Яқин Шарқдаги кескинлик: ғарб мамлакатлари ўз фуқароларини Ливанни тарк этишга чақирмоқда
Тавсиялар Эрон ва унинг иттифоқчилари, хусусан, Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи Исроилга қарши зарбалар тайёрламоқда, деган хавотирлар фонида янгради.
Яқин Шарқдаги можаронинг кенгайиши эҳтимолидан хавотирлар кучаймоқда: бир неча мамлакат ўз фуқароларини Ливанни тарк этишга чақирди, АҚШ эса ушбу мамлакатдаги америкаликлардан қандай йўл билан бўлмасин у ердан кетишни сўради.
Эрон Теҳронда Ҳамас сиёсий бюроси етакчиси Исмоил Ҳания ўлдирилишида Исроилни айблаб, бунинг учун ундан «қаттиқ қасос» олишга ваъда берди. Исроил, ўз одатига кўра, гуруҳ етакчисининг ўлимига ҳеч қандай муносабат билдирмади. Эрон олий раҳнамоси, оятуллоҳ Али Хоминаий Исроил бу қотиллик учун «қаттиқ жазо» олишини айтган.
Ҳаниянинг ўлими Ғазода ўт очишни тўхтатиш ва гаровдагиларни озод этиш бўйича музокараларни ҳам хавф остига қўйди.
Эроннинг янги президенти Маъсуд Пезешкиённинг инаугурация маросимига ташриф буюрган Ҳания Исроил авиацияси Ливан пойтахти Байрутда «Ҳизбуллоҳ»нинг муҳим қўмондонларидан бири Фуад Шукурни йўқ қилишидан бир неча соат ўтиб Теҳрондаги қароргоҳида ҳалок бўлган.
Ғарбдаги мулозимлар Эрон Исроил бўйлаб жавоб зарбасини айнан «Ҳизбуллоҳ» қўли билан бериши мумкинлигини айтишмоқда. Бу эса Исроил томонидан ҳам жиддийроқ жавобни келтириб чиқариши тайин.
АҚШ ва ғарбнинг бошқа мамлакатлари минтақадаги кескинликни дипломатия ёрдамида камайтиришга уринишда давом этмоқда.
Аммо АҚШ, Буюк Британия, Швеция, Франция, Канада ва Иордания ўз фуқароларини имкон қадар тез фурсатларда Ливанни тарк этишга ҳам чақирган. Бейрутдаги ягона халқаро аэропорт эса рейслар бекор қилинмоқда. Айрим чипталар нархи ҳадданн ташқари қимматлашмоқда, аммо ҳозирча одамлар ваҳимага тушиб, мамлакатдан қочишга тушиши кузатилаётгани йўқ.
«Ҳизбуллоҳ» 2023 йил 7 октябрида Ҳамас томонидан уюштирилган ҳужумдан кейинги куни Исроил ҳудудини ўққа тутишни бошлаган, буни Ғазодаги фаластинликларни қўллаб-қувватлаши билан изоҳлаган. Аммо ушбу гуруҳнинг ҳужумлари асосан чегарадош ҳудудлар билан чекланган ва икки томон ҳам бир неча бор можаро кенгайишидан манфаатдор эмаслигини билдирган.
Исроил ва Эрон ўртасидаги муносабатлардаги кескинлик эса июл ойи охирида Жўлан тепаликларидаги футбол ўйингоҳига йўлланган зарба оқибатида 12 бола ҳалок бўлиши ортидан кучайди. Исроил бу ҳужумда Эрон томонидан қўллаб-қувватланаётган «Ҳизбуллоҳ»ни айблаган ва «қаттиқ» қасос олишини билдирган, ливанликлар гуруҳи эса бу зарбага алоқадорлигини рад этган.
Бир неча кун ўтиб «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳнинг яқин сафдошларидан бири Фуад Шукур исроиллик ҳарбийларнинг Байрутга йўллаган авиазарбаси қурбони бўлди. Бу зарба оқибатида жами тўрт киши ҳалок бўлган, шундан икки нафари болалар.
«Ҳизбуллоҳ» аъзолари Байрутнинг жанубий чеккасида, гуруҳнинг таянчи ҳисобланган ҳудудда Фуад Шукур ўлдирилгани учун жавоб қайтаришга онт ичишган. Якшанбага ўтар кечаси «Ҳизбуллоҳ» Исроил шимолидаги Байт-Ҳиллол бўйлаб ўнлаб ракеталар учирди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган кадрларда исроилликларнинг «Темир гумбаз» ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракеталарни тутиб қолаётгани акс этган. Қурбонлар ҳақида маълумот келиб тушмаган. Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари бунга жавобан Ливан жанубидаги нишонлар бўйлаб зарбалар берган.
