Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, хиёбондаги рамзий қабр ёнида ҳам Қуръон тиловат қилингач тарихий ҳақиқатни тиклаш, ёшларни шу руҳда тарбиялаш ҳақида мулоқот бўлди.

«Мустақиллик байрами арафасида, бугунги тинчлик, эркинлик шароитида қаҳрамон боболаримизнинг пок номларини эслаш, табаррук хотираларига эҳтиром кўрсатиш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Шу боис дунёдан ўтган ватандошларимизнинг ҳам қадрини тиклаяпмиз. «Инсон – азиз, хотира – муқаддас» деган эзгу шиор ҳаётимиздан мустаҳкам жой оляпти. Табаррук ёдгорлик мажмуалари бунёд этяпмиз. Маърифатпарвар боболаримиз ҳақида бадиий ва илмий асарлар, кинофильмлар яратилмоқда. «Хотира» китоблари тайёрланмоқда. Халқаро конференциялар ўтказилмоқда. Мана, сўнгги уч йил ичида 1 минг 200 дан зиёд сиёсий қатағон қурбонларининг номини оқладик. Бу нимани англатади? Бу – адолат синмаслигини, ҳақиқат барибир тантана қилишини англатади», — деган Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари эндиликда ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасини Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонлашини билдирди.

«Шу пайтгача қатағон қурбонларининг тўлиқ рўйхати шакллантирилмаган эди. Ҳолбуки, бу рўйхатдаги ҳар бир рақам ортида инсон тақдири бор. Шаҳид кетган, қатағон қилинган ҳар бир юртдошимизнинг ҳаёти – қаҳрамонлик. Шу боис биз қарорда қатағон қурбонларини номма-ном аниқлаш, уларнинг ибратли ҳаётини ўрганиш ва тадқиқ этиш масаласига алоҳида эътибор қаратдик. Тарихий ҳақиқатни тиклаш мақсадида уларнинг табаррук номларини кўп жилдлик «Қатағон қурбонлари» китобига ҳамда мана шу мажмуада барпо этиладиган рамзий китоб саҳифаларига ёзиб қўямиз. Афсуски, чет давлатларда, ҳатто ўзимиздаги архивларда бу масалага оид барча маълумотларни ҳам тўлиқ ўрганганимиз йўқ. Шу сабабли, бу борада илмий экспедициялар ташкил этиш белгиланди. Энди ҳар йили октябрь ойининг биринчи ҳафтасини мамлакатимизда Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги сифатида нишонлаймиз.

Нима учун бу вақт танланди? Чунки 1938 йил 4-16-октябрь кунлари 507 нафар ўзбекистонлик сиёсий маҳбус устидан ҳукм ўқилган. Энг етакчи шахслар қатл этилган. Улар орасида Фитрат, Чўлпон, Абдулла Қодирий, Худойберган Девонов каби етук зиёлиларимиз, Германияда ўқиб келган илғор мутахассислар, таниқли давлат ва жамоат арбоблари бўлган. Энг даҳшатли томони – улар 4 октябрда қатл этилган, ҳукм 5-октябрда чиқарилган. Бу сана халқимиз тарихидаги энг қайғули кунлардан биридир. Шунинг учун бу ҳафталикни катта тайёргарлик билан, бирдамликда ўтказишимиз керак