Жаҳон | 12:58 / 29.08.2024
2462
8 дақиқада ўқилади

Ғарбий соҳилдаги ҳарбий рейдлар, гаров эвазига озод қилинган Дуров ва хавфсиз давлатлиги таъкидланаётган Афғонистон — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Фаластиндаги вазият

Исроил армияси нафақат Ғазо секторида, босиб олинган Ғарбий соҳилда ҳам фаластинликларни ўлдиришда давом этмоқда. Чоршанба кунги рейдлардан бирида Ғарбий соҳилнинг шимолий қисмида исроилликлар 11 нафар фаластинликни отиб ташлади.

Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қисқача баёнотида Женин шаҳрида олти киши, Тубас шаҳрида яна беш киши исроиллик ҳарбийлар томонидан ўлдирилгани айтилган.

Исроил армияси Ғарбий соҳилнинг шимолий ҳудудлари — Женин, Тубас ва Тулкармда ҳарбий рейдлар ўтказилаётганини тасдиқлаган.

Исроил ташқи ишлар вазири Исраэл Кац ЦАҲАЛ «ўтган тундан бошлаб Женин ва Тулкармдаги қочқинлар лагерларида ташкил этилган Эрон террори инфратузилмаларини йўқ қилиш учун тўлиқ куч билан амалиёт бошлагани»ни айтган.

Кац Ҳамас ва «Ислом жиҳоди»ни қўлловчи Эронни Ғарбий соҳилда Исроилга қарши янги фронт очишга интилаётганликда айблаган.

«Биз Ғазодаги террорчилик инфратузилмасига қарши қандай курашаётган бўлсак, бу таҳдид билан ҳам шундай курашишимиз керак, жумладан Фаластин аҳолисини вақтинча эвакуация қилиш ва барча зарур чораларни кўриш орқали», — дея қўшимча қилган у.

Фаластиндаги гуруҳлар, жумладан ҲАМАС Женин ва Тулкармда исроиллик ҳарбийлар билан тўқнашувларда иштирок этишаётганини хабар беришган.

Кейинги бир неча йиллар давомида Исроил ҳарбийлари Ғарбий соҳилда рейдлар ташкиллаштириб келишади. Ғазода уруш бошланганидан сўнг бу рейдлар кучайган.

Ғазода эса урушнинг 327-кунига келиб қурбонлар сони 40 минг 534 кишига етган. Яраланганлар сони 93 минг 778 кишига етгани маълум қилинмоқда. Сўнгги сутка ичида Ғазода 4 та қирғин ўтказилган. 58 киши ўлдирилган, 131 киши яраланган.

Дуров гаров эвазига озод қилинди

Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Парижда гаров эвазига озод қилинди. 28 август куни кечқурун Париж суди Телеграм асосчисини ҳибсдан озод қилиш тўғрисида қарор чиқарди, деб хабар бермоқда Париж прокуратураси.

Расмий хабарга кўра, Павел Дуровга нисбатан уюшган жиноятчилик билан боғлиқ бир қатор жиноятларда айблов эълон қилинган.

Прокуратуранинг қайд этишича, Дуров 5 млн евро гаров пули киритиш эвазига суд назорати остида бўлиш шарти билан озод қилинган. Унга Францияни тарк этиш тақиқланган. Ҳафтасига икки марта полицияга келиб, қайддан ўтиб туриши керак бўлади.

Париж прокуратураси пресс релизида айтилишича, 2013 йили яратилган Телеграм мессенжери турли жиноятлар, жумладан болаларга нисбатан шаҳвоний зўравонлик билан боғлиқ жиноий ишларда тилга олинган.

Прокуратурадагиларнинг қайд этишича, Телеграм суд сўровномаларига мутлақо жавоб бермаслиги аниқ бўлганидан сўнг Франция ҳокимияти вазиятга эътибор қаратган ва терго-суриштирув ҳаракатлари бошланган.

Дастлабки суриштирувлар 2024 йилнинг февралида Париж прокуратураси раҳбарлиги остида бошланган, суд суриштируви эса 8 июлдан бошланган.

Париж прокуратураси Телеграм ҳаммуассиси сифатида Павел Дуровнинг акаси — Николай Дуровга ҳам 25 мартда қидирув эълон қилгани маълум бўлди. Ака-укалар Телеграм ёрдамида содир қилинган турли жиноятлар учун шерикчиликда айбланмоқда. Шу вақтгача сояда бўлган математик Николай Дуров Телеграмнинг асосий шифрлаш протоколини ишлаб чиққани айтилмоқда. 

Россиядаги мигрантлар камаймоқда

Россияга меҳнат миграцияси коронавирус пандемияси тугаганидан бир неча йил ўтиб ҳам пандемиядан олдинги даражага қайтмади. Гарчи эпидемияга қарши чекловларнинг бекор қилиниши, кўплаб мутахассисларнинг прогнозларига кўра, Россияда меҳнат миграцияси миқдорини пандемиядан олдинги даражага олиб чиқиши керак эди.