Якшанба тонгида Исроилнинг Холон шаҳрида икки киши пичоқ билан қилинган ҳужум қурбони бўлди. Маҳаллий полиция ҳужум қилган шахс йўқ қилинганини билдирган.
АҚШнинг Байрутдаги элчихонаси шанба куни берган баёнотда «Ливанни тарк этишни режалаштираётганлар, ҳатто рейс дарҳол учиб кетмаса ёки манзил хоҳишга тўлиқ мос келмаса ҳам, мавжуд чипталарни банд қилиш»га чорланган.
Элчихона Ливанни тарк этишни истамаган америкаликларга «фавқулодда вазиятларга, шунингдек, узоқ вақт давомида уйда яшириниш билан боғлиқ вазиятга тайёр бўлиш»ни тавсия қилган.
Пентагон Исроилга Эрон ва унинг тарафдорларининг эҳтимолий ҳужумидан ҳимояланишга ёрдам бериш учун минтақага қўшимча ҳарбий кемалар ва қирувчи самолётлар юборилишини маълум қилган. Иттифоқчилар апрел ойида, Эрон Суриядаги дипломатик комплекси ҳудудига йўлланган зарбадан кейин бунда Исроилни айблаб, ушбу мамлакат ҳудудига 300 дан ортиқ ракета ва пилотсиз учар қурилмалар учирганида ҳам худди шундай стратегия қўллаганди.
Ҳозира кўпчилик Эрон Ҳаниянинг ўлимига ҳам апрелдаги каби тарзда жавоб қайтаришини тахмин қилмоқда.
Европа давлатлари эвакуацияга тайёрланмоқда
Буюк Британия эвакуацияга ёрдам бериш учун қўшимча ҳарбий хизматчилар, консуллик ходимлари ва чегара хизмати ходимлари юборилишини маълум қилиб, фуқароларини тижорий рейслар амалга ошириб турилганида Ливанни тарк этишга чақирган. Минтақада ҳозирда британларнинг иккита ҳарбий кемаси бўлиб турибди, қироллик ҳарбий ҳаво кучлари эса транспорт вертолётларини шай ҳолатга келтирган.
Буюк Британия ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми минтақадаги вазият «тезда ёмонлашиши мумкинлиги»ни айтган.
Германия ҳам ўз фуқароларидан зудлик билан Ливанни тарк этишни сўраган. «Вазиятнинг янада кескинлашиши ва можаронинг кенгайишини инкор этиб бўлмайди. Бу, хусусан, Байрутнинг жанубий ҳудудлари учун ҳам тегишли, Рафиқ Ҳаририй аэропортидан ҳаво қатновининг тўлиқ тўхтатилишига олиб келиши мумкин. Оқибатда Ливандан ҳаво орқали чиқиб кетиш имкони бўлмайди», дейилади Германия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Шунингдек, Белгия, Франция ва Норвегия ташқи ишлар вазирликлари ҳам ўз фуқароларини Ливанни тарк этишга чақирди.
«Минтақадаги сўнгги воқеалар туфайли... белгияликларга Исроил, Қуддус ва Фаластин ҳудудларидан чиқиб кетиш тавсия этилади», дейилади Белгия ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
Франция Ташқи ишлар вазирлиги ҳам французларни Ливан, Исроил ва Фаластин ерларига саёҳат қилишдан тийилишга чақирувчи баёнот берди. «Франция ўз фуқароларининг Ливан, Исроил ёки Фаластин ҳудудларига саёҳат қилмаслиги муҳимлигича қолаётганини эслатади», дейилади хабарда.
Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги, ўз навбатида, норвегияликларни Ливанни тарк этишга чақирувини эълон қилди.
Жума куни Эрон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Али Боғирий Евроиттифоқ ташқи сиёсат идораси раҳбари Жозеп Боррел билан телефон мулоқоти чоғида Эрон Исроилни жазолаш учун «ўзининг ажралмас ва қонуний ҳуқуқидан албатта фойдаланиши»ни билдирган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу исроилликларни «мураккаб кунлар» кутаётганидан огоҳлантирган, аммо мамлакат «ҳар қандай сценарий»га тайёрлигини айтган.
Мавзуга оид
21:16 / 06.10.2024
Трамп сайловда ғалаба қозонса, америкаликларни Марсга қўндиришга ваъда берди
20:40 / 06.10.2024
Исроил президенти Яқин Шарқда радикализмга қарши НАТО аналогини яратишни таклиф қилди
18:28 / 06.10.2024
Исроил Ғазо шимолида амалиёт бошлади
17:01 / 06.10.2024