Жаҳон | 13:46 / 06.09.2024
6691
10 дақиқада ўқилади

Жениндаги вайронгарчиликлар, музокара ҳақида гап очган Путин ва алоқага чиққан Дуров — кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

Фаластиндаги вазият

Ғазодаги қонга тўймаётган Исроил Ғарбий соҳилдаги Женин шаҳрини ҳам вайроналарга айлантирмоқда.

2002 йилдан буён энг йириги деб аталаётган ҳарбий операцияси давомида Исроил армияси Женин шаҳрини йўқ қилишга киришганга ўхшаяпти.

Асосий йўллар бузиб ташланган. Шаҳар инфратузилмасининг 70 фоизи вайронага айлантирилган, қаршилик қилган ўнлаб фаластинликлар ўлдирилган, минглаб одамлар бошпанасиз қолган.

Женин мэри босқинчиликнинг биринчи ҳафтасида етказилган зарарни 135,2 млн долларга баҳолаган ва вайронгарчиликларни «зилзила»га қиёслаган.

Исроилнинг зирҳли танк қўшинлари авиация қўлловида ўз ҳужумларини давом эттирмоқда ва шаҳарга тикланиш имкониятини қолдирмаяпти.

Яқин-яқингача гавжум шаҳар бўлган Женин энди хаос, қон ва чанг-тўзонга бурканган бир шаҳарга айланиб қолди.

Ғарбий соҳилда Исроил армиясининг Тубас шаҳрида юриб бораётган машинага зарба бериши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди.

Исроил армияси Ғазода ҳам хунрезликларни давом эттирмоқда. Яҳудийлар Ғазо секторининг марказий қисмида жойлашган Дайр-ул-Балаҳ шаҳридаги «Ал-Ақсо шаҳидлари» касалхонаси ҳудудидаги мажбуран кўчирилган фаластинликларнинг чодирларига ҳужум уюштирган. Камида 4 киши ҳалок бўлгани, кўплаб инсонлар яралангани хабар қилинмоқда.

Ғазода геноциднинг 335-кунига келиб ўлдирилганлар сони 40 минг 878 кишига етди. Ярадорлар эса 94 минг 454 нафар. Сўнгги сутка ичида 17 киши қурбон бўлди, 56 киши яраланди.

Исроилдаги вазият

Токи Нетаняҳу ҳукумати мавжуд бўлиб турар экан, уруш давом этаверади, деган Исроилнинг мухолифатдаги «Йеш Атид» партияси етакчиси Яир Лапид ўз партияси аъзоларига.

«Нетаняҳу Филаделфия йўлаги ҳақида шу қадар кўп гапирдики, гарчи у уч мартоаба такрорлаган бўлса-да, кўпчилик яна бир нарсани эътибордан қочирди. У «уруш тугамаслиги керак», деб қайта-қайта такрорлади», — деган Лапид.

«Нетаняҳу ва унинг вазирлар маҳкамаси гапираётган гаплар биз 1978-2000 йиллардаги Ливан урушининг янги версиясида эканимизни кўрсатади. Бизга Ливанни тарк этишимиз учун 18 йил керак бўлди, энди эса улар бизга худди шу нарсани таклиф этмоқда: йилларга чўзиладиган уруш, йиллаб давом этадиган иқтисодий таназзул, йилларга чўзиладиган вайронгарчиликлар, қўрқув ва зулм. Бизга ҳукумат таклиф этаётган нарса шу: давомли ва туганмас уруш. Охири йўқ ва бўлмайдиган абадий уруш», — деган Яар Лапид.

«Урушнинг тугаши Исроил манфаатларига жавоб беради, биз иқтисодий ва сиёсий томондан ютамиз», — дея давом этган у. «Бизнинг олдимизда катта вазифалар турибди. Саудия Арабистони ва АҚШ билан бирга Эрон таҳдидига қарши минтақавий коалиция яратиш. Иқтисодиётни токи у тубга қуламасдан керакли ирмоққа буриш керак. Армияни эса биз дуч келадиган ҳақиқий таҳдидгача тиклашга улгуришимиз керак», — деган Лапид.

