Жаҳон | 21:53 / 17.08.2024
13995
14 дақиқада ўқилади

“Толибон” ҳокимиятининг 3 йили – экспертлар нигоҳида

АҚШ қўшинларининг чиқиб кетиши билан, 2021 йилнинг 15 август куни Афғонистоннинг деярли бутун ҳудуди “Толибон” назоратига ўтганди. Хўш, орадан 3 йил ўтиб, толиблар ҳукмронлиги ҳақида қандай хулосалар қилиш мумкин? Kun.uz бу борадаги саволлар билан сиёсий таҳлилчиларга мурожаат қилди.

Орадан 3 йил ўтдики, “Толибон” ҳокимияти БМТга аъзо бирор давлат томонидан тан олинмади. Бунинг сабаблари нимада?

Камолиддин Раббимов: “Толибон” 2020 йил августда ҳокимиятга келганида, дунё ҳамжамияти “Толибон” ҳукуматига бир қатор шартлар қўйди. Булар: аёллар ва қизларнинг фундаментал ҳуқуқларини таъминлаш, инклюзив (Афғонистондаги барча этник гуруҳлар иштирокида) ҳукумат тузиш, собиқ ҳукумат эгаларини тазйиқ остига олмаслик, Афғонистонни экстремизм ўчоғига қайтадан айлантирмаслик, Афғонистонни наркобизнесдан холи давлат сифатида шакллантириш кабилар. Чунки глобаллашган дунёда хавфсизлик ва барқарорлик инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ. Агар бирор давлат ўз фуқароларига репрессия қиладиган бўлса, бунинг натижаси бутун дунё аҳолисига таъсир кўрсатади. Бу эса қочқинлар, экстремизм ёки терроризм мисолида бошқа давлатларга таҳдид солиб туриши аниқ.

Мана шундай талаблар “Толибон”га қўйилди ва баъзи талабларни у адо қилди ҳам. Масалан, ҳозирда Афғонистон наркотик моддаларни етиштириш борасида нисбатан барқарор даражага эришган. Яъни аввалгиларга нисбатан камроқ наркотик модда етиштирилмоқда. Аёлларнинг таълим олиши, инклюзив ҳокимият борасидаги ҳаракатлар ҳали юзага чиқмагани учун бошқа йирик давлатлар унинг ҳукуматини тан олишмаяпти.

Толиблар ҳалигача инклюзив бошқарув тизимига ўтмаган, ҳаттоки бу ҳақида бирор мужда ҳам йўқ.Толибон” Афғонистонни қанчалик тўлиқ назорат қила оляпти деган савол ҳозир ҳам актуал. Толиблар ўтган 3 йил ичида қанчалик ички бўлинишларга дуч келди?

Суҳроб Бўронов: Гарчи "Толибон" кучлари мамлакатдаги ички гуруҳлар ўртасида бирлик ҳақида сўз юритса ҳам, аслида гуруҳлараро бўлинишлар мавжуд. Бу бўлиниш асосан раҳбар Ҳайбатуллоҳ Оҳунзода ва ички ишлар вазири Сирожиддин Ҳаққоний, шунингдек мудофаа вазири Мулла Яъқуб ўртасидаги кураш билан боғлиқ. Бу ҳолат пуштунларнинг дурроний ва гилзайлар ўртасидаги сулолавий қарама-қаршилиги сифатида ҳам баҳоланмоқда.

Афғонистонда радикал гуруҳлар билан боғлиқ ҳозирги вазият қандай?

Анвар Йўлдошев: Ҳозирда Афғонистонда 20 дан ортиқ террористик гуруҳлар мавжуд. Уларнинг орасида энг йириги – 6 мингга яқин жангариси бор ИШИД-Хуросон ҳисобланади. ИШИД-Хуросон 2015 йилда Афғонистонда ташкил топган. Унга ёндош яна бошқа гуруҳлар ҳам мавжуд. Бунга ўзбекистонликлардан иборат “Имом ал-Бухорий” гуруҳи, “Жабҳат ал-Нусраҳ” гуруҳи, “Шарқий Туркистон ислом ҳаракати” кабилар киради.

