БМТнинг Тараққиёт дастури дунёнинг 170 мамлакатида ўз фаолиятини йўлга қўйган. Ўзбекистонда ҳам аҳолини яшил энергиядан фойдаланиш, энерготежамкор уйлар яратиш, бунга кетадиган сарфни максимал қисқартириш юзасидан кўникмаларини ошириш дастурнинг асосий мақсади саналади. Дастур ва унда кўзда тутилган миссия юзасидан ташкилот мутасаддилари маълумот берди.
БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фуджи дастур доирасида олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирди:
“БМТ Тараққиёт Дастури Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг энг йирик тараққиёт агентликларидан бири бўлиб, дунё бўйлаб 170 та мамлакатда ўз офисига эга. Ўзбекистондаги офисимиз ҳам улардан биридир. БМТ Тараққиёт Дастурининг миссияси камбағалликни бартараф этишдан иборат. Бугунги кунда Ўзбекистондаги ваколатхона 40 дан ортиқ лойиҳалар билан ишлайди.
Бу лойиҳалар Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида амалга оширилмоқда ва бу бизнинг мамлакатдаги энг кам таъминланган аҳоли қисмига ёрдам беришга интилишимизни кўрсатади. Биласизми, биз ҳукумат ва халқни барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда қўллаб-қувватлаш давомида доимо ҳеч кимни назардан четда қолдирмасликка ҳаракат қиламиз.
Ўзбекистонда амалга оширган бир қатор муваффақиятли дастурларимиз бор. Улардан энг каттаси “Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2030 йилгача бўлган Барқарор Ривожланиш Мақсадлари”га мос келадиган ислоҳот дастурларининг ҳукумат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига эришганимиздир. Масалан, 16-мақсад, яъни кучли институтлар ва бошқарувни оладиган бўлсак, бу соҳада Ўзбекистонда давлат хизматларини рақамлаштиришга ёрдам бердик.
Аниқроқ мисоллар билан айтадиган бўлсам, эндиликда яқинда фарзандли бўлган аёл қўлида боласи билан турли навбатларда туриши шарт эмас. Давлат хизматлари марказлари уларга 6 та хизматни бир жойда кўрсатади, бу хизматлар, шунингдек онлайн тарзда ҳам амалга оширилади ва бир миллиондан ортиқ одамни қамраб олади. Шунингдек, биз тўрт миллионга яқин нафақахўрларга ҳам шу каби қулайликларни яратадиган рақамли хизматлардан фойдаланишни йўлга қўйиш устида ишлаяпмиз.
Бизда ҳукуматнинг камбағалликни камайтиришдаги ислоҳотларини қўллаб-қувватлайдиган дастурлар мавжуд. Асосий умумий мақсадимиз — камбағалликни камайтириш. Айни шу мақсадда Ўзбекистон ҳукуматига жорий йилнинг март ойида биринчи кўп ўлчамли камбағаллик индексини нашр этишда ёрдам бердик. Бу амалиёт жуда инновацион бўлиб, камбағаллик фақат даромад билан боғлиқ эмаслиги ва у кўп ўлчамлилигини англашга ёрдам беради. Таъкидлаш жоиз, одамлар камбағалликнинг турли кўринишларини бошдан кечирмоқда, жумладан, таълим олиш, соғлиқни сақлаш, сувдан фойдаланиш ва санитария билан боғлиқ соҳаларда муаммолар етарлича.