Исроил мухолифати етакчиси сиёсат, иқтисодиёт ва дипломатия масалаларида мамлакат ҳукуматининг нўноқлигига ишора қилган: «Ҳозирги ҳукумат бу ишларни эплай олмаяпти. Мана, уларга уруш нима учун керак. Чунки уруш уларни ҳақиқий чақирувларга қарши курашиш заруриятидан халос этади. Ҳукуматни алмаштириб, урушни якунлаш фурсати етди».

Яир Лапид Исроил миллий хавфсизлик вазири Итамар бен Гвирни террор тарафдори деб ҳам атаган.

«Мен террор тарафдорларининг қўлини ҳам сиқмайман», — деган Лапид.

Путин музокара ҳақида

Россия президенти Владимир Путин мамлакат 2022 йилда Украина билан Истанбул битими асосида музокаралар ўтказишга тайёрлигини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ушбу келишувлар аввалига Украина томонини ҳам қаноатлантирган, бироқ мамлакат ҳукумати Ғарб кўрсатмаси сабаб лойиҳадан воз кечишга қарор қилган.

«Биз улар билан музокаралар ўтказишга тайёрмизми? Биз бундан ҳеч қачон бош тортмаганмиз. Аммо қандайдир вақтинчалик талаблар эмас, балки Истанбулда келишилган ҳужжатлар асосида музокара ўтказилиши керак», — дейди Россия президенти Владивостокда ўтказилган Шарқий иқтисодий форум ялпи мажлисида.

Путиннинг сўзларига кўра, 2022 йил март ойида ташкил этилган Истанбулдаги музокараларда Россия ва Украина делегациялари «тинчлик битимининг деярли барча параметрларини» келишиб олишга муваффақ бўлган.

«Ҳа, ҳали баъзи нарсалар қайта бойитилиши керак эди, лекин умуман олганда унда виза турибди, бу ахир ҳужжат-ку. Кейин (Буюк Британиянинг собиқ бош вазири Борис) Жонсон келди, Британия ҳукумати буни тасдиқлайди ва украинларга охирига қадар жанг қилиш бўйича кўрсатма берди. Бугун Россиянинг стратегик мағлубиятига эришиш мақсадида шу нарсалар содир бўлмоқда», — дея қўшимча қилган Путин.

Истанбул келишувлари Украинанинг НАТОга аъзо бўлиш ва ядровий қурол яратишдан бош тортишини ўз ичига олади. Ўз навбатида, Киев «НАТОнинг бешинчи моддасига ўхшаш» халқаро хавфсизлик кафолатларини олишни мақсад қилганди. Россия ва Украина делегациялари ўртасидаги музокаралар 2022 йилнинг май ойида тўхтаб қолган.

Қирғизистондаги огоҳлантириш

Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонаси мамлакат фуқароларини Россия Федерациясига келишдан тийилиб туриш тўғрисида огоҳлантириш эълон қилди. Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, Россия ҳудудида давлат чегарасида кучайтирилган хавфсизлик чоралари амал қилишда давом этмоқда.

Шу муносабат билан Россияга келиш учун жўяли сабаблари бўлмаган фуқаролардан токи чекловлар олиб ташланмагунга қадар Россияга сафардан вақтинчалик тийилиб туриш тавсия этилди.

Аввалроқ Қирғизистон вазирлар маҳкамаси раҳбари ўринбосари Эдил Байсалов Россия Давлат думасига киритилган қонун лойиҳаси ҳақида ҳам ўз фикрини билдирган эди. Россияда бир қатор депутатлар мигрантларга мактаб ва мактабгача таълим, медицина ва фармацевтика соҳаларида, шунингдек, йўловчи ташиш, курер етказиб бериш ва ўртачадан юқори даромад келтириши мумкин бўлган ва Россия фуқароларининг ўзларига ҳам керакли бўлган бошқа касблар билан шуғулланишни тақиқлашни таклиф қилишган.

