Постковид синдроми нима?
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, дунёда ковид билан касалланганлар сони 774,1 млнга етган. Шундан 673,2 млн киши тўлиқ тузалган. 7,0 млн одам эса вафот этган. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич мос равишда 238 818 нафар, 236 999 нафар ва 1 637 нафарни ташкил қилади.
Халқаро экспертлар томонидан ўтказилган тадқиқот натижаларига кўра, пандемиянинг дастлабки 2 йили давомида дунёда 145 млнга яқин киши “постковид синдроми” билан касалланган. Бу эса коронавирусдан тузалган беморларнинг тахминан 20 фоизини ташкил этган.
Маълумот учун, постковид синдроми бу – баъзи кишиларда ковид касаллигидан кейин кузатиладиган узоқ муддатли симптомлар йиғиндиси. Уни бошдан кечираётганлар ўзларини баъзан “чўзилган ковид”дан азият чекаётганлар деб таърифлашади. Постковид синдроми 200 дан ортиқ симптомларни ўз ичига олади ва кўп органлар фаолиятига таъсир кўрсатиши мумкин. Умумий симптомларга чарчоқ, бўғим ва мушаклар оғриқлари, нафас қисилиши, когнитив дисфункция ва одатда кундалик фаолиятга таъсир қиладиган бошқа бир нечта симптомлар киради.
Постковид синдромининг қатор ривожланган мамлакатлар ижтимоий-иқтисодий соҳаларига таъсири ўрганилганда, меҳнат бозорига ва умуман иқтисодий ўсишга сезиларли таъсир кўрсатганини кузатиш мумкин. Бу ҳолат ижтимоий ёрдамга муҳтож аҳоли қатлами кенгайишига, ногиронлар сони ортишига олиб келади ва соғлиқни сақлаш тизимига бюджетдан қўшимча маблағлар ажратилишини талаб қилади.
Суяк бўғими емирилиши сезиларли ортган
Ковид асоратларидан бири ҳисобланган суяк бўғимлари емирилиши кузатилган беморлар сони ҳам сезиларли даражада кўпайяпти. Халқаро экспертларнинг изланишларига асосан, остеопороз (суяк тўқимаси зичлигининг пасайиши) ковид ташхиси қўйилган беморларнинг 8,6 фоизида кузатилган. Ушбу ҳолат нафақат катта ёшли беморларда, балки меҳнатга лаёқатли аҳолида ҳам учрамоқда. Бунинг натижасида, остеопороз касаллигини даволаш учун жами харажатлар 2021 йилдаги 12,2 млрд доллардан 2030 йилга келиб 17,1 млрд. долларга етиши кутилмоқда
ЖССТ маълумотларига кўра, остеопороз касаллиги юқумли бўлмаган касалликлар орасида юрак қон-томир касалликлари, саратон ва қандли диабет касаллигидан кейин хавфлилик даражаси бўйича 4-ўринда туради ва бу касалликдан ҳар йили дунё бўйича 8,9 млндан зиёд одам азият чекмоқда, натижада ҳар уч сонияда битта одам остеопоротик суяк синишига дуч келади.






