Суяк емирилиши ёки мўртлашиши асосан 45-50 ёшдан сўнг кузатиладиган касаллик бўлиб, тиббиёт тилида остеопороз деб юритилади.  Касаллик узоқ вақт яширин кечиши, инсонни ҳеч қандай белгилар безовта қилмаслиги мумкин. Фақат баъзи-баъзида беморнинг бели симиллаб оғрийди. Остеопороз, айниқса, сон, елка олди суяклари ва умуртқаларни зарарлайди. Инсон умуртқанинг бел ва думғаза қисмида, курак орасида оғирлик ҳисси, мушакларда оғриқ сезади.

Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Мурод Ирисметовнинг таъкидлашича, бу оғир касаллик тиббиётда сон суяги бошчасининг аваскуляр остеонекрози деб ҳам аталади. У суяк тўқимасида қон оқими вақтинча ёки доимий бузилиши оқибатида юзага келади. Яъни,  танамиздаги суяклар бир-биридан тоғай билан ажралиб туради. Юзалари бўғим пайлари билан мустаҳкамланган. Улар ҳаракат чоғида юзага келадиган ташқи зарбаларга қалқон бўлади. 

Бўғимлар ички қавати эса махсус парда билан қопланган бўлиб, ўзидан суюқлик чиқариб туради ва шу туфайли бўғимлар эластиклиги ортади ҳамда ҳаракат-таянч вазифасини ўтайди. Сон суяги бошчаси тананинг шу қисмидан ўтган битта артерия билан озиқланади. Агар унга қон бориши бузилса ёки тўхтаса, бўғимлар кислород ва бошқа ҳаётий зарур моддаларга тўйинмаслиги оқибатида некроз, яъни ҳужайра ва тўқималар нобуд бўлиши жараёни бошланади. Некроз ўчоғи катталашгани сайин сон суяги бошчаси ўз мустаҳкамлигини йўқотиб, тана оғирлигига бардош беролмай қолади. 

Шунингдек, остеопороз тана оғирлигини ушлаб турувчи бўғимларни зарарлайди. Бундан, айниқса, тос суяги ва тизза бўғимлари азият чекади. Инсоннинг ҳаракатланиши чекланади. Оёқларда оғриқ сезилади. Бу ҳам касалликнинг нишонаси ҳисобланади.

Бундан ташқари, букчайиб юриш, томир тортишиши, тез чарчаш, пародонтоз (милк касаллиги), беҳоллик, юракнинг тез уриши, тишларда караш пайдо бўлиши, тирноқларнинг синувчанлиги, сочларнинг эрта оқариши ҳам касалликнинг белгиларига киради.

Камҳаракатлилик — касалликнинг асосий сабабчиси

Касаллик қуйидаги сабаблар натижасида келиб чиқиши мумкин:

  • Камҳаракатлилик. Остеопороз ёки суяк емирилиши замонавий инсонлар касаллиги ҳисобланади. Жисмоний ҳаракат қанчалик кам бўлса, суяклар ҳам шунчалик заифлаша боради.