Англия: Селс — пеналтичиларни жиловловчи

Англия Кубоги. 1/4 финал. 29 март
«Фулҳэм» — «Кристал Пэлас» 0:3
Голлар: Эзе (34), Сарр (38), Нкетиа (75).
«Фулҳэм» — Лено, Кастан, Андерсен, Бэсси, Робинсон (Сессенон, 71), Берг, Лукич (Траоре, 63), Ивоби (Кэрни, 82), Виллиан (Хименес, 71), Перейра (Смит-Роу, 63), Муниз. 
«Кристал Пэлас» — Ҳендерсон, Ричардс, Геҳи, Лакруа, Муньос (Клайн, 87), Уортон (Камада, 70), Лерма, Митчелл, Сарр (Девени, 87), Эзе (Франса, 90), Матета (Нкетиа, 70). 
Огоҳлантиришлар: Уортон (14), Ричардс (46), Лакруа (74), Клайн (89). 

АПЛда ҳам сўнгги турларни кўтаринки руҳда ўтказган «Кристал Пэлас» жиддий рақиб устидан йирик ҳисобда ғалабага эришди. Мезбонлар илк дақиқалардан ташаббусни қўлга олган ва биринчи рақам остида ҳаракат қилишганди, аммо 34-дақиқада Эберечи Эзе ўз услубидаги гол билан ҳисобни очди. Ҳафта бошида Англия миллий жамоаси сафида голлар ҳисобини очган яримҳимоячи бироз ўтиб Саррни голли пас билан таъминлади ва амалда мезбонлар таслим бўлди. Иккинчи бўлимда Нкетиа ҳисобни йирик кўринишга келтирди. «Бургутлар» сўнгги олти ўйинида олти ғалабага эришди, тўплар нисбати – 13:0.

«Брайтон» — «Ноттингҳэм Форест» 0:0
Пеналтилар серияси — 4:5.

«Ноттингҳэм» ва «Брайтон» — Англияда рақибни қарши ҳужумларда жазолаш бўйича энг яхши жамоалар қаторида. Уларнинг АПЛ турнир жадвалидаги ўринлари (учинчи ва еттинчи) ҳам буни тасдиқлайди, аммо кубокдаги ўзаро баҳсда жамоалар бир-бирига бунга имкон бермади. Ўйинда голли вазиятлар кўп бўлмади ва ғолибни пеналтилар сериясида аниқлашга тўғри келди. Футбол лотереясида эса «ўрмончилар» ўзини сувдаги балиқдек ҳис қилишди. Аниқроғи, бу гап жорий мавсумда уч бор ўйинлардан кейинги серияда ғолиб бўлган дарвозабон Селсга тааллуқли. Бунгача у «Экзетер Сити» ва «Ипсвич»га қарши кубок ўйинларида ишончли ҳаракат қилганди. Энди эса АПЛда қуруқ ўйинлар сони бўйича пешқадамлик қилаётган белгияликнинг иккита сейви «Ноттингҳэм»га Англия Кубоги яримфинали йўлланмасини тақдим этди, жамоа бу турнирда 1981 йилдан буён илк бор шу босқичгача етиб келди.