Жаҳон | 08:57 / 13.08.2024
12818
4 дақиқада ўқилади

ОАВ: Санкцияларга қарамай, Россияга миллиардлаб доллар ва евро олиб кирилди

Доллар ва евро купюралари Россия Федерациясига, хусусан, БАА ва Туркиядан олиб кирилди, дея хабар бермоқда Reuters божхона декларацияларига таяниб.

АҚШ ва Европа Иттифоқи санкцияларига қарамай, Россияга миллиардлаб доллар ва евро нақд пуллар кириб келишда давом этмоқда. Бу ҳақда 12 август, душанба куни Reuters хабар берди. 

Шу тариқа, унинг маълумотларига кўра, 2022 йилнинг март ойидан бошлаб, Украинада Россия уруши бошланганидан буён Россия Федерациясига АҚШ ва Европа Иттифоқи валюталарида тахминан 2,3 миллиард доллар нақд пул кўринишида олиб кирилган. Агентлик 2022 йил мартидан 2023 йил декабригача бўлган давр учун божхона маълумотлари билан танишиш имконига эга бўлди. 

Банкноталар БАА ва Туркия каби давлатлардан олиб келинган - улар Россия Федерациясига валюта олиб чиқишга чекловлар қўймаган. Банкнотларнинг келиб чиқиш мамлакати барча ҳолатлар ярмидан кўпида кўрсатилмаган.

2023 йил декабрида АҚШ ҳукумати Россияга санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам берадиган молиявий институтларга жарима билан таҳдид қилди ва учинчи давлатларнинг қатор компанияларига қарши санкциялар жорий этди, деб эслатади Reuters. 

Урушдан олдин нақд пул импортининг кескин ўсиши

Ҳужжатлар Россиянинг Украинага ҳужумидан сал олдин нақд пул импорти кескин ошганини кўрсатмоқда, дея таъкидлайди агентлик. 2021 йил ноябридан 2022 йил февралигача 18,9 миллиард долларлик доллар ва евро купюралари Россияга кирди, аввалги тўрт ой ичида эса атиги 17 миллион доллар олиб кирилган. 

Американинг Buchanan Ingersoll & Rooney юридик фирмасидан Даниел Пикар фикрича, кескин ўсиш бир қатор россияликлар ўзларини Ғарб кутилган санкцияларидан суғурта қилиш истагидан далолат беради.

«Аэро-Трейд» - энг йирик декларант 

Чет эл валютаси билан божхона операцияларининг энг йирик декларанти «Аэро-Трейд» компанияси бўлиб, у Россия аэропортлари ва самолётлари бортида божсиз савдо бозорида тўлиқ хизматларни тақдим этади, деб ёзади Reuters. Унинг сўзларига кўра, у Москванинг Домодедово аэропорти орқали 20 миллион доллар ёки еврога тенг валютани олиб киришнинг 73 та ҳолатини декларация қилган. 

2022 йил февралидан 2023 йил охиригача «Аэро-Трейд» Америка ва Европа банкнотларида тахминан 1,5 миллиард доллар декларация қилди. 

Божхона декларацияларида банкнотларнинг манбаси валюта айирбошлаш натижаси ёки самолёт бортида савдодан тушган тушум сифатида тавсифланади, дейилади агентлик маълумотида.

Бундан ташқари, аксарият ҳолларда «Аэро-Трейд» фақат декларант сифатида кўрсатилган - божхона ҳужжатларини тақдим этган ташкилот. Reuters агентлиги компания мижозларини, нақд пул манбаси ёки манзилини аниқлай олмади.

«Аэро-Трейд» асосчиси Артем Мартинюк Reuters агентлигига божхона ҳужжатларининг ҳақиқийлигига шубҳа қилишини айтди. У бошқа изоҳ беришдан бош тортди. Компания баёнотида «Аэро-Трейд» Россияга чет эл валютасини етказиб бермаслиги таъкидланади. 

Олтин сотиш учун банкларга тўлов

Божхона ҳужжатларида кўрсатилгандек, қиймати 2,27 миллиард долларлик банкнотларнинг чорак қисмидан кўпроғи асосан қимматбаҳо металлар учун тўлов сифатида банклар томонидан олиб кирилди.

Шу тариқа, 2022 ва 2023 йилларда Россиянинг «Витабанк»и Туркиянинг Demas Kuyumculuk олтин савдо компаниясидан 64,8 миллион доллар миқдоридаги банкнотларни импорт қилган. Худди шу даврда «Витабанк» турк компаниясига 59,5 миллион долларлик олтин ва кумуш етказиб берди. 

Июн ойида АҚШ Молия вазирлиги Москва биржасига қарши жорий қилган санкциялардан сўнг Россиядаги импортчилар доллар ва евро ўрнига Хитой юанидаги контрагентлар билан ҳисоб-китобларга эътибор қаратди, бироқ хорижий банклар билан ишлашдаги қийинчиликлардан шикоят қилди.

Аввалроқ, 8 август куни Reuters агентлиги Россия ва Хитой деярли 30 йил ичида биринчи марта АҚШ назоратидаги банк тизимларидан фойдаланишни чеклаш учун кузда бартер савдоси схемаларига ўтиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эди.

Мавзуга оид