесимида эмас, балки йўналишлар кесимида эълон қилинди;
- Иккинчидан, квоталар фақат давлат гранти учун эълон қилинди, тўлов-контракт учун йўқ;
- Учинчидан, квоталар фақат кундузги таълим шакли учун эълон қилинди, сиртқи, кечки ва масофавий учун йўқ.
Ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худойбердиев янги тизим бўйича айрим тушунтиришлар бериб ўтди.
Батафсил квоталар қачон ва ким томонидан эълон қилинади?
Батафсил квоталар Давлат қабул комиссияси томонидан эълон қилинади. Одатда бу яна 1 ҳафтача муддатни талаб қилади. Яъни Президент умумий квотани тасдиқлагач, батафсил квоталарни яна кутишга тўғри келади.
Давлат қабул комиссияси нималарни тасдиқлайди?
Давлат қабул комиссияси 2024/2025 ўқув йили учун қуйидагиларни тасдиқлашини кутиш керак:
➖умумий қабул параметрларини (олийгоҳлар, таълим шакллари ва тиллар кесимида);
➖қўшимча қабул параметрларини (имтиёзга эга абитуриентлар учун);
➖мақсадли қабул квоталарини ва ушбу квоталарнинг туман (шаҳар)лар кесимидаги тақсимотини;
➖ўқишга қабул қилишнинг минимал ўтиш баллини;
➖умумий қабул параметрига нисбатан давлат гранти квотасининг улушини.

















