The Insider: Россия АҚШдан микросхемалар сотиб олишда давом этмоқда
Россия Федерацияси томонидан сотиб олинаётган дастурлаштириладиган мантиқий интеграл микросхемалар ҳарбий ва кузатув технологияларида қўлланади.
Россия, бошқа нарсалар қатори, ҳарбий ва разведка эҳтиёжлари учун ишлатилиши мумкин бўлган Америка микросхемаларини сотиб олишда давом этмоқда. 20 август куни The Insider нашри чоп этган суриштирув муаллифлари шундай хулосага келишди. Журналистларнинг таъкидлашича, Россия Федерацияси «ракеталар ва дронлар навигацияси, интернетдаги контентни филтрлаш ва юзни таниб олиш учун ажралмас жиҳат бўлган ноёб микросхемаларни» олишда давом этмоқда. Булар асосан Американинг Intel ва AMD компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган ДМИМ (дастурлаштириладиган мантиқий интеграл микросхемалар) яримўтказгичли қурилмалардир.
Уларни тегишли лицензиясиз Россияга экспорт қилиш 2020 йилда тақиқланган ва 2022 йилда Украинада уруш бошланганидан кейин Россия Федерациясига ҳар қандай микросхемаларни етказиб беришга эмбарго киритилган. Қонунга кўра, уларнинг ишлаб чиқарувчи компаниялари ўз якуний истеъмолчилари кимлигини текширишлари керак, аммо бу талаб кўпинча эътиборга олинмайди, деб таъкидлайди The Insider.
ДМИМ қурилмалари Россияда ишлаб чиқарилмайди, шунинг учун улар чет элда сотиб олинади. Бундай ҳолда, етказиб бериш ҳарбий-саноат мажмуаси билан боғлиқ ишлаб чиқарувчилар томонидан эмас, балки оддий тарқатиш компаниялари томонидан амалга оширилади. Умуман олганда, The Insider маълумотларига кўра, урушнинг икки йили давомида Россияга камида 336 миллион долларлик бундай микросхемалар импорт қилинган.
Санкция остидаги товарлар Россияга Германиядан келяпти
Россия армияси билан ҳамкорлик қилувчи «Промтех» компаниялар гуруҳи санкцияларга қарамай, 2023 йилда АҚШ, Германия ва Европа Иттифоқининг бошқа давлатларидан қарийб саккиз миллион долларлик икки томонлама мақсадли маҳсулотлар импорт қилган. Бундай хулосага Германиянинг Süddeutsche Zeitung (SZ), NDR ва WDR нашрлари, Франциянинг Le Monde газетаси ва Украинанинг Trap Aggressor лойиҳасининг 18 июл куни чоп этилган қўшма суриштируви муаллифлари келишди.
Журналистларнинг сўзларига кўра, 2015 йилда Францияда «Промтех»нинг ITGF деб номланган шуъба корхонаси ташкил этилган бўлиб, унинг директори «Промтех» асосчиси Валерий Шадриннинг ўғли Алексей Шадрин бўлган. Узоқ вақт давомида у Россияга товарлар олиб кириш билан шуғулланган. Бироқ, 2022 йил май ойида «Промтех» расман ITGF акцияларидан воз кечди ва ўша йилнинг декабр ойида Туркияда Enütek Makina Sanayi номли янги шуъба корхонасини рўйхатдан ўтказди.
Россия импорти тўғрисидаги маълумотларни таҳлил қилгандан сўнг, суриштирув муаллифлари Enütek Makina Sanayi, шунингдек, «Промтех»нинг Россиядаги шуъба корхоналарига, шу жумладан Германиядан ҳам икки томонлама мақсадли товарлар етказиб берганлигини аниқладилар. Қайд этилишича, немис етказиб берувчилари товарларнинг якуний олувчиси Россия армияси бўлиши мумкинлигини билмаган бўлиши мумкин. Бироқ, камида битта компания Enütek Makina Sanayi орқали товарлар Россияга юборилиши мумкинлигини «тушунган», чунки 2022 йил 24 февралгача у мунтазам равишда «Промтех»га турк компанияси 2023 йилда буюртма берган худди шундай ускунани етказиб берган.
Суриштирув натижаларига кўра, «Промтех» ярим ўтказгичлар, транзисторлар, газли пружиналар, металл қотишмалари, қўлда ишлатиладиган пресслар ва бошқа икки мақсадли товарларни импорт қилган. Улар, шунингдек, Х-101 қанотли ракеталарига ўрнатилган Американинг Molex компанияси микросхемаларини ўз ичига олади. Ушбу ракеталардан бири июл ойи бошида Киевдаги «Охматдет» болалар шифохонасига тушган. Зарба натижасида икки киши ҳалок бўлди, яна 50 киши яраланди. Валерий Шадрин ҳали Ғарб санкцияларига учрамаган.
Мавзуга оид
20:50 / 28.11.2024
Путин Трампни хавфсиз ҳолатда эмас деб ҳисобламоқда
20:46 / 28.11.2024
Россияда мигрант ўқувчиларнинг рус тилидан билимлари синовдан ўтказилди
17:03 / 28.11.2024
Путин Қозоғистонга келиб, Тўқаев билан учрашди – асосий келишувлар ҳақида
20:08 / 27.11.2024