Жаҳон | 10:05 / 14.08.2024
4556
3 дақиқада ўқилади

Курскда муддатли ҳарбий хизматга чақирилганлар шартнома имзолашга мажбурланяпти

Жанговар ҳаракатлар кузатилаётган районлардан эвакуация қилинган ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбурланиб, олдинги сафга қайтарилмоқда, деб ёзади «Вестка».

Фото: Илья Московец / URA.RU

«Верстка» хабарига кўра, Курск областида фронтдан эвакуация қилинган ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар Мудофаа вазирлиги билан шартнома имзолашга мажбурланиб, жанговар ҳаракатлар кузатилаётган районларга қайтарилмоқда. Курск районидаги ҳарбий қисмлардан бирида 150 га яқин ҳарбий хизматга чақирилган аскарлар шартнома бўйича хизматга мажбурланмоқда, деб ёзади нашр 13 август, сешанба куни чақирилувчиларнинг икки онасига таяниб.

Шу билан бирга, аскарларга имтиёзлар, кунига 4-4,5 минг рубл миқдорида тўловлар ваъда қилинган, шунингдек, улар фронтдаги ҳудудни тозалаш учун «штурмчиларга эргашишлари» керак. Суҳбатдошлардан бирининг сўзларига кўра, муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганларга шартномадан бош тортса, жиноий жавобгарликка тортилиши билан таҳдид қилинмоқда. Бироқ, аскарлар жанговар ҳаракатларда қатнашиш учун етарли тайёргарликдан ўтмаган, дейди уларнинг оналари. 

Шунингдек, улар Россия президенти Владимир Путиннинг ҳарбий хизматга чақирилувчилар Украинага қарши урушда қатнашмасликлари ҳақидаги ваъдаларини эслатди. Нашр суҳбатдошларнинг исмларини келтирмади. 

Украина Қуролли кучларининг Курск областидаги ҳужуми 

Украина Қуролли кучлари 6 август куни Россиянинг Курск областига ҳужум бошлади. Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Олександр Сирский 12 август куни Украина армияси қарийб 1000 квадрат километр Россия ҳудудини назорат қилаётганини айтди. Жанглар Коренев ва Суджа районлари ҳамда Беловский районида давом этмоқда. У ерда Россия Федерациясидан табиий газ Украинанинг газ транспорт тизимига борадиган ва кейин Европа Иттифоқига транзитга кетадиган ягона нуқта - «Суджа ГИС» бор. Бундан ташқари, минтақада Курск атом электр станцияси жойлашган.

Украина расмийлари кўп сонли россиялик ҳарбийлар асирга олинганини даъво қилмоқда. Украина президенти Володимир Зеленский унинг мамлакати «алмашинув фондини тўлдираётгани»ни таъкидлади. 13 август куни кечки видеомурожаатида у «юзлаб россиялик ҳарбийлар аллақачон таслим бўлгани»ни таъкидлади. Шу билан бирга, «уларнинг барчасига инсонпарварлик билан муносабатда бўлинади - улар ҳатто ўзларининг Россия армиясида ҳам бундай муносабатни кўрмаган», деди Украина президенти. 

Bloomberg агентлиги Россия Қуролли кучларида Курск области мудофааси учун шахсий таркиб етишмаётганини қайд этиб, йил охиригача сафарбарлик эълон қилиниши мумкинлиги ҳақида ёзди.

Мавзуга оид