Чоршанба куни Ҳамас ўз сиёсий етакчиси Исмоил Ҳания Теҳрондаги қароргоҳида исроилликлар зарбаси оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилди.

62 ёшли Ҳания фаластинликлар гуруҳининг асосий етакчиси ва мафкурачиси ҳисобланарди.

«Биродаримиз, етакчи, ҳаракат раҳбари ва мужоҳид бўлган Исмоил Ҳания Эроннинг янги президентининг инаугурация маросимида иштирок этганидан кейин сионистларнинг унинг Теҳрондаги штаб-квартирасига уюштирган ҳужуми оқибатида ҳалок бўлди», — дейилади Ҳамас баёнотида.

Ҳаниянинг ўлими ҳақида Эрон ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳам хабар қилган. Корпус сайтидаги хабарда Ҳамас етакчиси билан биргаликда унинг тансоқчиси ҳам ҳалок бўлгани айтилади.

Ҳаниянинг ўлими Исроил Эрон томонидан қўллаб-қувватланадиган Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳининг асосий ҳарбий қўмондонларидан бири ўлдирилгани ҳақида эълон қилганидан бир кун ўтмасдан рўй берди ва кузатувчилар бу Яқин Шарқда уруш авж олишига олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.

Ҳозирча Ҳамас етакчиси ўлимига олиб келган зарба айнан қандай йўллангани борасида тафсилотлар очиқланмаяпти.

Эрон нашрлари маълумотига кўра, ҳужум маҳаллий вақт билан тунги соат икки атрофида, Ҳания Теҳрондаги уруш фахрийлари учун уйда бўлиб турганида йўлланган. Айрим маълумотларга кўра, у авиазарба қурбони бўлган.

Исроил ҳозирча ҳодиса юзасидан изоҳ бермаяпти, аммо 2023 йил 7 октябр воқеаларидан кейин мамлакат ҳукумати фаластинликларнинг ушбу гуруҳини тугатишга бел боғлаганди.

Араб нашрларида эса Ҳания ракета келиб тушиши оқибатида ҳалок бўлгани айтилмоқда, аммо бу маълумот расмий тасдиққа муҳтож.

Ҳаниянинг ўлимига қандай реакция қилинмоқда?

Ҳамас сиёсий бюроси аъзоси Мусо Абу Марзуқ буни «жавобсиз қолмайдиган» «жирканч ҳаракат» деб атади, гуруҳнинг бошқа бир юқори мартабали вакили Сами Абу Зуҳри ташкилот «ўз йўлида давом этиши»ни айтди.

Ҳамаснинг Ғазодаги бошқа бир юқори мартабали вакили BBC мухбири Рушдий Абуалуф билан суҳбатда шундай деган: «Ҳамас бу— ғоя, Ҳамас бу— мафкура. Ва етакчининг ўлдирилиши Ҳамасни ўзгартира олмайди, Ҳамасни таслим бўлиш ёки янги ён беришларга боришга мажбур қила олмайди».

Фаластинликларнинг WAFA агентлиги хабар қилишича, Иорданнинг Ғарбий соҳилидаги Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос ҳам Ҳаниянинг ўлдирилишини кескин қоралаган.