Жаҳон | 15:36 / 29.08.2024
6966
3 дақиқада ўқилади

ISW: Россия Покровск яқинида катта тактик муваффақиятларга эришди

Урушни ўрганиш институти маълумотларига кўра, рус қўшинлари Новогродовкадаги темирйўл линияси бўйлаб Покровск томон олдинга силжишга ҳаракат қилмоқда.

Фото: Thomas Peter / Reuters

Россия қуролли кучлари Донбассдаги Покровск йўналишида «катта тактик муваффақиятларга эришди». Бу ҳақда Америка урушни ўрганиш институти (ISW) 27 август кунги ҳисоботида маълум қилди.

Мутахассисларнинг фикрига кўра, Украина қўшинлари «Покровск жануби-шарқидаги маълум ҳудудлардан» чекинган. 

Украина матбуоти маълумотларига кўра, 27 августдаги геолокация тасвирлари Россия кучлари икки километрдан кўпроқ олдинга ўтганини тасдиқлайди. Дастлабки маълумотларга кўра, улар Покровск жануби-шарқидаги Новогродовкани эгаллаган бўлиши мумкин.

«Афтидан, рус қўшинлари биринчи навбатда Новогродовкадаги темирйўл линияси бўйлаб Покровск томон олдинга силжишга интилмоқда ва посёлканинг бутун шаҳар ҳудуди бўйлаб жанг қилмоқчи эмас», дея маълум қилди ISW. 

«Россиянинг ёзги ҳужумидан мақсад - ҳеч бўлмаганда Покровскни эгаллаш» 

Украина қуролли кучларининг Курск вилоятидаги ҳужумига қарамай, Москва Покровск йўналишидан қўшинларини олиб чиқишга шошилмаяпти, деб ёзади The New York Times. 

«Россиянинг ёзги ҳужумидан мақсад - ҳеч бўлмаганда Покровскни қўлга киритиш», деди Венадаги Ҳарбий академия эксперти, полковник Маркус Райснер. Унинг сўзларига кўра, Покровск томон силжишлар фонида, «қандайдир қайта жойлаштириш муносабати билан Россия динамикаси заифлашуви қайд этилмаган». 

Ўтган ҳафтада Покровск туманида болалар ва уларнинг ота-оналари мажбурий эвакуацияси эълон қилинди.

Зеленский Сирский билан вазиятни муҳокама қилди 

Украина президенти Володимир Зеленский Покровск йўналишини Россия қўшинларининг «шиддатли» ҳаракатлари туфайли Украина кучлари учун энг қийин деб атади. Украина етакчиси Украина қуролли кучлари бош қўмондони Александр Сирский билан вазиятни муҳокама қилди. 

Украинанинг Донецк вилоятидаги Торецк, Времевка ва Курахово йўналишларидаги вазиятга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. «Позицияларимизни мустаҳкамлаш бўйича қарорлар қабул қилинди», деди Зеленский. 

Покровск (собиқ Красноармейск) - Донецк вилояти ғарбий чеккасида жойлашган туман маркази, Россия ҳужумидан олдин аҳолиси 60 мингга яқин эди. 

Мутахассис: Ҳужум асосий мақсади - Покровск шарқидаги террикон 

«Цензор.нет» нашри бош муҳаррири Юрий Бутусовнинг фикрича, «ҳужум асосий мақсади - Покровск шарқий чеккасида жойлашган террикон». Агар рус ҳарбийлари уни қўлга олишга ва у ерда учувчисиз учоқлар учун антенналарни ўрнатишга муваффақ бўлса, бу «Покровск ва Селидоводаги барча логистикани назорат қилиш» имконини беради, шундан кейин шаҳар жанглари «вақт масаласи» бўлади, деб ҳисоблайди Бутусов. 

Мавзуга оид