«Биз Россия давлат думасида муҳокама қилинаётган ўзгаришлар Қирғиз Республикаси фуқароларига тааллуқли бўлмайди, деб умид қиламиз. Евросиё иқтисодий иттифоқининг асосий принципларига кўра, бизнинг фуқароларимиз меҳнат бозорига кириш учун эркин ва тенг ҳуқуқли ҳисобланади», — деб ёзган Байсалов X ижтимоий тармоғида.

«Агар бизнинг фуқароларимиз учинчи давлатлардан келган мигрантларга тенглаштирилса, бизнинг Евросиё иқтисодий иттифоқидаги иштирокимиз маънига эгалигини асослашимиз қийин бўлади», — деган Байсалов.

«Толибон» кечирилдими?

Қирғизистон Бош прокуратураси мамлакат ҳудудида судлар томонидан фаолияти тақиқланган террорчилик ташкилотлари рўйхатини эълон қилди. Ҳужжатда келтирилган 20 та ташкилот орасида «Толибон» йўқ.

Первомайск туман судининг 2006 йил сентябрдаги қарори билан «Толибон» Қирғизистонда террорчилик ҳаракати сифатида тан олинган эди.

«Афғонистонда юз берган сўнгги ўзгаришлар сабаб балки «Толибон» рўйхатдан чиқарилган бўлиши мумкин», — дейди Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раҳбари ўринбосари Азамат Юсупов.

Қирғизистон Дин ишлари бўйича давлат комиссияси раиси бошқа бир ўринбосарининг қўшимча қилишича, Қозоғистонда ҳам «Толибон» террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқарилган. Унинг сўзларига кўра, КХШТ давлатлари ҳам ушбу масалани муҳокама қилмоқда.

Қирғизистон судлари томонидан тақиқланган ташкилотлар қаторида «Ал-Қоида», Шарқий Туркистон ислом ҳаракати, Курд халқ конгресси, «Ҳизбут-Таҳрир» ҳаракати ҳам бор.

Дуров алоқага чиқди

Парижда қарийб уй қамоғига ҳукм қилинган Telegram асосчиси Павел Дуров ҳибсдан сўнг мессенжеридаги ўз каналида илк баёнотини берган.

Унинг маълум қилишича, август ойининг охирида у Парижга келгач, полиция уни ушлаб 4 кун давомида сўроқ қилган. Telegram мессенжери асосчиси бундан таажжубланганини билдирган, чунки компаниянинг Европа Иттифоқида аллақачон барча сўровларга жавоб берувчи расмий вакили бор.

Бундан ташқари, Франция фуқароси ҳисобланувчи Дуров Бирлашган Араб Амирликларидаги Франция элчихонасига тез-тез бориб турганини, бироқ шу вақгача француз ҳокимияти бу борада унга саволлар бермаганини таъкидлаб ўтган.

Дуров Telegram кўплаб давлатлар билан ҳамкорлик қилишга тайёр эканини, бироқ ўз принципларидан воз кечмаслигини ҳам билдириб ўтган.

У мисоллар келтирган. Россия кузатув олиб бориш учун мессенжердан «шифрлаш калитлари»ни талаб қилган, бироқ бу талаб рад этилгач Россияда мессежер вақтинчалик блоклаб қўйилган; Эрон намойишчиларнинг каналларини блоклашни талаб қилган, бу талаб ҳам рад этилгач, Эронда Telegram тақиқланган.

Мессенжер асосчиси Telegram «анархия жаннати» экани тўғрисидаги таъкидлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини ҳам айтиб ўтган.

У ҳар куни миллионлаб зарарли постлар ва каналлар ўчирилаётганини таъкидлаган. Бундан ташқари, Telegramʼда шаффофлик бўйича кунлик ҳисобот юритилиши, модерация бўйича тезкор сўровларни қайта ишлаш бўйича ноҳукумат ташкилотлар билан тўғридан тўғри қайноқ линиялар ўрнатилганини айтиб ўтган.

Мавзуга оид