Ўзбекистон | 21:10 / 04.09.2024
3626
5 дақиқада ўқилади

4 сентябрнинг асосий янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар

Мактабларда бошланган янги ўқув йили, пулли йўллар қурилишининг бошланиш санаси, электр, газ ва сув таъминотини хусусий қўлларга топширишнинг якуний санаси ва тадбиркорлар учун янги унвон — кун давомида Kun.uz’да ёритилган Ўзбекистон янгиликлари билан таништирамиз.

Ўзбекистон мактабларида ўқиш бошланди

Ўзбекистон мактабларида 4 сентябрдан дарслар бошланди. Мактаб ва мактабгача таълим вазирлигининг маълум қилишича, бу йид 700 мингдан зиёд бола биринчи синфга чиққан.

Қайд этиб ўтиш жоизки, 400 мингдан ортиқ ўқувчилар сиғимига эга замонавий таълим муассасалари ҳамда 300 мингдан ортиқ тарбияланувчилар сиғимига эга мактабгача таълим муассасаларини ташкил қилиш мақсадида 2026 йилдан бошлаб давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида ҳар йили камида 100 та мактаб ва 100 та мактабгача таълим муассасаларини қуриш ва бошқаришни ташкил этиш «Ўзбекистон Республикасида 2024–2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида белгилаб қўйилди.

Қашқадарё вилояти Нишон туманида солиқ ходимлари “Биринчи қўнғироқ” кунида бошланғич синф ўқувчиларига мол-мулк ва ер солиқлари ҳақида эслатма-хат тарқатиб, уни ота-оналарига етказишларини сўраган. Ходим болаларга солиқни қачон ва қандай тўлаш кераклигини тушунтириб, Конституциядан иқтибос келтирган.

Солиқ қўмитаси ҳолатни қоралаб, текширув бошланганини билдирди. Болалар омбудсмани масъулларни жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда.

Пулли йўллар қурилиши санаси белгиланди

«Тошкент–Самарқанд» ва «Тошкент–Андижон» пулли йўлини қуриш ишлари қачон бошланиши «Ўзбекистон Республикасида 2024–2030 йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарорида белгиланган.

Қарорга кўра, йирик шаҳарлар ўртасида қулай ва тезкор автомобил қатнови учун қўшимча шароитлар яратиш мақсадида камида 1000 км замонавий пулли магистрал автомобил йўлларини қуриш ва модернизация қилиш, шу жумладан Тошкент–Самарқанд йўлини қуриш ишларини 2024 йилда ҳамда Тошкент–Андижон йўлини қуриш ишларини 2026 йилда бошлаш белгилаб қўйилган;

Электр, газ ва сув таъминоти — хусусий қўлларга

Президентнинг юқорида айтилган қарорига кўра, электр ва газ таъминоти, тоза ва доимий ичимлик суви билан таъминлаш ҳамда марказлашган оқова сув таъминотининг хусусий қўлларга ўтказишнинг сўнгги мудати белгиланди.

Қарорга кўра, аввал йиллик энергия йўқотишларини камида икки баравар пасайтириб, барча ҳудудларда электр тақсимлаш тармоқларини 2027 йил 1 июлга қадар, табиий газ тақсимлаш тармоқларини эса 2027 йил якунига қадар хусусий операторларга топширишни назарда тутувчи шартномалар имзолаш белгиланди.

Йилига қўшимча 30 фоизгача электр энергиясини тежаш мақсадида 2028 йилга қадар барча маънан эскирган ирригация насос станцияларини модернизация қилиш бўйича келишувларга эришиш;

Тоза ва доимий ичимлик сув билан таъминлаш қамровини 87 фоизга, марказлашган оқова сув таъминоти қамров даражасини 30 фоизгача ошириб, 2028 йил якунига қадар ҳар бир ҳудудда ичимлик ва оқова сув тармоқларини модернизация қилиш ва бошқарувга бериш учун хусусий компанияларни жалб қилиш ҳам белгиланган.

Тадбиркорларга енгиллик

2024 йил 1 ноябргача тадбиркорларга электр ва газ учун тўловни олдиндан амалга оширишда қулайлик яратиш, истеъмол миқдорига нисбатан лимитларни ошириш ва ундан ортишига йўл қўйилган тақдирда ортиқ истеъмол қилинган электр ҳамда газ учун қўшимча тўловни камида 10 бараварга камайтириш чоралари кўрилади.

Бу “Ўзбекистон президентининг тадбиркорлар билан тўртинчи очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ўз аксини топган.

Шунингдек, 2024 йил 1 ноябрдан президент қарорига асосан амалга оширилаётган “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури доирасида кичик тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган 100 миллион сўмлик микрокредитни қайта молиялаштириш ёки улар бўйича кафилликлар тақдим этиш тартибини сақлаб қолган ҳолда 300 миллион сўмгача оширишга рухсат этилди.

Тадбиркорлар учун унвон

Янги қонун билан «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тадбиркор» фахрий унвони таъсис этилди.

Фахрий унвон бизнеснинг янги, юқори даромадли йўналишларини йўлга қўйган, соҳага инновацияларни кенг жорий қилиш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни фаол жалб қилиш, янги иш ўринларини яратиш орқали мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда аҳоли фаровонлигини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган, шунингдек, ўз фаолияти давомида давлат органлари билан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириб, ижтимоий лойиҳалардаги фаоллиги билан бошқаларга намуна бўлаётган, бизнес юритишда катта тажрибага эга, илғор ва ташаббускор тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари ва таъсисчиларига берилади.

Мавзуга оид