Жаҳон | 11:50 / 22.07.2024
3934
3 дақиқада ўқилади

Франция ғарбида тартибсизликлар: фермерлар сув омборларига қарши

Франция ғарбида фермерлар ва табиатни муҳофаза қилувчилар қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш учун улкан сув омборлари қурилишига қарши норозилик билдиришмоқда. Намойишчилар полиция билан тўқнашган, қўлга олинганлар ва яраланганлар бор.

Фото: Mathieu Herduin/dpa/MAXPPP/picture alliance

Франциянинг Атлантика океани соҳилида фермерлар ва табиатни муҳофаза қилувчилар суғориш учун ўнлаб йирик сув омборлари қурилишига қарши норозилик намойиши ўтказмоқда. Ла-Рошел порт шаҳрида иккита намойиш бўлиб ўтди, улардан бирининг иштирокчилари полиция билан тўқнашган.

Намойишда 2000 га яқин одам қатнашди, улар бутун шаҳар бўйлаб юришди ва маҳаллий вақт билан тахминан 14.00 (Тошкент вақти билан 17.00) да полиция томонидан тўхтатилди. Намойишчилар баррикадалар қуриб, чиқинди контейнерларига ўт қўйишни бошлади, полиция эса кўздан ёш оқизувчи газ гранаталарини отди. Олти нафар намойишчи ҳибсга олинган. Беш намойишчи ва бир аёл полициячи яраланган.

Худди шу куни Ла-Рошелда иккинчи норозилик намойиши тинчроқ ўтди. Унда 3000 га яқин киши қатнашди, уларнинг бир қисми маршрут сўнгги нуқтаси – юк портидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш терминалига – сув орқали, байдаркаларда етиб келди. Полиция маълум қилишича, 19 июлга ўтар кечаси порт терминалига кирган 200 га яқин одамни ҳудуддан чиқариб юбориш учун кўздан ёш оқизувчи газ ишлатилган. Уларнинг орасида тракторда фермерлар ҳам бўлган.

Қурғоқчиликка қарши сув омборлари

Янги сув омборлари қишда ерости сувлари билан тўлдирилиб, ёзда атрофдаги қишлоқ хўжалиги ерларини суғоришда фойдаланилиши режалаштирилган. Лойиҳа тарафдорларининг таъкидлашича, бу Франция ғарбидаги қишлоқ хўжалигини тез-тез учрайдиган қурғоқчилик оқибатларидан ҳимоя қилишга ёрдам беради.

Бироқ, норозилик асосини ташкил этувчи кичик фермер хўжаликлари эгалари «минтақада қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун эмас (маҳаллий аҳоли учун), балки жаҳон бозорларини озиқлантириш учун» сув омборлари қурилишини билдиряпти. Атроф-муҳит ташкилотлари, шунингдек, сув омборлари қурилиши маҳаллий экотизимларга зарар етказишидан хавотирда.

Ўтган йилнинг бошида Франциянинг ғарбий қисмида сув омборлари қурилишига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтган эди – ўшанда улар ҳам тартибсизликларга айланган эди.

Францияда фермерларнинг қишки намойишлари

Ўтган қишда Франция, Германия ва бошқа Европа Иттифоқи давлатларида фермерларнинг норозилик намойишлари кузатилди. Францияда улар солиқ ва тўловларнинг кўтарилиши, Европа Иттифоқида қаттиқ экологик талаблар ва ўз маҳсулотларининг арзон харид нархларига қарши норозилик билдириб, ўнлаб департаментларда йўлларни тўсиб, тракторларни Париж марказига олиб киришди.

Мавзуга оид