Жаҳон | 20:07 / 10.08.2024
4366
2 дақиқада ўқилади

АҚШда миллий боғдаги йўл белгиларига бўёқ чаплаган германиялик туристлар жавобгарликка тортилади

Миллий боғдаги маданий ёдгорликларга зарар етказганлик учун максимал 5000 доллар миқдорида жарима кўзда тутилган.

Фото: АҚШ Миллий боғлар хизмати

Калифорнияда германиялик уч нафар сайёҳ Жошуа-Три миллий боғидаги мулкка зарар етказганликда айбланиб, жаримага тортилиши мумкин, деб хабар беради BBC.

Боғ маъмурияти уларни бўёқли шарчалар билан боғдаги йўл белгилари, ҳожатхона ва чиқинди контейнерларини ўққа тутганликда айбламоқда. Уларнинг сўзларига кўра, якшанба кунги кўрик вақтида «конструкциялар ва белгилардан пейнтбол бўёқлари излари» аниқланган.

Шундан сўнг боғ тўлиқ кўздан кечирилган, туристлар сўроқ қилинган ва улар ўз айбига иқрор бўлган. АҚШ Миллий боғлар хизмати маълумотларига кўра, боғдаги маданий ёдгорликларга зарар етказганлик учун максимал 5000 доллар миқдорида жарима кўзда тутилган. «Жошуа-Три миллий боғига кичик миқдорда ҳам зарар етказиш қонун бузилиши ҳисобланади», — боғ бош рейнжери вазифасини бажарувчи Жефф Филос.

«Бу дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар саёҳат қиладиган табиий муҳитни ёмонлаштиради», — дейди Филос. Унинг қўшимча қилишича, боғга «мунтазам турли граффитиларни ўчириш каби вазифалар қўйилади, бунга сарфланган ресурсни эса бошқа устувор мақсадларга йўналтириш мумкин».

Миллий боғ хизмати маълумотларига кўра, назоратчилар туристлардан учта чўзма, пейнтбол учун маркер, бўёқли шарлар ва бошқа воситаларни ашёвий далил сифатида олиб қўйган. Аниқланишича, боғнинг ғарбий кириш қисмидаги камида 11 та йўл белгисига сариқ бўёқли шарлар отилган.

Миллий боғлар хизматига кўра, Жошуа-Трига ҳар йили 3 миллиондан ортиқ турист у ердаги «ноодатий» дарахтлар, ҳайвонот олами ва манзараларни томоша қилиш учун ташриф буюради. Боғ майдони 800 минг акрга яқин — бу бутун бошли Род-Айленд штатидан катта демак.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш