19 августнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Президентга Қорақалпоғистонда намойиш этилган инвестиция лойиҳалари, Навоийда тамал тоши қўйилган янги шаҳарча, янги ўқув йилининг янги талабалари ва 7,5 йилга қамалган вилоят ҳокими ўринбосари — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.
Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи
Бугун, 19 август куни президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. 20 август куни Нукус шаҳрида Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан мулоқоти бўлиб ўтиши кутилмоқда
Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, сафар давомида саноат корхоналари, IT ва ижтимоий соҳа объектларини кўздан кечириш, маҳаллаларда аҳоли ҳаёти билан танишиш режалаштирилган.
Президент Қорақалпоғистонга ташрифини саноат салоҳияти билан танишишдан бошлади.
Nukus Eleсtroapparat қўшма корхонаси 2017 йилда ишга тушган, унда электр энергияси тармоғи учун кучланиш қурилмалари ишлаб чиқарилади. Бу ерда 10 млн доллардан зиёд маблағ эвазига жорий йилнинг июн ойида қуёш панелларини ясаш лойиҳаси ишга туширилди. Ускуналар Корея Республикасидан келтириб ўрнатилди. Ишлаб чиқариш жараёни 100 фоиз автоматлаштирилган. Лойиҳанинг йиллик қуввати 273 минг донани ташкил этади.
Шавкат Мирзиёевга Қорақалпоғистонда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар ҳам тақдимот қилинди.
Лойиҳаларга Хитой, Саудия Арабистони, Германия, Россия, Испания каби мамлакатлар компаниялари инвестиция киритмоқда. Улар энергетика, иссиқлик таъминоти, тоғ-кон ва кимё саноати, қурилиш материаллари, хизмат кўрсатиш ва бошқа тармоқларни қамраб олган.
Қорақалпоғистонда хорижий инвестор ва маҳаллий тадбиркорлар томонидан умумий қиймати 9,5 миллиард долларлик 124 та лойиҳа шакллантирилган. Шундан қарийб 1 миллиард 800 миллион долларлик 10 таси давлат раҳбарига тақдимот қилинди.
Қайд этилишича, ташриф давомида Қорақалпоғистонда янги мажмуалар ишга туширилиб, навбатдаги лойиҳалар бошланади.
Собиқ ҳоким ўринбосари 7,5 йилга қамалди
Наманган вилояти ҳокимининг қурилиш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган Саидаҳмад Султонов фирибгарлик ва жуда кўп миқдордаги бюджет маблағларини талон-торож қилганликда айбли деб топилди.
Ҳукмда келтирилишича, Саидаҳмад Султонов вилоят ҳудудидаги бир нечта ички йўлларни қуриш ишларини оғзаки кўрсатмалар билан “Наманган қурилиш дизайн савдо” МЧЖга топширган. Жумладан, жиноий шериклар томонидан 4 та ҳолатда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали қарийб 15,5 млрд сўм миқдордаги бюджет маблағлари ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинган. Бу “хизмати” учун у МЧЖ раҳбаридан 2021 йил декабр ойида 10 минг доллар, 2022 йил ноябр ойида 20 минг доллар, 2023 йил март ойида 20 минг доллар пулни улуш сифатида олган.
Саидаҳмад Султоновнинг қилмишлари орасида тадбиркорлардан “Навбаҳор” футбол клубига ҳомийлик учун пул олиб, ўзи учун ишлатиб юбориш ҳолатлари ҳам учрайди. Жумладан, у 2023 йил август ойида гўёки «Навбаҳор» футбол клубига ҳомийлик қилиш мақсадида хусусий корхоналардан 30 минг АҚШ доллари маблағ йиғишни буюриб, бу пулларни шахсий ишларига сарфлаб юборган.
Саидаҳмад Султонов суд ҳукми билан Жиноят кодексининг бир қатор моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. У 3 йил муддатга давлат иштирокидаги ташкилотларда лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум этилиб, 7 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Навоийда янги шаҳарча
Навоийда Янги Навоий шаҳарчаси қурилишига тамал тоши қўйилди. Қарийб 1,1 минг гектар майдонда янги шаҳарча барпо этиш бўйича амалга ошириладиган қурилиш ишлари 2040 йилгача давом этади.
Шаҳарчада “Янги Ўзбекистон” боғи ва маданий дам олиш сайилгоҳлари, Навоий давлат педагогика институтининг кампус типидаги янги бинолари, ижтимоий соҳа объектлари, кўп қаватли турар жойлар, маиший хизмат кўрсатиш ва сервис объектлари, кутубхона, сунъий кўл ва ҳунармандчилик устахоналари қурилади.
Лойиҳа Кармана туманидан Навоий шаҳрига ўтказилган ҳудуд – Ёшлик маҳалласида амалга оширилмоқда. Шаҳарчанинг умумий майдони 1100 гектарни ташкил этиб, биринчи босқичда 450 гектар ер майдонида қурилиш ишлари бажарилиши режалаштирилган.
Қурилиш ишлари Хитой, Туркия ва маҳаллий қурилиш компаниялари томонидан амалга оширилмоқда.
Янги ўқув йилидаги янги талабалар
Янги ўқув йилида қанча абитуриент талабаликка тавсия этилгани маълум қилинди. Имтиҳон натижаларига кўра, 186 минг 871 нафар абитуриент бакалавриат таълим йўналишларига талабаликка тавсия этилган.
Уларнинг 41 153 нафари давлат гранти, 145 718 нафари эса тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган. Талабаликка тавсия этилганларнинг 120 минг 845 минг нафарини мактабни шу йил тугатганлар ташкил этган.
Шунингдек, талабаликка тавсия этилганларнинг 14 минг 230 нафари имтиёзли қабул параметрлари доирасида қабул қилинган.
Бу йилги имтиҳонларда давлат гранти асосида ўртача ўтиш балли – 121,7 ни, тўлов-контракт асосида ўртача ўтиш балли – 94,7 ни ташкил қилган.
Мавзуга оид
21:41 / 22.11.2024
22 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:40 / 21.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
19:49 / 20.11.2024
20 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
21:05 / 19.11.2024