Бу ҳақда Ижтимоий таҳлил ва прогнозлаш институти илмий ходими Юлия Флоринская маълум қилган. Унинг ҳисоб-китоблари Росстат, Ички ишлар вазирлиги ва Федерал хавфсизлик хизмати маълумотларига асосланади.

Умуман олганда, 2022 йилда Россияда хорижий ишчиларнинг ўртача йиллик сони 3,47 миллион кишини ташкил этди, бу пандемиядан олдинги 2018-2019 йиллардаги кўрсаткич — 4-4,5 миллиондан сезиларли даражада паст. 2023 йилда меҳнат мигрантларининг ўртача йиллик сони тахминан бир хил бўлди, бу Россия меҳнат бозоридаги барча ходимларнинг 4,5 фоизини ташкил қилади.

Сўнгги йилларда Россияга меҳнат миграцияси асосан Марказий Осиёнинг учта давлати – Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистондан амалга оширилмоқда. 2023 йилда Россияга кирган меҳнат мигрантлари орасида 87 фоиздан ортиғи ушбу уч давлатдан келган. «Ишлаш» мақсадида миграция бўйича рўйхатга олинганлар сони бўйича статистик маълумотлар ўхшаш — бу ерда ҳам марказий осиёлик мигрантлар улуши ҳам 2022 йилда қарийб 87 фоизни, 2023 йилда эса 85 фоизни ташкил қилган.

Қайд қилинишича, 2024 йилда Россияда меҳнат қилаётган мигрантлар сони бундан ҳам камроқ бўлиши мумкин.

Ғарбга эшик очаётган Эрон

Эрон ядровий қурол бўйича АҚШ билан музокаралар учун «эшикларини очди». Мамлакат олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий душман билан мулоқотнинг «ҳеч қанақа зарари йўқ», деган.

Шу билан бирга, Хоманаий Эрон президенти Масъуд Пизишкиён бошчилигида ўтказиладиган ҳар қандай музокараларнинг аниқ чегарасини белгилаб бериб, Вашингтонга ишониб бўлмаслиги ҳақида огоҳлантирди.

«Бу маълум бир вазиятда душман билан ўзаро мулоқотда бўла олмаслигимизни англатмайди. Бунинг ҳеч қандай зарари йўқ, лекин уларга умид боғламанг», — дейди Эрон олий раҳнамоси.

Associated Press’нинг ёзишича, Хоманаийнинг сўзлари Эрон 2015 йилда ўз ядровий дастурини иқтисодий санкцияларни ечиш эвазига қисқартирган пайтдаги гапларига ўхшамоқда.

2015 йил июлда Эрон АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Хитой ва Россия билан ядровий келишувга эришган эди. Унинг доирасида Теҳрон ядровий дастури чекланиши ва мамлакатга қўлланган санкциялар ечиб ташланиши керак бўлган.

Келишувнинг асосий талабига кўра, Теҳрон уранни 3,67 фоиздан ортиққа бойитмаслиги лозим эди. Бундай урандан энергетика реакторларида фойдаланиш мумкин, бироқ ядровий қуролларни яратишга яроқсиз.

2018 йилда АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Доналд Трамп келишувни «ишончли эмас» дея ундан чиққан. Битимнинг қолган иштирокчилари мазкур қарорни қўллаб-қувватламади. Умуман олганда, Теҳрон ядровий қурол яратиш ниятини рад этиб, дастур фақат тинчлик мақсадига йўналтирилганини таъкидлаб келади.

Афғонистон хавфсиз мамлакат?

«Толибон» Афғонистонни хавфсиз мамлакат деб эълон қилди. 2023 йил апрелидан 2024 йил мартигача Афғонистонда жиноятчилик даражаси 30 фоизга камайган.

Сўнгги 40 йил ичида биринчи марта мамлакат аҳолиси ўз ҳаёти учун қўрқмасдан турли вилоятларга саёҳат қилиши мумкин, дея хабар қилган Афғонистон Ички ишлар вазирлиги.

«Толибон» Ички ишлар вазирлигининг қайд қилишича, полициянинг маҳорати сезиларли даражада ошди ва уларнинг сони ортди. Қолаверса, қўшни давлатлар Афғонистондан келаётган таҳдидлар ҳақида далиллар келтирмаяпти, шу боисдан мамлакат бу борада хавфсиз.

Департаментнинг таъкидлашича, унинг ҳудудида ИШИД тузилмалари бутунлай йўқ қилинган, террорчилик гуруҳи фаолиятига барҳам берилган.

Бундан ташқари, хавфсизлик кучлари наркотик савдогарларига қарши курашмоқда. Кўкнори экилган майдонлар йўқ қилиниб, гиёҳвандлар даволанишга жўнатилмоқда, ноқонуний гиёҳванд моддаларни сотган ҳолда қўлга олинганлар жавобгарликка тортиляпти.

Мавзуга оид