Япониялик олимлар денгиз сувида парчаланувчи пластик материални ихтиро қилди
Олимлар янги материал микропластиклар натижасида юзага келаёган атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга хизмат қилишини таъкидламоқда.
Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилувчи Riken тадқиқот институти олимлари мустаҳкамлик борасида оддий пластикдан фарқ қилмайдиган, аммо денгиз сувида бир неча соат ичида эриб кетишга қодир пластик материални ихтиро қилди.
Қайд этилишича, таркибида Токио университети олимлар ҳам бўлган халқаро тадқиқот гуруҳи вакиллари янги материал микропластиклар натижасида юзага келаёган атроф-муҳит ифлосланишини камайтиришга хизмат қилишини таъкидламоқда.
Пластиклар мономерлар занжиридан иборат полимерлардан ташкил топган. Мономерлар ўртасидаги мустаҳкам алоқа сабаб улар парчаланиши қийин, шу боисдан пластиклар ташлаб юборилганда улар тўпланиб қолиб, атроф-муҳитга зарар етказади.
Riken тадқиқот гуруҳи раҳбари ва Токио университети профессори бўлган Такудзо Аида раҳбарлиги остида олимлар гуруҳи табиий парчаланувчи мономерларнинг икки турини сувда аралаштириб, комбинацияланган мономерлар структурасини яратди.
Пайдо бўлган ва қуритилган структура шаффоф рангда бўлиб, пластик материал каби мустаҳкам. Олимлар гуруҳи аралашмадаги мономерлардан бирининг улушини ошириш орқали ушбу материалга термобарқарорлик, қаттиқлик ва парчаланишга нисбатан бардошлилик каби турли хусусиятларни қўшиш мумкинлигини аниқлади.
Жамоанинг сўзларига кўра, ўтказилган тестлар давомида олинган пластик намуналари одатдагилардан фарқ қилмаслиги, аммо шўр сувга солинганида мономерлар бир неча соат ичида ажралиб кетиши исботланган. Шунингдек, ҳар икки тудаги мономерларни арзон нархларда харид қилиш мумкин.