Австралиядаги ноодатий йўл: бетон изларда ҳаракатланадиган автобуслар
Австралиянинг Аделаида шаҳрида йўловчи ташувчи ноодатий транспорт тури бор. Унда автобуслар асфалт йўлдан эмас, махсус темир-бетон излардан ҳаракатланади. Бундай жамоат транспорти дунёнинг бошқа бирор давлатида учрамайди.
O-Bahn Busway деб номланадиган бу тизимда автобуслар худди поездларга ўхшаб махсус темир-бетон излар устида ҳаракатланади. Автобуслар темир излар устидан одатдагидай резина шиналар ёрдамида юради ва тезликни соатига 100 километргача чиқара олади.
O-Bahn Busway тарихи
Иккинчи жаҳон уруши йилларида Аделаида шаҳрида 300 минг атрофида одам яшаган. 1960-йилларда шаҳар аҳолиси ярим миллиондан ошади. 1968 йилда шаҳар маъмурияти Аделаида шаҳрида жамоат транспортини ривожлантириш учун турли режалар ишлаб чиқади.
Жумладан, метро, транспорт воситалари учун тезюрар йўл қуриш масаласи муҳокама қилинади. Бироқ бу таклифларнинг бирортаси амалга ошмайди. Чунки режаларни амалга ошириш учун шаҳар ичида ва атрофида жуда кўпчиликнинг уй-жойини бузишга тўғри келарди. Шаҳар маъмурияти одамларга катта миқдорда товон тўлаш учун маблағ топиб бера олмаслигини маълум қилади.
Шундан сўнг ўн йиллар давомида шаҳарда транспорт тизими борича ривожлантирилади. Янги йўллар, туннеллар қурилади. Шу билан бирга шаҳар ва унинг атрофида аҳоли сони ошиб боради.
1973 йилда Аделаида шаҳри жойлашган штат маъмурияти шаҳарда трамвай линиялари учун темирйўллар қуриш масаласини кўриб чиқади. Темир излар асосан шаҳар атрофи билан унинг марказини боғлаши керак эди.
Бироқ Аделаида маъмурияти бу режани қабул қилмайди. Чунки шаҳар марказига трамвай учун темирйўл тортилганда анча обод бўлган Аделаиданинг кўркига путур етказади, деб топилади.
Шундан сўнг маъмурият Германиянинг Daimler-Benz компанияси билан ҳамкорликда бир изда ҳаракатланувчи автобуслар тизимини ташкил этишга қарор қилади.
Автобуслар учун қуриладиган махсус темирйўл 12 км узунликда бўлиши лозим эди. 1983 йилда Аделаиданинг автомобил йўллари қуриш учун ноқулай бўлган қисмида ердан бироз кўтариб махсус темир-бетон йўл қурилиши бошланади.
1984 йилда автобуслар учун махсус йўл қуришни тасдиқлаган мэр навбатдаги сайловда ютқазиб қўяди. Унинг ўрнига сайланган янги мэр лойиҳанинг истиқболли эканига шубҳа билдиради. Бироқ кўплаб баҳс ва тортишувлардан сўнг шаҳар маъмурияти транспорт линиясини қуриб битказишга қарор қилади.
1986 йилда лойиҳанинг биринчи босқичи битказилади ва автобуслар махсус бетон излардан ҳаракатланиб йўловчиларни таший бошлайди. Ўша йили умумий ҳисобда 4 млн нафар йўловчи ташилади. Кейинги йиллардан йўловчи ташиш миқдори ошиб боради.
1986 йилда лойиҳанинг иккинчи босқичига старт берилади. Ўша пайтда махсус йўлнинг қиймати 98 млн австралия долларини ташкил этади.
1989 йилда лойиҳа тўлиқ битказилади ва шаҳар аҳолисига хизмат қила бошлайди. Ўша пайтларда ҳар йили ўртача 6-7 млн нафар йўловчи ташилади.
1996 йилда махсус транспорт тизимида ҳар куни 20 минг атрофида, бир йилда эса 7 миллиондан ошиқ йўловчи ташилади. Ҳозирги пайтда O-Bahn Busway автобуслари ҳар куни 22 минг, бир йилда ўртача 8 млн нафардан ошиқ йўловчиларни манзилига етказиб қўймоқда.
Автобуслар
Махсус транспорт тизими ишга тушганда темир-бетон йўл устида асосан Daimler-Benz компаниясидан сотиб олинган 92 Mercedes-Benz автобуслари ҳаракатланган.
Ўшанда 41 таси оддий, 51 таси икки қисмли “гармошка” автобуслари бўлган. Кейинчалик улар эскиргач Scania ва MAN компанияларининг автобуслари харид қилинади.
Автобуслар махсус йўл устида одатий шиналарда ҳаракатланади. Мабодо ҳаракатланиш давомида автобус шинаси ёрилса йўналтирувчи ғилдираклар ва йўл четидаги ҳимоя тўсиғи автобуснинг O-Bahn’дан чиқиб кетишига йўл қўймайди.
Шинада жойлашган ички алюминий ғилдираклар эса автобуснинг энг яқин бекатга соатига 70-90 км тезликда етиб боришига имкон беради.