Суҳроб Бўронов: ИШИДнинг Хуросон бўлими Афғонистонда фаолият кўрсатаётганини БМТ ва Афғонистонга дахлдор давлатлар тасдиқламоқда. ИШИД-Хуросон террор ташкилотининг Афғонистонда турли терактларни уюштириб келаётгани қўшни минтақа давлатларига таъсир кўрсатмайди ёки хавф туғдирмайди, деб айтишга кафолат мавжуд эмас. Айниқса, 2022 ва 2023 йиллар оралиғида Покистон ва Россиянинг Афғонистондаги элчихоналарига, шунингдек, Хитой инвесторлари бўлган меҳмонхонага қилинган ҳужумларни ушбу террорчи гуруҳ зиммасига олган.

Камолиддин Раббимов: Бугун Афғонистонда “Толибон” давлатни тотал равишда бошқариб келмоқда, унга рақобатчи сифатида ИШИДнинг Хуросон бўлими мавжуд. Вақти-вақти билан улар турли террористик ҳаракатларни олиб боришади – “Толибон”га қарши эканликларини билдириш учун. Аммо бу гуруҳнинг ресурслари, имкониятлари жуда кам, шу сабабли у жамиятнинг ичкарисида яширинган ҳолда фаолият олиб боради. “Толибон” уларнинг қароргоҳи қаердалигидан хабар топса, ҳужум қилиши аниқ. Бу гуруҳни минтақа давлатларига таҳдид соладиган даражада кенг имкониятга эга деб ҳисоблаб бўлмайди.

Ўзбекистон “Толибон” билан кенгроқ мулоқотни Марказий Осиёнинг бошқа давлатларидан аввалроқ бошлаган. 2019 йилда толиблар делегацияси Ўзбекистонга 5 кунлик ташриф билан келганди. 2024 йил июл ойида эса Қозоғистон “Толибон” ҳаракатини террорчилар рўйхатидан олиб ташлади. Хўш, қўшни давлатларнинг “Толибон”га муносабати қандай?

Наргиза Умарова: Ўзбекистоннинг “Толибон”га нисбатан сиёсатини кейинчалик бошқа Марказий Осиё давлатлари ҳам қўллаб-қувватлай бошлади. Марказий Осиё давлатлари орасида фақатгина Тожикистон “Толибон” ҳукумат тепасига келганда ўзининг кескин позициясини билдириб келаётган эди. Аммо бошқа давлатларнинг Афғонистон билан савдо алоқаларини йўлга қўйиши Тожикистоннинг ҳам муносабатини ўзгартирди. Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари БМТ томонидан Афғонистон олдига қўйилган талабларни истисно қилмаяпти.

Камолиддин Раббимов: Марказий Осиёда Ўзбекистон “Толибон”ни тан олиш ва уни босқичма-босқич масъулиятли, сиёсий кучга айлантириш тарафдори. Лекин Тожикистоннинг Афғонистонга муносабати анча салбий, чунки Афғонистондаги иккинчи этник гуруҳ этник – тожиклар. “Толибон” ҳокимиятга келгандан бери у ердаги тожиклар ва ўзбекларнинг ҳуқуқий мақоми анча ёмонлашган. Аммо “Толибон”ни тан олсак, у ердаги муаммоларга бирга ечим изласак, қайтадан фуқаролар уруши бошланмайди, деган қараш мавжуд.

Наргиза Умарова: Охирги йилларда Қозоғистоннинг ҳам Афғонистон билан савдо алоқаларида фаоллашганини кузатмоқдамиз. Ҳатто ўтган йили Кобулда қозоқ-афғон бизнес форуми ҳам ўтказилди. Жорий йилда ўзбек-афғон бизнес форуми ҳам бўлиб ўтди ва яқинда яна бир форум бўлиши мақсад қилинган. Қозоғистон ҳам тушуняптики, Афғонистон у учун стратегик аҳамиятга эга жойда жойлашган.

Бугунги кунда Туркманистон томони ҳам тўхтатиб қўйилган транспорт коридорлари масаласида Афғонистонга кўп марта ташриф буюришмоқда.

Анвар Йўлдошев: Трансафғон йўлагининг Термиз–Мозори Шариф йўналиши қурилган, лекин Кобулга, ундан Пешоваргача бўлган қисмини биз ҳали ҳам хавфсизлик масаласини рўкач қилиб ўз зиммамизга олганимиз йўқ. “Толибон” хавфсизликни ўз бўйнига олмоқда, аммо биз бу учун масъулиятни бўйнимизга олмаяпмиз. Яқинда бу лойиҳани ҳам хитойликлар амалга оширишади. Аслида Ўзбекистон темирйўллари буни ўз зиммасига олиши керак. Мозори Шарифдан Пешоваргача бўлган йўлда 7 та тунел, 11 та кўприк, 264 та сув ўтказиш иншоотлари қурилиши керак. Натижада Ўзбекистон учун темирйўл орқали денгизга чиқиш ҳозиргидек 35 кун эмас, 3-5 кун вақт олади.

