Барча «Реал»нинг эски ва янги етакчилари Винисиус ва Мбаппега мафтун бўлган бир даврда Перес келажак учун яна бир юлдузни саҳна ортида тайёрлаётгани сир эмас – Эндрик. Ҳозирча Мадрид унга у қадар муҳтож бўлмаса-да, Бразилияда аллақачон уни Пеле билан қиёслашни бошлаб юборишган. Эндрик миллий жамоада қатор кўрсаткичлар бўйича футбол қиролининг рекордларини забт этгани ҳам бежиз эмас.

Қуйида ёш футболчи ўз укасига мактуб ёзади ва бугунги кунга етиб келишдаги қийинчиликлар ҳақида ҳикоя қилиб, ўгитлар беради. Ёш бўлса-да, ҳаётга бўлган жиддий қараш ва қатъияти биз учун Эндрикнинг янги қирраларини очади ва келажакда ҳаммаси яхши бўлишига ишонч тақдим этади.

«Азизим, Ноа.

Сени яхши кўраман. Ҳаммасидан ҳам энг муҳими мана шу. Илк кунлардан бери орамизда ўзига хос ришта борлигини ҳис қилганман. Аввал ҳеч буни сенга айтмаганман, биласанми, дунёга келишингдан олдин ҳам менинг голимни кутган эдинг. Бу рост.

Ўша куни ўн уч ёшда эдим ва жуда муҳим ўйинда майдонга тушишим керак эди. Ота-онамиз эса, дақиқалар санаб сенинг дунёга келишингни кутиб ўтиришган он. Шунда ўйинни стадионда кузатиб ўтирган дўсти отамга телефон қилади:

«Дуглас! Дуглас! Ҳозиргина Эндрик гол урди!»

Худди шу пайтда ичкарида чақалоқ йиғиси эшитилади. Тушуняпсанми, менинг голимни нишонладинг! Кечроқ туғруқхонага борганимда сенга совға олиб бордим. Албатта, бирор ўйинчоқ сотиб олишга пулим йўқ, мен ўзим билан турнирнинг «Олтин тўп»ини кўтариб олгандим. Кўряпсанми, биз бойликда, ҳашаматда эмас, футболда туғилганмиз. 

Бу хатимни қачон ўқишингни билмайман, лекин айни пайтда сен тўрт ёшдасан ва ҳаётимиз жуда тез ўзгармоқда. Яқинда Испанияда «Реал»да ўйнай бошлайман. Ҳа, ўша, сен доим томоша қилиб ётганингда, PlayStation’да мен танлайдиган жамоада. Табиийки, оиламиз тарихини бутун дунё билишини хоҳлайман. Бу ажойиб ҳикоя!

Сенга ҳам сир эмаски, оиламизда ҳаммаси тўп билан бошланиб, тўп билан тугайди. Онамнинг айтишича, болалигимда умуман ўйинчоқ ўйнамаган эканман. Ҳар қанақаси қўлимга тушиши билан беш секунд уёқ-буёғини қараб, қутисига қайтиб солиб қўярдим. Фақат тўп! Аниқроғи, машина бўладими, пайпоқми, баскетбол тўпими, думалоқми, тўртбурчакми, фарқи йўқ, нимани бўлса, тепаверардим. Дадам ўзи ўйнаган футбол жамоасидан тўп олиб келганида, мафтун бўлиб қолганим, эрта-ю кеч қўлимдан туширмай, уни қучоқлаб ухлаганимни ҳам айтиб беришади.

Онамдан сўраб кўр, болалигимда ким мени исмимни сўраса, шундай жавоб берар эканман:

«Эндрик Филипе Морейра де Соуза, ҲУЖУМЧИ»