Ўзбекистон | 21:04 / 07.11.2024
3249
5 дақиқада ўқилади

7 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Трампга табрик хати, Тошкент ҳавосини бузаётган иссиқхоналар, уйда сақлаш тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати, пропаннинг бошланғич биржа нархига чеклов — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Мирзиёев Трампни табриклади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 ноябр куни Доналд Трампга АҚШ президенти сайловида ғалаба қозониб, ушбу лавозимга сайлангани муносабати билан табрик йўллади.

«Сайловлардаги ишончли ғалабангиз Сиздек бой тажрибали ва моҳир сиёсатчининг АҚШнинг халқаро майдондаги нуфузи ва иқтисодий қудратини ошириш, глобал тараққиёт ва фаровонликни таъминлашга қаратилган дастур ва режаларингиз Америка халқи томонидан фаол қўллаб-қувватланганини яна бир бор яққол тасдиқлади», — дейилади табрик хатида.

Президент табригида шунингдек, узоқ муддатли ва кенг қамровли Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини янги босқичга кўтариш мақсадида АҚШ президенти Ўзбекистонга расмий ташриф билан келиши таклиф этилган.

Тошкент ҳавосини бузаётган иссиқхоналар

Пойтахт атрофидаги иссиқхоналарнинг ярмидан кўпи кўмир, баъзан резина шиналар ва бошқа ёнувчи воситалардан фойдаланаётгани маълум қилинди. Экопартия Эковазирлик ва Бош прокуратурадан муаммога тезкор чоралар кўришни сўради

Экопартия маълумотига кўра, Тошкент шаҳри атрофида 1314 гектар майдонда 631 та иссиқхона фаолият юритяпти. Уларнинг 60 фоизи кўмирдан, баъзан эса резина шиналардан фойдаланяпти. Шаҳар ҳавосининг ёмонлашувида иссиқхоналарнинг таъсири кўп.

Шунингдек, партия ҳавонинг ифлосланишига кўп саноат корхоналарида ускуналарнинг маънан эскиргани ва аксарият корхоналар замонавий филтрлар ўрнатмаётганини сабаб қилиб кўрсатган.

3 ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳри ҳавосида заҳарли заррачалар миқдори 780 мкг/м3 даражагача ошган эди. Ифлосланишнинг асосий сабаби PM2,5 заррачаси бўлиб, у ЖССТ тасдиқлаган меъёрдан 93,2 баробар кўп бўлгани маълум қилинганди.

Сақлаш тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати

Ҳукумат қарори билан фуқаролар сақлаши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати тасдиқланди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати ҳамда ушбу рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларни юридик шахслар томонидан сақлаш тартиби тасдиқланди.

2025 йил 1 январдан бошлаб қуйидагилар тақиқланади:

  • жисмоний шахслар томонидан рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонларни ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш жойларида ёки тутқунликда сақлаш;
  • давлат ва кўчма циркларда (шапито) ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва улардан цирк томошалари учун фойдаланиш.
  • Рўйхатга киритилган ёввойи ҳайвонлар Экология вазирлигининг рухсатномалари асосида белгиланган тартибда юридик шахслар томонидан ташкил этилган ҳайвонот боғларида ва (ёки) питомникларда сақланиши мумкин.

Пропаннинг бошланғич биржа нархига чеклов

Рақобат қўмитаси биржага чиқарилаётган пропаннинг бошланғич нархига нисбатан 20 фоизлик спред (чеклов) ўрнатди. Ушбу ёқилғи нархи охирги 5 ой ичида қарийб 2 баробаргача қимматлашиб кетган эди

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Республика товар-хомашё биржасида пропан нархининг юқори чегарасини белгилади.

Ушбу қарор нархларга сезиларли таъсир қила бошлаган. Хусусан, 6 ноябр кунги савдоларда пропаннинг ўртача нархи тоннасига 1,2 млн сўмдан кўпроққа пасайиб, 8,9 млн сўмгача арзонлашган.

Аввалроқ, 5 июндан 5 ноябргача бўлган даврда биржа савдоларида пропаннинг 1 тоннаси 5,3 млн сўмдан 10,2 млн сўмгача ёки 91,4 фоизга ошгани хабар қилинаётган эди.

Олийгоҳлар Осиё университетлари рейтингида

Ўзбекистоннинг 23 та олийгоҳи Осиё университетлари рейтингига кирди. Бироқ улардан ҳеч бири юқори юзталикдан жой олмади. Ўзбекистоннинг энг яхши олийгоҳи Осиёда 159-ўринда, Марказий Осиёда 7-ўринда қайд этилди.

Рейтингга Осиё қитъасининг 25 та мамлакатидаги 985 та олий таълим муассасаси киритилган.

Энг яхши олий таълим даргоҳи сифатида Хитойнинг Пекин университети қайд этилди. Ушбу олийгоҳ 100 балл тўплади. Юқори бешликдан Ҳонгконг университети, Сингапур миллий университети, Нанянг технология университети ва Фудан университети жой олди.

Рейтингга Ўзбекистоннинг 23 та олий таълим даргоҳи киритилди, аммо улардан ҳеч бири юқори юзталикдан жой олмади. Энг юқори ўринда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти қайд этилган. Олийгоҳ рейтингда 44,9 балл билан Осиёда 159-ўринни, Марказий Осиёда 7-ўринни эгаллади.

Умуман олганда, 23 та олийгоҳдан фақат тўрттаси рейтинг балларини тўплашга эришган, холос. Жумладан, Ўзбекистон Миллий университети 34,5 балл билан 242-ўринда, Тошкент давлат иқтисодиёт университети 25,7 балл билан 359-ўринда, Тошкент давлат техника университети 25,5 балл билан 368-ўринда қайд этилган.

Рейтингда Қозоғистоннинг 35 та олийгоҳи қайд этилди. Шунингдек, Қирғизистоннинг 6 та олийгоҳи, Тожикистоннинг битта олийгоҳи киритилди. Туркманистоннинг бирорта олийгоҳи рейтингдан жой олмади.

Мавзуга оид