Ғарб, Хитой ва Россия ўртасидаги рақобат афғон инқирозига халқаро муносабатни қандай шакллантиряпти?

Камолиддин Раббимов: Бугунги кунда дунё ҳамжамияти 3 та катта қутбга бўлинган дейиш мумкин. Булар: коллектив ғарб, Хитой ва Россия. Россия Федерацияси бир вақтлар “Толибон” билан анча яқинлашган эди, чунки Россия Афғонистондан АҚШ ҳарбий гуруҳини чиқариб ташлаш ниятида эди. Бу натижага эришилгандан кейин “Толибон” Россия билан муносабатларни қайтадан ишлаб чиқиш учун ҳаракатларни амалга оширди. Чунки “Толибон” учун Россияга яқинлашиш бу қадар манфаатдор масала эмас эди.

Хитой Халқ Республикаси Афғонистонда барқарорлик бўлишидан манфаатдор. “Бир камар – бир йўл” лойиҳаси Евроосиё марказида тинчлик бўлишини тақозо қилади.

Америка эса бунда икки томонлама сиёсатни амалга оширмоқда, Америка Россия ёки Хитой Афғонистонга бутунлай кириб олишининг тарафдори эмас, шунингдек “Толибон”га Америка қудратини билдириб қўйиш, уларни чеклаб туриш сиёсатини ҳам амалга оширишни кўзлаган. Шу сабабли Америка Афғонистон учун бирмунча мўътадил сиёсатни амалга оширмоқда.

Анвар Йўлдошев: Россия Украина билан жанг олиб бораётган вақтда, Хитой Афғонистонга кириб бўлди. Хитой Афғонистонга жуда катта сармоялар киритмоқда, Бадахшонда лаъл ишлаб чиқариш, ярим ўтказгичлар учун хомашё олиш сингари соҳаларга Хитой томонидан инвестиция киритилмоқда. Ерости бойликларини қайта ишлаш масаласида ҳам Хитой етакчилик қилмоқда. Бошқа давлатлар ўйлаб турган вақтда хитойликлар амалий ишлар билан шуғулланмоқда Афғонистонда.

Қўшинларини олиб чиқиб кетган АҚШнинг Афғонистонга таъсири қанчалик сақланиб қолган ва бу қайси нуқталарда сезилади?

Фарҳод Толипов: 2021 йил август ойида “Толибон” на АҚШ, на афғон армияси томонидан қаршиликка учрамай ҳукумат тепасига келди. Бундан шуни англашимиз мумкинки, ҳалигача АҚШ ва “Толибон” ўртасида алоқалар бор. Аввалроқ собиқ президент Трамп АҚШ қўшинларини Афғонистонга қайтариш тўғрисида баёнот берганди. Трамп ҳокимиятга келганда ҳам бу қўшинларни қайтариши ёки қайтармаслиги бу бошқа масала, аммо Афғонистонга АҚШнинг таъсир салоҳияти мавжуд.

Суҳроб Бўронов: АҚШ Афғонистондаги таъсирини ҳар томонлама сақлаб қолган. Фақат бу эндиликда "Толибон" воситасида амалга ошмоқда. Жумладан, бундай таъсир сиёсий, ҳарбий ва молиявий кўмак кўрсатилишини ўз ичига қамраб олади.

Амударё сувининг бир қисмини Афғонистоннинг шимолий ҳудудларига йўналтирадиган Қўштепа каналининг иккинчи босқичи айни пайтда 58 фоизга якунланган. Канал 5 йилдан кейин тўлиқ ишга тушиши кутиляпти. Бу лойиҳага Афғонистоннинг қўшни давлатлари қандай ёндашяпти?

Наргиза Умарова: Минтақадаги барча давлатлар сингари Ўзбекистон ҳам Афғонистонни бу лойиҳани амалга оширишдан қайтариш фойдасиз эканини билмоқда, аммо бизнинг позициямиз шу лойиҳа техник жиҳатдан изчил амалга оширилиши учун Афғонистонга ёрдам бериш кераклигидир. Шу сабабли Ўзбекистон ўз ёрдамини “Толибон”га таклиф қилди. Буни Кобулга Ўзбекистон делегациясининг бир нечта ташрифларида кўриш мумкин.