Иккала томондан чиқиб турувчи ғилдирак махсус автобусларни O-Bahn бўйлаб хавфсиз ҳаракатланишни таъминлашда унинг энг муҳим қисми ҳисобланади.
Бу ғилдираклар бошқарув механизмига тўғридан-тўғри уланган бўлиб, улар автобусни темирйўлда "бошқаради" ва асосий ғилдиракларнинг ён томонларга ишқаланишининг олдини олади.
Тўғрироғи, ҳайдовчи O-Bahn бўйлаб ҳаракатланаётганда рулни ушлаб туриши шарт бўлмаса-да, хавфсизлик тартиб-қоидалари вазиятни назорат қилишни талаб қилади.
Ҳар бир бекат олдида йўналишнинг тебраниш қисми мавжуд бўлиб, у ҳайдовчига автобус бошқарувини ўз қўлига олиши ҳақида эслатма бўлиб хизмат қилади.
Аделаида транспорт тизими ҳақида
Аделаида шаҳрида O-Bahn махсус автобус йўналишидан ташқари оддий автобуслар, трамвайлар ва шаҳар ташқарисига енгил поезд қатнайди.
Шаҳар ташқарисига қатновчи поездлардан ташқари қолган барча транспорт воситаларига чипталар нархи бир хилда белгиланган.
Чипталар сотиб олинган пайтдан бошлаб икки соат амалда бўлади. Шу пайтда транспорт воситасига чиқишга улгуриш керак. Ҳатто вақт тугашига бир дақиқа қолганда ҳам транспортга чиқишга улгурган одам ҳам йўналиш охиригача кета олади.
Чипталар нархи вақтга қараб белгиланади. Тиғиз пайтда қимматроқ сотилади, кўчада одамлар кам бўладиган пайтлар учун арзонроқ сотилади. Чипталар нархи 2–5 австралия доллари атрофида (1 АҚШ доллари 1,5 австралия долларига тенг).
Ўқувчиларга, талабаларга ва пенсия ёшидагиларга чипталар анча арзон сотилади. Шунингдек, ҳафталик, 10 кунлик ёки ойлик йўл чипталари арзонроқ нархларда чиқарилади.
Бундай чипталар уч хил – оддий, ижтимоий ва ўқувчи ҳамда талабалар учун алоҳида чиқарилади. Бир ойлик оддий чипта нархи 100 доллар атрофида нархланади.
Аделиадада жамоат транспортларида кондукторлар бўлмайди. Агар йўловчи чипта олмаган бўлса автобусга чиқишда банк ёки транспорт картаси орқали ё ҳайдовчига нақд кўринишда тўлайди.
Айрим ҳолларда назоратчилар чиқиб йўловчиларда чипталар бор ёки йўқлигини текшириб қолиши мумкин. Агар назоратчилар текширган пайтда йўловчида чипта бўлмаса унга 200 доллар атрофида жарима солинади.
Қоидаларга кўра, жамоат транспортидаги банк картаси ёки махсус транспорт картасидан пул ечиб оладиган ускуна ишламаса ёки кондукторда етарлича қайтим топилмаса йўловчилар манзилга бепул етиб олиш ҳуқуқига эга.
Жамоат транспорти ҳайдовчиларини ҳақорат қилиш қамоқ жазосига сабаб бўлади. Жамоат транспортларида жой бериш урфда эмас, ҳеч ким ҳеч кимдан жой сўрамайди. Мабодо кимдир бошқага жой бермоқчи бўлса ихтиёри.
Ногиронлар, кексалар ва ҳомиладор аёллар учун алоҳида ўриндиқлар қилинган ва жамоат транспортида одам кўп бўлса ҳам ҳеч ким уларнинг ўрнига ўтирмайди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Тавсия этамиз
“Чорсу” меҳмонхонасини бузиш бошланди. Бунга қанча вақт кетади?
Ўзбекистон | 19:03 / 18.01.2025
“Гуллаётган” автофирибгарлик, соҳадаги кучли протекционизм оқибати – мутахассислар билан суҳбат
Ўзбекистон | 09:58 / 18.01.2025
Ижтимоий карталарни тарқатиш бошланди. У қанақа карта ва кимларга берилади?
Ўзбекистон | 23:36 / 17.01.2025
Исроил ҲАМАС билан келишув матнини эълон қилди
Жаҳон | 22:06 / 17.01.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Очиқлик талабларини бажармагани учун 2024 йилда 5 нафар мансабдор жавобгарликка тортилди
Ўзбекистон | 18:17
-
Apple бу йил 20 дан ортиқ маҳсулот чиқаришни режалаштирмоқда
Фан-техника | 17:40
-
Хитойда 35 кишининг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи қатл этилди
Жаҳон | 17:36
-
Жанубий Корея ўзбекистонлик меҳнат мигрантларига квоталарни камайтириши мумкин
Жаҳон | 17:22
Мавзуга оид
12:20 / 18.01.2025
Ўзбекистондан қўшни давлатларга янги автобус йўналишлари йўлга қўйилмоқда
13:18 / 16.01.2025
Автомобил йўлларини таъмирлаш қандай молиялаштирилади?
22:55 / 15.01.2025
Автобусларда нақд пулсиз тизимга ўтиш бир неча йиллик режа: ноқулайликлар нега аввалдан тўлиқ ўйланмади?
18:27 / 15.01.2025