Жаҳон | 15:19 / 12.08.2024
20870
3 дақиқада ўқилади

Япония Марказий Осиёга нега қизиқмоқда? Таҳлилчилар билан суҳбат

Япония бош вазири Фумио Кишида шу ҳафта Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлиши, “Марказий Осиё + Япония” саммити ўтказилиши керак эди. Лекин кунчиқар юртдаги цунами хавфи сабаб у ўз сафарини кейинроққа қолдирди. Хўш, Токионинг Марказий Осиёда фаоллашишга интилаётгани нималар билан боғлиқ?

Бундан 20 йил аввал, 2004 йилнинг август ойида “Марказий Осиё + Япония” формати тузилган эди. Яъни Япония биринчилардан бўлиб бу минтақани бир куч сифатида кўриб келган. Бироқ орадан 20 йил ўтса-да, бирор марта давлат раҳбарлари даражасида саммит ўтказилмаганди.

Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг фикрича, минтақада Россия ва Хитой очиқдан очиқ сиёсий тандемда фаоллашгандан фаоллашиб, беш давлатни ўзига боғлиқ ҳолда ушлаб туришни мақсад қилган бир вақтда, Марказий Осиёдаги балансни ушлаш учун Япония ташаббуси билан ўтадиган бу саммит жуда муҳим.

Истиқболли тадқиқотлар институтининг Япония бўйича лойиҳалар директори Меҳринисо Абдурасуловага кўра, Япония минтақага сиёсий ғаразсиз ёрдам қўлини чўзади. Ўтган йили Япония G7 саммитига мезбон бўлганида, Хитой Марказий Осиё раҳбарларини йиғганди. Шунда бош вазир Кишиданинг партиясидагилар Марказий Осиё билан Токио алоқаларини қайта кўриш кераклиги ҳақида гапирган. Бу воқеалар ортидан Япония бош вазири ташрифга ҳозирлик кўрган эди.

Кишида сафари хусусида фикр билдирган Россия ТИВ расмий вакили – Мария Захарованинг чиқиши бу саммитга Москва қандай қараётганини акс эттиради. Захарова Япония ва МОни иқтисодий манфаатлар бирлаштирмаслиги, Япония орқали ғарб ғоялари минтақага сингдирилиши, бу билан АҚШ Марказий Осиёда Россия ва Хитой ўрнини қирқишга уринаётганини даъво қилди. Толиповга кўра, ТФ ТИВ вакилининг бундай гаплари минтақа давлатлари мустақиллиги ва суверенитетига қўпол ҳурматсизликдир. Шунингдек, Захарова Хитой номидан бемалол гапиришга журъат этди, бу ҳам уларнинг тандемини исботлайди, дейди сиёсатшунос.

Меҳринисо Абдурасулованинг фикрича, Япония ўзбекистонликлар учун меҳнат миграцияси эшикларини очаётгани қувонарли. Чунки бу ерда, Россиядан фарқи равишда, мигрантлар ҳуқуқлари қонун ҳимоясида бўлади, улар камситилмайди, ягона осиёлик сифатида кўрилади, дейди японшунос.

Эслатиб ўтамиз, Фумио Кишиданинг давлат ташрифи муносабати билан 50 дан ортиқ бизнес доиралар вакиллари ҳам Остона, Тошкентга келаётган эди. Япон ҳукумати раҳбари Қозоғистон ва Ўзбекистонда бўлиб, кейин Мўғулистонга йўл олиши белгиланганди. Ташриф ва саммитнинг янги санаси дипломатик манбалар орқали келишилиши маълум қилинган.

Шоҳрух Мажидов суҳбатлашди.

Мавзуга оид