Анвар Йўлдошев: Агар бу лойиҳа ишга тушадиган бўлса Афғонистоннинг Балх, Журжон, Таҳор каби 4 та вилояти сув билан таъминланади. Бу яхши албатта, аммо Амударё – трансчегаравий дарё ҳисобланади. Амударё сувининг 70 фоизи Тоғли Бадахшонда шаклланса, 30 фоизи Афғонистонда шаклланади. Бунда Афғонистоннинг сув олишга бўлган ҳаққи бор, биз буни эътироф этиш билан бирга, Амударёдан фойдаланишда эҳтиёткор бўлишни, замонавий техника воситаларидан фойдаланиш зарурлигини тушунтиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Президентимиз ҳам бу борада ўз чиқишларида таъкидлаб келмоқдалар.

Амударёдан фойдаланиш бўйича 1992 йилда Тожикистон, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг ўзаро келишуви бор. Бу келишувга Афғонистонни ҳам жалб қилиш, шу тариқа дарё сувини режали равишда квоталаш асосий масала бўлиб қолмоқда.

Суҳроб Бўронов: БМТнинг 2024 йил февралдаги маълумотларига кўра Афғонистонда 23,7 млн аҳоли гуманитар кўмакка муҳтож. Шундай бўлса-да, “Толибон” Афғонистонда Қўштепа канали каби йирик лойиҳаларга катта эътибор қаратмоқда. Айни пайтда бу лойиҳанинг иккинчи босқичи амалга ошмоқда. “Толибон” сув воситасида қўшни давлатлар билан зиддиятларга бораётгани сир эмас. Ўтган йилларда Эрон билан Ҳелманд дарёси, Покистон билан Кунар дарёси сувларидан фойдаланиш бўйича юзага келган келишмовчиликлар шулар жумласидан. Ўзбекистон эса Қўштепа канали, аниқроқ айтганда Амударёнинг қуйи оқимидан биргаликда фойдаланиш (сув тақсимоти) бўйича “Толибон” билан музокаралар олиб бормоқда.

Толибларга қарши 1990-йилларда курашган “Шимолий алянс” раҳбари Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли – Аҳмад Масъуд бошчилигидаги “Афғонистон миллий қаршилик фронти” фаолиятини қандай баҳолаш мумкин?

Анвар Йўлдошев: Аҳмад Масъуд отаси сингари жамиятда йирик кучга эга эмас, ҳозир сиёсий куч сифатида уни кўз олдимизга келтира олмаймиз. Чунки “Толибон”ни жамият қабул қилиб бўлган, тан олган.

Суҳроб Бўронов: Ҳозирги кунда Аҳмад Масъуд раҳбарлигидаги “Афғонистон миллий қаршилик фронти” ташқаридан (ташқи кучлар) ёрдам олишга ҳаракат қилмоқда. Аммо, ҳозирча “Толибон”га қарши мазкур фронтни қуроллантиришни бирор давлат аниқ маълум қилаётгани йўқ.

“Толибон” 3 йиллик бошқарувида жаҳон ҳамжамияти томонидан белгиланган асосий шартларни бажармади. Аксинча, минтақада жойлашган ва чегарадош давлатлар “Толибон”нинг шартларига ён босишга мажбур бўлмоқда.

Афғонистонда миллионлаб аҳоли тўйиб овқатланмасликдан азият чекади. Мамлакатдаги ижтимоий вазият ҳақида нима дейиш мумкин?

Камолиддин Раббимов: Бугунги кунда “Толибон” Афғонистонни мустаҳкам идора қилмоқда, сиёсий, диний урушлар чиқишининг эҳтимоли паст, албатта. Аммо иқтисодий танглик анчагина юқори. Афғонистонда туғилишлар сони кўп. Кейинги 3 йил ичида “Толибон” ҳукуматга келгандан бери Ғарб давлатларининг Афғонистонга берадиган ижтимоий ёрдами кескин камайган, аввалги даврдагидек 10 миллиардлаб ёки 100 миллиардлаб ёрдам берилмаяпти. Афғонистонда нахрлар тушиб кетган, ижтимоий зўриқиш анчагина урчиган. Аммо баъзи давлатлар Афғонистонга ижтимоий ёрдам бериб турибди ҳам, чунки ҳеч бир давлат у ерда фуқаролик урушлари келиб чиқишидан манфаатдор эмас.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид