Жаҳон | 23:00 / 18.08.2024
4957
2 дақиқада ўқилади

Озарбайжон БРИКСга қўшилиш ниятида

Мамлакатнинг Москвадаги элчиси Озарбайжоннинг БРИКСга қўшилиш масаласи Россия билан муҳокама қилинганини айтди.

Фото: «РИА Новости»

Боку БРИКСга қўшилиш ниятида. Бу ҳақда республиканинг Москвадаги элчиси Пўлат Булбул ўғлига таяниб, «ТАСС» хабар берди.

«Озарбайжон ростдан ҳам шу каби ниятини билдирди. Бу ҳақда россиялик ҳамкасбларимиз билан гаплашдик», — дейди дипломат. У БРИКСга қўшилиш муддатига аниқлик киритмаган.

Халқаро гуруҳнинг навбатдаги саммити 22-24 октябрь кунлари Қозонда бўлиб ўтади.

БРИКС — иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти. 2001 йилда британиялик иқтисодчи Жим Онил жаҳон иқтисодини ўрганиш жараёнида бир гуруҳ катта давлатларда иқтисодий тизимли ўсишга эътибор бериб, шартли равишда БРИК деб атайди (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой). 2010 йилда бунга ЖАР қўшилди, бугун ташкилотда тўққизта давлат бор.

2023 йил 23 август куни ЖАР президенти Сирил Рамапоса Аргентина, Эрон, Саудия Арабистони, Миср, Эфиопия ва Бирлашган Араб Амирликларига тўлақонли аъзо сифатида ташкилотга қўшилиш таклифи билдирилганини маълум қилганди. Кейинриоқ Аргентина БРИКСга қўшилишдан бош тортган.

2024 йилнинг июл охирларида Малайзия БРИКСга раислик қилаётган Россияга гуруҳга қўшилиш бўйича расмий сўров юборганди. 27 июль куни Куала-Лумпурга ташриф билан келган Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашувида Малайзиянинг гуруҳга қўшилиши масаласи асосий бўлган.

Мавзуга оид